«Яна шундайлари ҳам борки, улар: «Эй Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин», – дейдилар» (Бақара, 201).
*****
«Жолут ва унинг лашкарлари билан тўқнашганларида: «Эй Раббимиз! Бизга сабр (ва тоқат ёмғири)ни ёғдир, қадамларимизни собит қил ва кофирлар қавми устидан бизга ғалаба ато эт!» – дедилар» (Бақара, 250).
*****
«Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди. Унинг касб этгани (яхшилиги) – ўзига ва орттиргани (ёмонлиги) ҳам ўзигадир. (Яна дедиларки:) «Эй Раббимиз, агар унутсак ёки хато қилсак, бизни жавобгар этма! Эй Раббимиз, биздан илгари ўтганларнинг зиммасига ортган машаққатни бизнинг зиммамизга ортма! Эй Раббимиз, тоқатимиз етмайдиган нарсани бизга юклаб ташлама! Бизларни афв эт ва кечир ҳамда бизларга раҳм қил! Сен бизнинг Хожамизсан. Бас, бизларга кофирлар қавми устидан ғолиблик ато эт!» (Бақара, 286).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Наманган вилояти Уйчи туманидаги "Девонабобо" жоме масжиди имом-хатиби Абдуфаттоҳ домла Мусахановнинг волидаи меҳрибонларининг вафоти муносабати билан у кишининг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳума онахонни Ўз мағфиратига олсин, иймонлари ва солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Ҳақ таоло марҳума онахоннинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, Уламолар кенгаши аъзолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳума онахоннинг яқинларига, хусусан, Абдуфаттоҳ домла Мусахановга ҳамдардлик билдиради.
Жаноза бугун, 14 июль куни шом намозидан сўнг Уйчи туманидаги "Машҳад мозор" жоме масжидида ўқилади.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз”, деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси