Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Сентябр, 2026   |   9 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:49
Қуёш
06:08
Пешин
12:17
Аср
16:35
Шом
18:28
Хуфтон
19:43
Bismillah
20 Сентябр, 2026, 9 Рабиъус сони, 1448

Ҳавас қилинган мартаба

04.03.2018   7986   2 min.
Ҳавас қилинган мартаба

Муҳаммад Шофеъ Усмоний роҳимаҳуллоҳ ҳикоя қиладилар: Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳи етук фақиҳ, муҳаддис ва Аллоҳнинг дўсти эди. Аллоҳ таоло у кишига баланд мартаба ато қилган эди. Вафот топганида бир киши тушида у зотни кўрди ва: «Аллоҳ сизга қандай муомала қилди?» деб сўради. Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳи «Аллоҳ таоло мени мағфират қилди, фазлига олиб, улкан марҳамат кўрсатди, лекин менга уйимнинг рўпарасидаги темирчига берилган мақом насиб бўлмади», деди. Киши уйқудан уйғонди, дилида темирчининг кимлиги ва қандай қилиб Абдуллоҳ ибн Муборакка берилмаган нарса унга берилганлигини ўйлаб қолди ва Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳининг маҳалласига борди. Суриштириб кўрса, ҳақиқатда у кишининг уйининг рўпарасида бир темирчи бўлиб, у ҳам вафот топган экан. Бориб, темирчининг хотинидан: «Эрингиз нима қилар эди?» деб сўради ва тушида кўрганларини айтиб берди. Аёл: «Эрим темирчи эди, кун бўйи ишлар, кечаси эса ухларди. Кечаси Абдуллоҳ ибн Муборакнинг таҳажжуд ўқишига  ҳаваси келиб, ҳасрат қилиб, «Биз ҳам кенгчиликда бўлганимизда, мен ҳам туни билан таҳажжуд ўқир эдим», дер эди. Иккинчиси – у ишлаётганида қулоғига азон товуши кирса, мабодо болғасини тепага кўтарган бўлса, шуни уриб қўяйин, демасди. Ўша заҳоти болғасини пастга туширар ва «Азонни эшитганимдан кейин менга болғани ушлаб туриш ярашмайди», дер эди ва масжидга қараб кетар эди», деди. Туш кўрган киши: «Абдуллоҳ ибн Муборакдан ҳам мартабасининг юқори бўлишига шу нарса сабаб бўлган экан», деди. Эътибор беринг, темирчи ҳам ҳалол ризқ талабида эди. Азон эшитилиб, биринчи даражадаги фарз билан иккинчи даражадаги фарз тўқнаш келган эди, биринчи даражадагисини устун қўйди ва Аллоҳ буюк муҳаддисларга бермаган мақомга эришди.

Манба: https://t.me/hikmatlar

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Озарбайжонда муфтийлар анжумани бошланди

14.09.2026   35125   1 min.
Озарбайжонда муфтийлар анжумани бошланди

Бугун, 14 сентябрь куни Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши ўз ишини бошлади.

Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Аллоҳшукур Пошшозода, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси Сафи Арпагуш, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули, Қирғизистон мусулмонлари диний назорати раиси, муфтий Абдулазиз қори Закиров ҳамда бошқа қардош ва хорижий давлатлар уламоларидан иборат нуфузли делегациялар иштирок этмоқда.

Ялпи мажлисда нутқ сўзлаган муфтийлар ўз маърузаларида қуйидаги устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратмоқдалар:

– Кенгаш қошидаги Фатво ҳайъати фаолиятини ривожлантириш, уммат учун зарур қўшма фатволар ишлаб чиқиш ва замонавий масалаларга шаръий ечим топиш;

– диний таълим муассасаларида устоз ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, илмий-услубий лойиҳаларни амалга ошириш;

– экстремизм, терроризм, такфирчилик, исломофобия ва мазҳаблараро низо қўзғаш каби таҳдидларга қарши якдил маърифий курашни кучайтириш.

Шунингдек, Уламолар диний-маърифий соҳадаги ана шундай ҳамкорлик бутун Туркий дунё бирдамлигини мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.

Анжуман давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари