Германия пойтахтида 2022 йилда Муҳаммад исми янги туғилган ўғил болалар орасида энг кўп тарқалган исмга айланди.
Репорт-24 нашрининг ёзишича, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга ҳурмат изҳор қилган ҳолда номланган Муҳаммад исми Европанинг қатор шаҳарларида машҳурлик бўйича етакчилик қилмоқда. Мисол учун, Норвегия пойтахти Ослода сўнгги 14 йил давомида ўғил болаларни кўпинча Муҳаммад деб аташган. Буюк Британия пойтахти Лондонда ҳам Муҳаммад исми энг машҳур ўнталикка киради.
Брюсселда ўтган йил давомида болаларни Жан, Патрик ёки Марк каби анъанавий машҳур исмлардан кўра кўпроқ Муҳаммад деб аташди. Муҳаммад исми Қўшма Штатлардаги ўғил болалар учун энг машҳур исмлардан бирига айланди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Истиқлолимизнинг 35 йиллик байрами арафасида Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев иштирокида Қувасой шаҳрида хайрия тадбир ўтказилди. Унда 33 та хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари, 43 нафар болажонга эса ўқув қуроллари ва кийим-кечаклар ҳадя қилинди.
Тадбирда фарзандлар учун муносиб шароит яратиш эзгуликнинг энг гўзал кўринишларидан бири экани, бугун ёш авлоднинг билими ва камоли учун қилинган ҳар бир хайрли амал эртанги кун тараққиётига муҳим ҳисса бўлиб қўшилиши таъкидланди.
Бундай тадбирлар, шунингдек, Бувайда туманидаги «Катта маҳалла» масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилди. Унда ижтимоий кўмакка муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларидан 70 нафарига мактабда таълим олиши учун зарур бўлган ўқув қуроллари тарқатилди. Болажонлар мустақиллик байрами ҳамда бошланажак янги ўқув йили билан муборакбод этилди.
Илм ва ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай эзгу ташаббуслар Фарғона шаҳридаги "Хўжамбердибой", Сўх туманидаги "Султон Маҳмуд" масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилмоқда.
ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати