Ҳозир Америкада уч юз минг нафарга яқин ўзбек яшайди. Дастлаб, ўтган асрнинг 60–70-йиллари ўн мингга яқин ўзбек оилалари бу ўлкада қўним топишди. Бир неча минг нафар ўзбеклар 80-йилларда Туркия ва Афғонистон орқали ўтишган. Ўзбекистон мустақиллигидан кейин ҳар йили салкам икки минг фуқаро АҚШ ҳукумати тақдим этаётган «Яшил чипта» соҳибига айланяпти.
Инглиз тилини яхши ўзлаштирган ва ўқишни давом эттириш учун келган ёшлар юқори малакали мутахассис бўлиб, Ватанга қайтиб, танлаган соҳаларида ишни давом эттириш учун аниқ мақсад сари интилишяпти.
Бугун улар фақат ишчи эмас, балки тадбиркор, ўқитувчи, профессор, адвокат, учувчи ва ҳатто ҳуқуқшунос бўлиб давлат ташкилотларида ишлашяпти. Давлат мутахассислари кузатувларига кўра, Америкада турмуш кечираётган миллатлар орасида ўзбеклар ўзининг қонунга итоатлилиги, меҳнатсеварлиги, инсонпарварлиги ва меҳмондўстлиги билан алоҳида ажралиб тураркан.
Ватандошларимиз нафақат АҚШ жамиятининг бир қисми, балки ўзбек миллий маданияти, қадриятлари ва урф-одатларининг муҳим бўғини сифатида ҳам мазмунли ҳаёт кечиришмоқда. Бунда, албатта, миллатимиз, халқимиз равнақи, маданиятимиз тарғиботига бағишлаб ўтказилаётган турли тадбирларнинг аҳамияти катта. Ҳар йили Ўзбекистоннинг Америкадаги элчихонаси юртимиз мустақиллиги, Наврўз ва ҳайит байрамларига бағишлаб ватандошларни тадбирга таклиф қилади ва шодиёналар кенг нишонланади.
Юртдошларимиз ташкил этган «Туркистон-Америка» уюшмаси ва «Ўзбек Америка» жамияти у ердаги ўзбекларни бирлаштириб туради. Ватандошларимиз Пенсилвания, Филаделфия, Техас, Чикаго ва янада узоқ штатларда умргузаронлик қилмасинлар, уларнинг ҳолидан хабар олиб туришади. Жамият миллий қадриятларимизни сақлаб қолиш ва ёшларни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш мақсадида турли анжуманлар ўтказади. Уларга ош, ҳалим ва сумалак каби миллий таомлар тортиқ қилинади. Бундан ташқари, уюшма ўн йилдан бери мунтазам Рамазон ойида Ўзбекистондан мураттаб қориларни таклиф қиляпти. Қориларимиз у ердаги жоме масжидларида хатмга ўтиб, маърузалар қилишади ва уларнинг саволларига жавоб беришади.
Америкада бир гуруҳ ўзбекистонлик ташаббускор ёшлар етакчи мутахассислар билан ҳамкорликда инглиз тилида «The Uzbek Times» журнали ва ўзбек тилида «Ватандош» газетасини чоп этишяпти. Журнал ва газета, аввало, буюк аждодларимиз ҳаёти ва ижоди, ўзбек миллий анъаналари, ватандошларимиз ютуқ ва муаммолари, турмуш тарзи ҳақида маълумот беради. Газета ойда, журнал эса ҳар фаслда бир марта чоп этилади.
Америкалик ўзбекларнинг ҳам орзуси киндик қони тўкилган она юртга қайтишдир. Албатта, кўчада миллатдошини кўриб, Ватанни эслаганида, она заминнинг муқаддас тупроғи қай даражада ўзига тортишини фақат ҳижронда яшаётган одамгина ҳис этиши мумкин.
Азизхон ҲАКИМОВ
тайёрлади.
Саудия Арабистонининг туризм ва саёҳатларга ихтисослашган “Arab Tourist” электрон нашрида “Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган ва Буюк ипак йўли билан боғланган мамлакат” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақолада Буюк ипак йўли тарихида ўзбек шаҳарларининг тутган ўрни алоҳида эътироф этилади. Хусусан, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарлар асрлар давомида Шарқ ва Ғарб ўртасидаги савдо, фан ва маданият марказлари сифатида хизмат қилгани таъкидланади. Регистон майдони, Ичан-қалъа ва Бухородаги меъморий обидалар ислом цивилизацияси ҳамда жаҳон маданий меросининг бебаҳо дурдоналари сифатида тилга олинади.
Бундан ташқари, нашр Ўзбекистоннинг ранг-баранг табиати ва географик рельефига тўхталиб ўтган. Қизилқум чўли, серҳосил Фарғона водийси, Тянь-Шань ва Помир-Олой тоғ тизмалари аҳоли жойлашуви ва қишлоқ хўжалиги ривожида муҳим ўрин тутиши қайд этилади.
Нашр, шунингдек, Буюк Мирзо Улуғбек каби донишмандларнинг астрономия ва математика соҳасидаги буюк кашфиётларини алоҳида эътироф этган.
Хулосада таъкидланганидек, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Наманган ва Андижон каби шаҳарлар бугунги кунда нафақат маъмурий ва иқтисодий, балки жадал ривожланаётган йирик маданий-туристик марказлар сифатида дунё сайёҳлари эътиборини ўзига жалб этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати