Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Июл, 2025   |   19 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:21
Қуёш
05:02
Пешин
12:34
Аср
17:40
Шом
19:59
Хуфтон
21:33
Bismillah
14 Июл, 2025, 19 Муҳаррам, 1447

Аёлнинг ота-онаси куёвининг уйига қанча муддатда меҳмонга келиши мумкин?

08.03.2018   5411   3 min.
Аёлнинг ота-онаси куёвининг уйига қанча муддатда меҳмонга келиши мумкин?

Islam-Today сайтига қуйидагича савол йўлланган: “Мен рафиқам билан алоҳида яшайман. Бироқ унинг ота-онаси бизникига жуда кўп келади. Менинг қайнонам билан алоқаларим яхши эмас. Шу сабабли уларнинг ҳар бир ташрифи келишмовчиликларга сабаб бўлади. Сўрамоқчи бўлганим, улар уйимизга қай даражада тез-тез келиши мумкин ва қанча муддат бизникида қолиши ўринли?”

Жавоб: Фиқҳга кўра, эркакнинг ҳам, аёлнинг ҳам ота-онаси ҳурматга лойиқ. Буни биздан исломий тарбия талаб қилади. Ўз навбатида ҳеч қандай мажбурият чегарасиз эмас. Бу шунингдек эр-хотин бир-бирининг ота-онасига ҳурмат бажо келтириш масаласига ҳам тегишли.

Мазкур ҳурматнинг сақланиб қолиши учун фиқҳда бу ташрифларнинг вақти ва давомийлиги белгилаб қўйилган. Агар аёлнинг ота-онаси қизи ва куёвидан узоқ бўлмаган жойда яшайдиган бўлса, улар ҳафтада бир марта унинг уйига бориб, эрталабдан кечгача у ерда бўлиши мумкин. Ёки қизини ўз уйига таклиф қилиши ҳам мумкин. Шундай экан, улар ёки куёвнинг уйига эрталаб бориб, кечгача ўтириши, ёки қизини уйга таклиф қилиб, кечки пайт қайтариб олиб келиши жоиз. Бу ҳолатда аёлнинг ота-онаси ўз қизи билан кўришиб туради ва шу билан бир қаторда куёви билан яхши ҳамда ҳурматга йўғрилган алоқаларни сақлаб қолади.

Агар аёлнинг ота-онаси узоқ жойда яшайдиган бўлса, уларнинг ташрифи ҳафтасига бир мартадан, йилига бир мартагача қисқариб кетади. Улар олдиндан келадиган вақтини айтган ҳолда, қизининг олдида қанчадир муддат бўлиши ва шундан кейин ўз уйига қайтиб кетиши мумкин.

Бу сингари ташрифлар ота-оналарнинг фарзандлари билан алоқада бўлишлари йўлидаги ҳуқуқларидир. Шу сабабли, бундан оғринмаслик керак.

Абу Лайс Самарқандийнинг “Танбеҳул ғофилийн” асарида келтирилганидек, меҳмоннинг ҳуқуқи ҳам чегараланган ва у уч кундан ошмаслиги керак. Аниқроқ қилиб айтсак, уй эгалари уч кун давомида меҳмон учун қайғуриши лозим. Уч кун ўтганидан кейин эса, улар бундай қилишга мажбур эмас. Ўз навбатида меҳмонлар уй эгаси томонидан белгиланган қоидаларга амал қилиши ва унга ҳурмат билан ёндашиши, бу вақт давомида ўзининг одатларини унутиши зарур.

Шунга кўра, меҳмондорчилик муддати уч кунга тенг. Бу муддат ўтганидан сўнг уй эгаси меҳмонларга бошпана беришдан бош тортиши мумкин ва у бунга тўла маънода ҳақли.

Azon.uz изоҳи: “Роддул мухтор” китобида келтирилишича, бундай ҳолатда ўша жойдаги мавжуд урфга қараш ўринли. Баъзи ҳолатлар бўладики, аёл касал бўлиб қолиши мумкин. Бундай вазиятда аёлнинг ота-онаси тез-тез фарзандини кўргани келиши жоиздир. Ёки аксинча, аёл ота-онасидан бирининг бетоблиги сабабли уларни кўргани тез-тез бориши ҳоллари ҳам кузатилади. Буларнинг ҳаммаси эрнинг розилиги билан амалга ошиши шарт. Мазкур ҳолларда эркак киши вазиятга тўғри баҳо берган ҳолда қарор чиқариши зарур.

Манба: https://azon.uz

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Умматимга таҳдид қилинган нарса келади

11.07.2025   4780   4 min.
Умматимга таҳдид қилинган нарса келади

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي مُوسَى t قَالَ: صَلَّيْنَا الْمَغْرِبَ مَعَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، ثُمَّ قُلْنَا نَجْلِسُ حَتَّى نُصَلِّيَ الْعِشَاءَ، فَخَرَجَ عَلَيْنَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: مَا زِلْتُمْ هَاهُنَا، قُلْنَا: نَعَمْ يَا رَسُولَ اللهِ، قُلْنَا نَجْلِسُ حَتَّى نُصَلِّيَ الْعِشَاءَ، قَالَ: أَحْسَنْتُمْ أَوْ أَصَبْتُمْ، ثُمَّ رَفَعَ رَأْسَهُ إِلَى السَّمَاءِ وَكَانَ كَثِيرًا مَا يَفْعَلُهُ فَقَالَ: النُّجُومُ أَمَنَةٌ لِلسَّمَاءِ فَإِذَا ذَهَبَتِ النُّجُومُ أُتِيَ السَّمَاءَ مَا تُوعَدُ، وَأَنَا أَمَنَةٌ لِأَصْحَابِي فَإِذَا ذَهَبْتُ أُتِيَ أَصْحَابِي مَا يُوعَدُونَ، وَأَصْحَابِي أَمَنَةٌ لِأُمَّتِي فَإِذَا ذَهَبَتْ أَصْحَابِي أُتِيَ أُمَّتِي مَا يُوعَدُونَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Шом намозини ўқидик. Сўнгра «Хуфтонни ўқигунимизча ўтириб турайлик», дедик. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга чиқдилар ва:

«Ҳали ҳам шу ердамисизлар?» дедилар.

«Ҳа, ё Аллоҳнинг Расули. Хуфтонни ўқигунимизча ўтириб турайлик, дедик», деб жавоб бердик.

«Яхши қилибсизлар» ёки «Тўғри қилибсизлар», дедилар у зот. Сўнгра бошларини осмонга кўтардилар. Кўпинча шундай қилар эдилар. Ке­йин у зот:

«Юлдузлар осмон учун омонликдир. Қачон юлдузлар кетса, осмонга унга таҳдид қилинган нарса келади. Мен саҳобаларим учун омонликдирман. Қачон мен кетсам, саҳобаларимга уларга таҳдид қилинган нарса келади. Саҳобаларим умматим учун омонликдирлар. Қачон саҳобаларим кетсалар, умматимга уларга таҳдид қилинган нарса келадир», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида бўладиган суҳбатлардан бирининг мазмуни ҳақида сўз кетмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари ўша пайтдаги Ислом жамиятининг қалби – юраги эканлиги ҳаммага маълум. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахслари мусулмонларга ўрнак бўлганидек, у зотнинг масжидлари ҳам ўзга масжидларга ўрнакдир. Ислом жамиятида ҳар бир масжид ўз қавмидан ташкил топган кичик жамиятнинг тинимсиз уриб турган юраги бўлиши керак.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур суҳбатда саҳобаи киромларга ажойиб ўхшатиш ила ўзларининг фазлларини баён қилиб бермоқдалар:

«Юлдузлар осмон учун омонликдир».

Юлдузлар осмонда турсалар, осмон омон бўлади. Улар осмоннинг омонлик ишончларидир.

«Қачон юлдузлар кетса, осмонга унга таҳдид қилинган нарса келади».

Осмонга таҳдид қилинган нарса унинг низомининг бузилиши ва қиёмат қоим бўлишидир.

«Мен саҳобаларим учун омонликдирман».

Осмон юлдузлар билан омон турганидек, саҳобаи киромлар ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тинч-омон яшар эканлар.

«Қачон мен кетсам, саҳобаларимга уларга таҳдид қилинган нарса келади».

Саҳобаи киромларга таҳдид қилинган нарса уларнинг ораларида хилоф ва келишмовчиликлар келиб чиқишидир.

«Саҳобаларим умматим учун омонликдирлар».

Осмон юдузлар билан, саҳобаи киромлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тинч-омон яшаганларидек, Ислом уммати ҳам саҳобаи киромлар билан тинч яшар эканлар.

«Қачон саҳобаларим кетсалар, умматимга уларга таҳдид қилинган нарса келадир».

Ислом умматига таҳдид қилинган нарса ҳавои нафсга эргашиш ва молу дунёга ўч бўлиш каби нуқсонларга мубтало бўлишдир.

Ушбу ҳадиси шарифдан саҳобаи киромларнинг фазллари қанчалик улуғ эканлигини билиб олишимиз керак. Ана шундай улуғ фазл эгалари бўлган зотларни ҳурматлаш ва улардан ўрнак олиш мусулмон умматининг бурчидир.


«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 21-жузидан олинди