Муҳаммад Шофеъ Усмоний роҳимаҳуллоҳ ҳикоя қиладилар: Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳи етук фақиҳ, муҳаддис ва Аллоҳнинг дўсти эди. Аллоҳ таоло у кишига баланд мартаба ато қилган эди. Вафот топганида бир киши тушида у зотни кўрди ва: «Аллоҳ сизга қандай муомала қилди?» деб сўради. Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳи «Аллоҳ таоло мени мағфират қилди, фазлига олиб, улкан марҳамат кўрсатди, лекин менга уйимнинг рўпарасидаги темирчига берилган мақом насиб бўлмади», деди. Киши уйқудан уйғонди, дилида темирчининг кимлиги ва қандай қилиб Абдуллоҳ ибн Муборакка берилмаган нарса унга берилганлигини ўйлаб қолди ва Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳининг маҳалласига борди. Суриштириб кўрса, ҳақиқатда у кишининг уйининг рўпарасида бир темирчи бўлиб, у ҳам вафот топган экан. Бориб, темирчининг хотинидан: «Эрингиз нима қилар эди?» деб сўради ва тушида кўрганларини айтиб берди. Аёл: «Эрим темирчи эди, кун бўйи ишлар, кечаси эса ухларди. Кечаси Абдуллоҳ ибн Муборакнинг таҳажжуд ўқишига ҳаваси келиб, ҳасрат қилиб, «Биз ҳам кенгчиликда бўлганимизда, мен ҳам туни билан таҳажжуд ўқир эдим», дер эди. Иккинчиси – у ишлаётганида қулоғига азон товуши кирса, мабодо болғасини тепага кўтарган бўлса, шуни уриб қўяйин, демасди. Ўша заҳоти болғасини пастга туширар ва «Азонни эшитганимдан кейин менга болғани ушлаб туриш ярашмайди», дер эди ва масжидга қараб кетар эди», деди. Туш кўрган киши: «Абдуллоҳ ибн Муборакдан ҳам мартабасининг юқори бўлишига шу нарса сабаб бўлган экан», деди. Эътибор беринг, темирчи ҳам ҳалол ризқ талабида эди. Азон эшитилиб, биринчи даражадаги фарз билан иккинчи даражадаги фарз тўқнаш келган эди, биринчи даражадагисини устун қўйди ва Аллоҳ буюк муҳаддисларга бермаган мақомга эришди.
Манба: https://t.me/hikmatlar
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тарвузни (янги пишган рутоб) хурмо билан истеъмол қилар ва: “бунинг иссиқлиги буни совуқлигини кетказади”, дер эдилар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
Тарвуз ҳақида ривоят қилинган бундан бошқа ҳадислар саҳиҳ саналмаган. Тарвуз совуқлик ва ҳўл, бодринг ва таррадан кўра тезроқ ҳазм бўлади. Уни истеъмол қилувчининг мижози иссиқ бўлса кўпроқ фойда қилади. Совуқ мижозли кишиларга унинг зарарини кетказиш учун занжабил ва шу каби маҳсулотларни тавсия қилинади. Тарвузни овқатдан аввал истеъмол қилиш лозим. Акс ҳолда, кўнгилни беҳузур қилади. Баъзи табиблар: “Тарвузни таомдан олдин истеъмол қилинса, ошқозон ювилади ва касалликлар кетади”, деганлар.
"Исломда саломатлик" китобидан
Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғли