БАА Ташқи ишлар вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукумати ўртасида кириш виза талабларидан ўзаро озод этиш тўғрисидаги ҳамкорлик протоколи имзоланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон фуқаролари 30 кундан ошмаган муддатда БАА ҳудудида бўлиши даврида виза талабларидан озод этилади.
Маълумот учун: 2023 йил давомида БААга 119 454 нафар Ўзбекистон фуқаролари ташриф буюрган ва 9,2 миллион АҚШ доллари миқдорида виза расмийлаштириш учун сарфлайди.
Ҳукуматлараро ҳамкорлик протоколи Ўзбекистоннинг БААдаги элчиси Абдулазиз Аққулов ва БАА Ташқи ишлар вазири ўринбосари Холид Абдулла Белҳул томонидан имзоланди.
Ҳужжат расман 2024 йил 16 февралдан кучга кирди.
Имзоланган ҳужжат Ўзбекистон фуқаролари учун виза расмийлаштирмасдан бориладиган мамлакатлар сонини 29 тага етказиб, Ўзбекистонни Global Passport Power рейтингида 71 ўринга кўтаради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бир йигит масжидга келиб бироз ўтиргач, имомга эътироз билдирди:
– Энди масжидга келиб ўтирмасак ҳам бўларкан...
Имом ундан нима учун бундай деганининг сабабини сўради. Йигит ён-атрофдаги ҳамма одам телефонга қараб ўтиргани, баъзилари ўзаро гаплашаётгани учун шу гапни гапирганини айтди.
Имом бироз ўйлаб тургач, бундай деди:
– Яхши, эътирозинг ўринли. Мен бу ҳақда одамларга эслатиб турибман. Лекин сен энди масжидга келмоқчи бўлмасанг бир иш қилиб кет.
Йигит рози бўлди. Имом унга бир пиёлани тўлдириб сув берди ва шу сувни бир томчи ҳам тўкмасдан масжиднинг ичини бир айланиб чиқишини илтимос қилди. Йигит бор диққат-эътиборини жамлаб, оҳиста қадамлар билан, икки кўзини пиёладан узмаган ҳолда вазифани муваффақиятли адо этди.
Имом унга деди:
– Баракаллоҳ! Энди менга айт-чи, сен шу топшириқни бажараётганингда кимлар гапириб ўтирди, кимлар телефонига қаради?
Йигит жавоб берди:
– Мен қаердан билай, ахир бутун диққатим сувни тўкиб қўймасликда эди.
Имом деди:
– Ана кўрдингми? Сен топшириқни бажараётганингда бутун фикру ҳаёлингни бир жойга жамладинг. Аллоҳнинг ҳузурида турганимизни ҳис қилиб, хаёлимизни ибодатга, Унинг зикрига қаратсак, бошқаларнинг хатосини кўришга вақтимиз ҳам қолмайди. Албатта, кимдир хато қилса бу сенинг ҳидоятдан юз буриб кетишингга сабаб бўлмаслиги керак. Чунки хато динники ё масжидники эмас, балки банданики...
Йигит ўйлаб кўриб, хато қилганини тушунди. Кейинги жамоат намозларида хушу билан қатнашишда давом этди.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ