Пайғамбаримизга (алайҳиссалом) нозил қилинган Қуръони карим оятлари матни ҳижрий 10 (милодий 632) йилда тўла мукаммал бўлди. Ўша пайтда нозил бўлган сура ва оятлар турли ашёларга кўчирилиб, тартибланмаган ҳолда Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хоналарида бир жойга жамланган эди.
Абу Бакр Сиддиқ (розийаллоҳу анҳу) халифаликлари даврида, яъни ҳижрий 11-13 йиллари Қуръон карим оятларининг ўрама шаклдаги бир нусхасини кўчиришга қарор қилинди. Бу шарафли вазифа йигирма ёшли саҳобий, ваҳий котиби Зайд ибн Собитга юкланди. Зайд ибн Собит мадиналик ансорийлардан эди. Ўн бир ёшида имонга келиб, ҳамиша Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёнларида юриб, дуоларидан баракот топди. Қатор тилларни ўрганиб, илму ҳикмат соҳиби бўлиб етишди. Мадина шаҳрида Куръон қироати қоидалари, шариат аҳкомлари ва мерос тақсимоти масалаларида беназир зот эди. Зайд ибн Собит Абу Бакр Сиддиқ топшириғи билан оятларни ўрам-ўрам териларга биринчи бўлиб кўчирган, кейинчалик Мусҳафи Усмонни кўчириш ишларига ҳам бош-қош бўлган.
Иккинчи халифа Умар ибн Хаттоб (розийаллоҳу анҳу) замонига келиб Ислом динимиз шарқда Хитойгача, ғарбда Андалусия (Испания)гача етиб борди. Ҳижрий 13-24 йиллар оралиғида Ислом давлати ҳудуди ниҳоятда кенгайди. Араблардан ташқари Ажам ўлкаларидаги халқлар ҳам Ислом билан шарафланишди. Бу эса Қуръони каримнинг ягона қурайш лаҳжасидаги “андоза расмихат имлодаги” (эталон) нусхасини кўчириш заруратини юзага келтирди.
Бу тарихий иш учинчи халифа Усмон ибн Аффон (розийаллоҳу анҳу) даврларига тўғри келди. Ҳижрий 25 йили асҳоби киромдан катта бир гуруҳ назорати остида, дақиқ текширувлар натижасида Қуръони каримнинг ягона андоза нусхаси кўчириб ёзилди. Тери саҳифаларнинг иккала юзасига ҳам матн ёзилиб, барча саҳифалар муқова орасига олинди. Қуръони каримнинг китоб шаклидаги бу нусхасига “Мусҳафи Имом” деб ном берилди. Тери варақларга ёзилган Куръон нусхасининг энг биринчи намунаси Ҳазрати Усмонга нисбат берилиб, “Мусҳафи Усмон” атала бошлади. Хаттотлар ана шу мусҳафдан бир неча нусха кўчириб, Ислом етиб борган турли ўлкаларга юборилган. Бугунги кунда Ҳазрати Усмон мусҳафларидан нодир бир нусха Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида авайлаб сақланмокда.
Лангар Қуръони эса милодий саккизинчи асрда номаълум бир хаттот томонидан кўчирилган нусха бўлиб, у қайси саҳоба кўчириб ёзганини айтишга илмий асослар йўқ. Бу нусхада тўлиқ бўлмаса-да, ҳамма ҳарфларнинг нуқта-белгилари қўйилган. Нусха Кашқадарё вилоятининг Лангар қишлоғида сақланиб келингани учун “Лангар Куръони” номи билан машҳур бўлган. Унинг 16 варағи Ўзбекистонда, 82 варағи Санкт-Петербургда сақланмоқпа. Доктор Ефим Резван Петербургда Лангар Куръони варақларининг мажмуасини рангли китоб ҳолида нашр эттирган. Бу нашрнинг Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида ҳам бир нусхаси мавжуд.
Мазкур мусҳафларнинг Марказий Осиёга келтирилгани ҳақидаги тўлиқ маълумотлар марҳум устоз Шайх Исмоил махдумнинг “Тошкентдаги Усмон мусҳафи тарихи” асарида келтирилган. Мазкур китобда соҳибқирон Амир Темур ва аллома Абу Бакр Қаффол Шоший Мусҳафнинг юртимизга келишига алоқадор экани кўрсатилади. Лекин Мусҳафни айнан ким олиб келгани ҳамон жумбоқлигича қолмокда. Бизнингча, Мусҳафни ҳижрий 54 йили Самарқандга муҳожир бўлиб келган Усмон ибн Аффоннинг ўғли Холид ибн Усмон олиб келган, деган фикр илмий асосга эга. Самарқанддаги Хожа Абду Дарун мақбараси айнан Холид ибн Усмонга мансуб меъморий ёдгорликдир.
Фотима Ҳабибуллоҳ қизи ҲАҚБЕРДИЕВА
ЎМИ Матбуот хизмати
Манбалар:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Тонг саҳар тўрт мучамизнинг соғ, оиламиз тинч, ташқарида ҳеч қандай хавфнинг хатарисиз уйғониш биз ҳар доим ҳам эътибор беравермайдиганимиз, шукрини адо этишни эсимиздан чиқарадиганимиз неъматлар сирасига киради. Гўё асли шундай бўлиши керакдек яшайверамиз. Яна бир тур неъматлар борки, бизнинг эътиборимиздан четда. Буларга сув, ҳаво каби биз қадрламайдиган, лекин булар бўлмаса, бир соат ҳам яшай олмайдиган эҳтиёжларимиз киради.
Бу неъматларнинг шукрини адо этмаслик, яъни қадрига етмаслик оқибати нималарга олиб келиши бугунги кунда намоён бўляпти. Пала-партиш фойдаланиш сабаб Орол денгизининг қуриши нафақат минтақамизнинг, балки бутун дунёнинг муаммосига айланиб улгурганига анча бўлди. Биз учун текинга бериб қўйилган бу бебаҳо неъматни қадрламаслик орқасидан бугун инсоният жиддий муаммолар қаршисида турибди. Аллоҳ таоло Ўзининг каломида берилган неъматларни қадрлашни таъкидлаб, «Еб-ичинглар, аммо исроф қилманглар. Чунки У Зот исроф қилувчиларни севмас» (Аъроф сураси, 31-оят), деб буюрди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилаётган буюк саҳобалардан бири Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг сувни кўпроқ ишлатаётганини кўрдилар ва унга: «Ҳой Саъд! Бу қандай исрофгарчилик?!» дедилар. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули! Таҳоратда ҳам исроф бўладими?» деди. У Аллоҳнинг ибодати учун таҳорат қилаётганда сувни сал кўпроқ ишлатиш исроф саналмаса керак, деб ўйлаган экан. Шунда у зот алайҳиссалом: «Ҳа, ҳатто оқиб турган дарёнинг ёқасида бўлсанг ҳам», дедилар.
Биз эса «Сув – текин» деган тушунча билан бир пайтлар шаҳарларимиз, қишлоқларимиз, маҳаллаларимизда зилол сувга тўлиб оққан ариқ-анҳорларни қуритдик. Борларини чиқиндихонага айлантирдик. Оқибатда илгари одамлар бемалол ичаверган ариқ сувлари ҳозир ҳатто қўл ювишга ҳам ўйланиб қолинадиган ҳолга келди.
Яқин-яқингача пойтахтнинг шимоли-шарқ томонидан кўриниб, баҳри дилингизни очган, хуш кайфият бағишлаган пурвиқор тоғлар бугун кўринмай қолганига одамлар энди-энди аҳамият бера бошлашди. Дарахтларнинг камайиши, автоуловларнинг кўпайиши, мавжуд яшил ҳудудлар қисқариб, ўрнига режасиз қуриб ташланаётган уй-жой экологияга, она табиатга таъсир қилмай қолмади. Қалин чангли парда ортига яширинган тоғлар худди бизни ёрдамга чақираётган, вақтида чора кўрилмаса, оғир оқибатлар юзага келишидан огоҳлантираётгандек гўё.
Ва ачинарлиси бу оғир оқибатлар ўзини кўрсата бошлади. 60 йиллик тажрибага эга IQAir ташкилоти томонидан тайёрланган охирги йиллик ҳисоботда қайд этилишича, ҳавонинг ифлосланиши оқибатида бир йилда дунё бўйича 7 миллион аҳоли ҳаётдан бевақт кўз юммоқда, миллиардлаб инсон нафас йўллари касалликлари ҳамда бошқа оғир дардларга йўлиқмоқда. IQAir сайти маълумотларига кўра, 2023 йил якунлари бўйича тузилган рейтингга мувофиқ, Ўзбекистон 134 давлат орасида 23-ўринни банд этиб турганини жуда ачинарли. Рўйхатдаги ҳавоси энг ифлос учликни Бангладеш, Покистон ва Ҳиндистон эгаллаган (iqair.com/ru/world-most-polluted-countries).
Сурункали респиратор касалликларининг дунё бўйлаб тарқалиши ва бу жараёнларнинг асоратларини ўрганган бир гуруҳ британиялик олимлар инсон ўлимига сабаб бўлаётган бешта асосий омиллардан бири нафас олиш тизими касалликлар эканини маълум қилишди. Тиббиёт соҳасига оид янгиликларни ёритадиган «Тhe Lancet» нашри эълон қилган мақолада 1990–2019 йилларда нафас йўллари касалликларининг тарқалиши 39,8 фоизга, ушбу дардлардан вафот этганлар сони эса 28,5 фоизга ошгани айтилган. Бронхиал астма энг кўп тарқалаётган сурункали респиратор касаллик сифатида қайд этилган бўлиб, нафас йўлларининг касалланиши, биринчи навбатда, чекиш иллати, шунингдек, ҳавонинг ифлосланиши ҳамда саноат ишлаб чиқаришининг турли хилдаги салбий оқибатлари сабаб юзага келмоқда.
Юртимиздаги мактабларнинг бирида атроф-муҳитни асраб-авайлаш ҳамда бошқа ижтимоий муаммоларни бартараф этиш, уларнинг олдини олишга бағишланган тадбирда бир ўқувчи йигит Она Ернинг одамларга қилган мурожаатини ўқиб берган эди. Сиз ҳам бу мурожаатга бир эътибор бериб кўринг-а:
«Эй одамзод, нималар қилиб қўйдинг, нималар қиляпсан! Тўхта! Бўлди! Етар энди. Дарахтларни кесиб, қанча ўрмонларни йўқ қилдинг, ҳавони, сувни булғатдинг. Кўлу дарёларни қуритдинг. Жуда қизиб кетдим. Яратилганимдан бери бунақа қизимаганман. Ҳаммаёғимни ёндириб, илма-тешик қилиб ташладинг-ку! Яна нима истайсан, одамзот?! Шаҳарларда тупроқ қолмади! Ҳаммаёқни тошдек бетон билан қоплаб ташладинг. Менинг сабрим чексиз эмас. Захираларим ҳам тугаб боряпти. Мени асрамасанг, эртага ўзинг қийналасан. Ўзингни бос. Тўхта. Атрофга қара! Ақл билан иш тутиб, менга озгина ёрдам бериб юборсанг, у ёғига ўзимни ўзим тиклаб оламан. Яхшиям Аллоҳ менга ўзимни ўзим совутиш қобилиятини берган. Лекин вазият шу зайлда давом этаверса, яъни табиат шу тарзда ифлослантирилаверса, тикланиш қобилиятим ҳам иш бермай қўйиши мумкин. Аввалги ҳолга қайтиши даргумону, лекин вазиятни яхши томонга ўзгартириш мумкин. Яхши инсонлар ҳали бор бу дунёда. Ҳаммангиз бирлашсангиз, қўлингиздан кўп нарса келади, Худо хоҳласа».
Ўсмир йигитнинг бу мурожаати ҳар биримизга кўзингизни очинг, вақт борида имкониятларни ишга солинг, деяётгандек гўё...
Аллоҳ ҳеч бир нарсани бекор яратмаган. Ҳар бир ўсимликнинг, ҳар бир жониворнинг вазифаси бор. Шунингдек, уларнинг мавжудлиги, яшаши бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Бу занжирни узиш мумкин эмас. Бордию ҳайвонот ёки наботот оламининг бир вакили йўқ қилинса, бунинг оқибати қачондир барибир сезилиши аниқ.
Аччиқ ҳақиқат шуки, бор табиатдаги, яъни атроф-муҳитдаги кўпгина ресурслар йўқотиб бўлинган. Аммо ўша нарсаларнинг кўпини тиклаш, қайтариш мумкин. Ўз навбатида, борини сақлаб қолиш ҳам жуда муҳим. Шундай экан, Аллоҳ берган буюк неъматлар – сув, тупроқ, ҳаво, ўсимликлару жониворларга бўлган муносабатимизни ўзгартирайлик, азизлар. Зеро, биздан кейинги авлод ҳам озод ва обод юртда яшашга ҳақли.
«Ҳилол» журнали 8(65)-сонидан