Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро, 70).
Маълумотларга кўра, дунёда ҳар йили 2 млн. 700 минг нафарга яқин киши одам савдоси қурбонига айланмоқда. Аллоҳ таоло яратган махлуқотлар ичида мукаррами ва улуғи бўлган инсонни айрим шайтон қулига айланган кимсалар тап тортмай буюм сингари сотмоқда, аёвсиз ишлатмоқда, хорламоқда. Баъзан ёвузларча ўлдириб юборишяпти. Алдов йўли билан катта ваъдаларни бериб чет давлатларга олиб кетилган аёллар қисмати... Норасида болалар ва ёшлар тақдири... Бундай аянчли ҳолатлар қалбимизни яралаши табиий.
Одам савдосига қарши курашиш бўйича юртимизда адлия ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари доим ҳуқуқий тарғибот-тушунтириш ишларини олиб бормоқда. Одам савдоси нафақат бир мамлакат, балки дунё миқёсида ҳал қилинадиган долзарб муаммо. Уни бартараф этиш учун ҳамжиҳат бўлайлик. Акамиз ёки укамиз, қариндошимиз ёки қўшнимиз, опамиз ёки синглимиз алдовлар, қуруқ ваъдалар қурбонига айланмасин. Ҳар вақт огоҳ бўлайлик.
Шарофиддин МУСАБОЕВ,
Андижон шаҳридаги
«Абу Ҳурайра» жомеи имом-хатиби
ЎМИ Матбуот хизмати
Савол: Бировнинг телефони ва ундаги маълумотларни рухсатсиз кўриш мумкинми? Чунки баъзан автобус, метро каби оммавий транспорт воситаларида айрим шахсларнинг шундай ишлар қилаётганига гувоҳ бўлиб қоламиз?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Йўқ, бировнинг телефонидан унинг рухсатисиз фойдаланиш ёки ундаги маълумотларни ўқиш шаръан тўғри эмас. Бу бировнинг уйига рухсатсиз мўралаш, хатига рухсатсиз қараш кабидир. Зеро, бу ишлар Қуръон ва ҳадисларда ман этилган.
Аммо агар мураббий (ота, устоз ва ҳоказо) қўл остида тарбияланаётган шахснинг тўғри йўлдан оғишидан шубҳа қилса, у ҳолда тарбия мақсадида ўз қўл остидаги шахснинг телефонини текширишига рухсат берилади. Балки улар вақти-вақти билан болалар ва уларга тегишли нарсаларни назорат қилиб туришлари керак, токи улар тўғри йўлдан оғмасинлар. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази