Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Август, 2026   |   5 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:08
Қуёш
05:35
Пешин
12:27
Аср
17:17
Шом
19:22
Хуфтон
20:45
Bismillah
18 Август, 2026, 5 Рабиъул аввал, 1448

09.03.2018 й. Жаннат-оналар оёғи остида

02.03.2018   11443   9 min.
09.03.2018 й. Жаннат-оналар оёғи остида

 بسم الله الرحمن الرحيم

ЖАННАТ- ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА

Муҳтарам жамоат! Оналаримизни бошга кўтаришга, уларга ҳамиша шафқатли, хокисор бўлишга, хизматларини қилишга буюрилганмиз. Фарзандини тўққиз ой қорнида авайлаб кўтариб юриш, ҳомиладорликнинг қийноқ-азобларига бардош бериш, туғиш чоғида бир ўлиб-бир тирилиш, туққанидан сўнг икки-уч йилгача бағридан бўшатмай, қўлидан қўймай ардоқлаб парваришлаш, боласи учун бир тунни бир неча бўлакка бўлиб оромдан кечиш, ҳатто улғайиб, уйли-жойли бўлиб кетганида ҳам меҳрини, шафқатини, марҳаматини аямаслик фақат оналаргагина хос илоҳий фазилатдир. Аллоҳ таоло она зотини улуғлаб, унинг меҳнатини қадрлаш учун одам фарзандининг эътиборини унга қаратиб,  Аҳқоф сурасида шундай марҳамат қилади:

وَوَصَّيْنَا الْإِنْسَانَ بِوَالِدَيْهِ إِحْسَانًا حَمَلَتْهُ أُمُّهُ كُرْهًا وَوَضَعَتْهُ كُرْهًا وَحَمْلُهُ وَفِصَالُهُ ثَلَاثُونَ شَهْرًا

(سورة ﺍﻷحقاف/15آية)

яъни: “Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси уни (қорнида) қийналиб кўтариб юрган ва уни қийналиб туққандир. Унга ҳомиладорлик ва уни (сутдан) ажратиш (муддати) ўттиз ойдир…”.

Она зотини фарзандига ўта меҳрибонлиги ҳақида Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагича келади:

 

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا قَالَتْ: جَاءَتْنِى مِسْكِينَةٌ تَحْمِلُ اِبْنْتَيْنِ لَهَا، فَأَطْعَمْتُهَا ثَلاَثَ تَمَرَاتٍ، فَأَعْطَتْ كُلَّ وَاحِدَةٍ مِنْهُمَا تَمْرَةً وَرَفَعَتْ إِلَى فِيهَا تَمْرةً لتَأَكُلَهَا، فَاسْتَطْعَمَتْهَا اِبْنَتَاهَا، فَشَقَّتْ التَّمْرَةَ الَّتِي كَانَتْ تُريدُ أَنْ تَأْكُلَهَا بَيْنَهُمَا، فَأَعْجَبَنِىْ شَأْنُهَا، فَذَكَرْتُ الَّذِيْ صَنَعَتْ لِرَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: "إنَّ اللَّهَ قَدْ أَوْجَبَ لَهَا بِهَا الْجنَّةَ، أَوْ أَعْتَقَهَا بِهَا مِنَ النَّارِ"

(رواه الإمام مسلم)

яъни: “Ҳузуримга бир мискина аёл икки қизини кўтариб келди. Шунда унга учта хурмо бердим. У ҳар бир қизга биттадан хурмо берди. Бир дона хурмони емоқчи бўлиб, оғзига тутди. Икки қиз уни ҳам беришини сўрашди. У ўзи емоқчи бўлган хурмони иккига бўлиб, икковига берди. Унинг ҳоли мени ажаблантирди. Унинг қилганини Расулуллоҳ (с.а.в)га айтдим. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в) Бунинг учун Аллоҳ унга жаннатни вожиб қилди ёки уни дўзахдан озод қилди, дедилар” (Имом Муслим ривояти).

Демак, фарзандларини дунёга келтириш, кейин боқиб катта қилишда бемисл матонат ва фидоийлик кўрсатувчи оналаримизнинг ҳурматини жойига қўйиш, улар олдида ҳамиша ўзини хоксор тутиш, уларга ёқимли гапларни сўзлаш, уларнинг ҳаққига дуолар қилиб туриш фарзанднинг энг муҳим бурчларидандир.

Муовия ибн Жоҳима (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагича келади:

 

عَنْ مُعَاوِيَةَ بْنِ جَاهِمَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّهُ جَاءَ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ أَرَدْتُ أَنْ أَغْزُوَ، وَقَدْ جِئْتُ أَسْتَشِيْرُكَ؟ فَقَالَ:"هَلْ لَكَ أُمٌّ"؟ قَالَ: نَعَمْ، قَالَ:"فَالْزَمْهَا فَإِنَّ الْجَنَّةَ تَحْتَ رِجْلَيْهَا"

(رواه الإمام النسائي والإمام الحاكم)

 

яъни: Муъовия ибн Жоҳима (р.а)дан ривоят қилинади, у зот Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг ҳузурларига келиб, эй Расулуллоҳ, мен ғазотга бормоқчи эдим, маслаҳатингизни олишлик учун келдим, деди. Пайғамбаримиз (с.а.в): “Онангиз борми?”, дедилар. У киши: “Ҳа”, деди. Шунда Пайғамбаримиз (с.а.в): “Онангизни хизматларини ғанимат билинг, чунки жаннат унинг оёғи остидадир”, дедилар (Имом Насаий ва Ҳоким ривояти).

Ҳадиси шарифни шарҳлаган уламоларимиз шундай дейдилар: “Сен жаннатдаги насибангга фақат онанг орқалигина етишасан. Шундай экан, унинг розилигини олишга ҳаракат қилгин”.

Ибни Ҳажар Асқалоний  (р.а) ўзларини “Ал-исоба” номли китобларида шундай дейдилар: ”Оналарни ҳурмат ва эҳтиром қилиш, уларга ғамхўр ва меҳрибон бўлиш, уларни олдиларидаги фарзандлик бурчини адо қилиш биз умматларга Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан меросдир. Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг гўдаклик пайтларида оналари оламдан ўтганликлари учун Пайғамбаримиз (с.а.в.)га онанинг хизматини қилиш насиб этмаган, бироқ У зотни эмизган Ҳалима онамиз Пайғамбаримизни ҳузурларига келганларида ўрниларидан туриб, кийиб турган ридоларини Ҳалима онамизга тўшаб, устига ўтқизар эдилар”.

 

حِيْنَ سِيْقَ إِلَيْهِ السَّبْيُ مِنْ هَوَازِنَ كَانَتْ الشَيْمَاءُ بِنْتُ حَلِيْمَةَ فِيْهِمْ فَلَمَّا اِنْتَهَتْ إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَتْ: يَا رَسُولَ اللهِ إِنِّي لَأُخْتُكَ مِنَ الرَّضَاعَةِ وَعَرَّفَتْهُ بِعَلاَمَةٍ عَرَّفَهَا صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَبَسَطَ لَهَا رِدَاءَهُ، وَدَمَعَتْ عَيْنَاهُ وَقَالَ لَهَا: هَهُنَا، فَأَجْلَسَهَا عَلَى رِدَائِهِ وَخَيَّرَهَا بَيْنَ أَنْ تُقِيْمَ مَعَهُ مُكْرَمَةً مُحَبَّبَةً أَوْ أَنْ تَرْجِعَ إِلَى قَوْمِهَا، فَأَسْلَمَتْ وَرَجَعَتْ إِلَى قَوْمِهَا، وَأَعْطَاهَا رَسُولُ اللهِ نَعَماً وَشَاةً وَثَلَاثَةَ أَعْبُدٍ وَجَارِيَةٍ

 (كتاب الإصابة لابن الحجر الاسقلاني)

Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ҳузурларига Ҳавозин асирлари олиб келинганда, уларнинг орасида Пайғамбаримизни эмизган Ҳалима онамизнинг Шаймо исмли қизлари ҳам бор эди. Шунда Шаймо Пайғамбар (с.а.в)га У зотга таниш бўлган бир белги орқали ўзини таништириб, “Эй Аллоҳнинг Расули мен сизни эмикдош синглингизман”, деди. Шунда, беихтиёр Расулуллоҳ (с.а.в)нинг кўзларидан севинч ёшлари балқиб чиқди, ридоларини тўшаб: “Мана бу ерга ўтиринг”, дедилар ва унга хоҳласа У зотнинг ҳузурларида иззат-икром кўриб яшаш, хоҳласа ўз қавмига қайтиш ихтиёрини бердилар. Шаймо Пайғамбаримиз (с.а.в)дан бундай ҳурмат ва эҳтиромни кўриб мусулмон бўлди ва ташаккур айтиб ўз қавмига қайтишини билдирди. У зот алайҳиссалом унга бир нечта туя ва қўйлар ҳамда учта қул ва чўри ҳадя қилиб, кузатдилар. Пайғамбаримиз (с.а.в) эмикдош сингилларига бундай иззат-эҳтиром қилишларини сабаби оналари Ҳалима онамизнинг ҳурматларидан эди (“Ал-исоба” китоби). 

Имом Баззор ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:

 

أَنَّ رَجُلًا كَانَ بِالطَّوَافِ حَامِلًا أُمَّهُ يَطُوفُ بِهَا فَسَأَلَ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ هَلْ أَدَّيْتُ حَقَّهَا؟ قَالَ: "لَا وَلَا بِزَفْرَةٍ وَاحِدَةٍ!"

(رواه الإمام  البزار)

яъни: Бир киши онасини елкасида кўтариб Байтуллоҳни тавоф қилдирар эди. Тавофни тугатгач: “Онамнинг мендаги ҳаққини адо этдимми?” деб сўради. Расулуллоҳ (с.а.в): “Йўқ, сен тўлғоқ азобидаги бир марта оҳ уришининг ҳаққини ҳам адо этолмадинг”,  дедилар.

 

عَنْ ابْنِ عُمَرَ، أَنَّ رَجُلاً أَتَى النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنِّي أَصَبْتُ ذَنْبًا عَظِيمًا فَهَلْ لِي تَوْبَةٌ؟ قَالَ: هَلْ لَكَ مِنْ أُمٍّ؟ قَالَ: لاَ، قَالَ: هَلْ لَكَ مِنْ خَالَةٍ؟ قَالَ: نَعَمْ، قَالَ: "فَبِرَّهَا"

(رواه الإمام  الترمذي)

 

яъни: Бир киши қайғуга ботиб, Расулуллоҳ (с.а.в) ҳузурларига борди ва: “Эй Расулуллоҳ! Мен катта гуноҳ қилиб қўйдим, менинг тавбам қабул бўлармикин?" деди. Расулуллоҳ (с.а.в): "Онанг борми?" дедилар. У "Йўқ", деди. Расулуллоҳ (с.а.в) "Холангчи?", деб сўрадилар. "Ҳа," деб жавоб берди. Расулуллоҳ (с.а.в):  "Ундай бўлса, холангга яхшилик қил",  деб марҳамат қилдилар (Имом Термизий ривояти). 

Муҳтарам жамоат! Мавъизамиз давомида фарзандларнинг ота-оналари олдидаги вазифалари ҳақида суҳбатлашамиз.

Ота-онанинг фарзанд зиммасида кўплаб ҳақлари бўлиб, уларнинг баъзиси ота-онанинг ҳаётлик вақтларига боғлиқ бўлса, қолгани эса вафотларидан кейинги даврга тааллуқлидир.

Ота-онаси ҳаёт бўлган даврда фарзанд бажариши лозим бўлган баъзи  амаллар:

  • ота-онасига итоат қилиш, яъни: гуноҳ бўлмайдиган ишларнинг барчасида ота-онага лаббай деб, буюрган ишларини малолланмасдан, гўзал тарзда бажариш;
  • ота-онага доимо яхшилик ва эҳсонда бўлиш, яъни: фарзанд ўз шароитидан келиб чиқиб, ота-онасига егулик, кийим-кечак ва бошқа заруриятларини таъминлаши;
  • ота-онага камтарлик ва камсуқумлик билан муомала қилиш, яъни: олдиларида ҳурмат билан ўтириш, баланд овозда гапирмаслик, умуман “уф” калимасини уларга нисбатан ишлатмаслик, улар ҳузурида беҳуда кўп гапирмаслик, одоб билан сўзларини тинглаш, исмлари билан чақирмаслик, юришда ёки бир жойга кириб чиқишда рухсатларисиз улардан олдин ҳаракат қилмаслик;
  • ота-оналарнинг рухсатларисиз сафарга чиқмаслик, яъни: қандай сафар бўлишидан қатъий назар, фарзандлар доимо ота-оналарининг розиликлари, дуо ва оқ фотиҳалари билан сафарга чиқишлари лозим;

Ота-онаси вафотидан сўнг фарзанд бажариши лозим бўлган баъзи амаллар:

  • ота-онанинг ҳаққига дуо ва истиғфорларни доим айтиш;
  • ота-онанинг дўстлари билан алоқани узмай, уларга яхшилик қилиш орқали ҳурматларини жойига қўйиш;
  • ота-оналарнинг васийятларини бажариш;
  • ота-она сабабли қариндош бўлганлар билан силаи раҳм қилиш.

Аллоҳ таоло ҳаёт бўлган ота-оналаримизнинг умрларини узоқ қилсин, ўтганларини эса, Ўз раҳматига ғарқ айласин!

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар

“Сolombo Times”: Ўзбекистонда “Учинчи Ренессанс” ғоясини амалга ошириш давлат сиёсатига айланган

12.08.2026   47437   3 min.
“Сolombo Times”: Ўзбекистонда “Учинчи Ренессанс” ғоясини амалга ошириш давлат сиёсатига айланган

Шри-Ланканинг “Сolombo Times” нашрида “Ўзбекистонда Янги уйғониш даври: келажак технологиялари ёрдамида буюк ўтмишни қайта тиклаш” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Шри-Ланкалик таниқли журналист Фазан Наваз томонидан ёзилган ушбу материалда сўнгги ўн йилда Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Янги Ўзбекистонни бунёд этиш, “Учинчи Ренессанс” ғоясини амалга оширишга қаратилган ислоҳотлар ва уларнинг самарали натижалари хусусида сўз юритилган.

Муаллифнинг ёзишича, Марказий Осиё марказида сокин, аммо улкан аҳамиятга эга инқилоб юз бермоқда. Бу кураш қурол-яроғ билан эмас, балки қўлёзмалар, музейлар ва микрочиплар ёрдамида амалга оширилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон Самарқанд ва Бухоро каби шаҳарлар жаҳон илм-фани, шеърияти ва фалсафасининг етакчи марказлари бўлган Ўрта асрлардаги “Олтин аср” шон-шуҳратини қайта тиклашга интилмоқда.

Бу жараённинг ўзига хос жиҳати шундаки, Ўзбекистон минг йилдан зиёд тарихга эга маданий меросни асраш, қайта тиклаш ва кенг оммага етказиш учун сунъий интеллект ҳамда рақамли технологиялардан фаол фойдаланмоқда.

Нашрда Ўзбекистоннинг бой маданий ва тарихий мероси ҳамда уни сақлаш бўйича ислоҳотларга тўхталиб ўтилган. Қайд этилганидек, бу замин инсоният тарихидаги энг буюк алломаларга бешик бўлган. Астроном ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек Самарқандда юлдузларни ҳайратланарли даражада аниқ кузатиш имконини берган расадхона барпо этган. Хоразмдаги Маъмун академияси олимлари эса Европада Ренессанс бошланишидан анча аввал математика ва тиббиёт соҳаларида юксак ютуқларга эришган эди.

Ўзбекистон етакчиси бу тарихий меросни тез-тез тилга олиб, Мирзо Улуғбекни нафақат буюк олим, балки илм-фанни энг юксак қадрият деб билган давлат арбоби сифатида таърифлайди. Давлат раҳбари бугунги янгиланиш жараёнини “Учинчи Ренессанс” деб атаб, уни Ўзбекистоннинг илму маърифат ва маданият маркази сифатидаги мавқеини қайта тиклашга қаратилган умуммиллий лойиҳа сифатида баҳолайди. Тарихчилар таъбири билан айтганда – бу атама минтақада аввал мавжуд бўлган икки буюк юксалиш давридан кейинги навбатдаги уйғониш босқичини англатади.

Муаллифнинг фикрича, Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс ғоясини амалга ошириш шунчаки гап эмас, балки давлат сиёсатига айланган. 

“Бу улкан мақсаднинг энг ёрқин рамзи жорий йил Тошкентда қад ростлаган Ислом цивилизацияси марказидир. 2026 йил март ойида 40 мамлакатдан ташриф буюрган 1500 дан ортиқ мутахассис иштирокида қуриб битказилган мазкур марказ ўз бағрида ислом оламининг энг ноёб ёдгорликларидан бири – VII асрга мансуб Усмон Мусҳафини сақлайди. Шунингдек, бу ерда илмий лабораториялар, реставрация устахоналари ва архивлар фаолият юритади. Марказ аллақачон дунёдаги энг чиройли янги музейлардан бири сифатида эътироф этилган”, – дея қайд этган журналист.

 Материалда таъкидланишича, Ўзбекистон ёндашувининг бошқалардан ажратиб турадиган муҳим жиҳати –  бу сунъий интеллектдан иқтисодий тараққиёт воситаси сифатидагина эмас, балки маданий меросни муҳофаза қилиш воситаси сифатида ҳам фойдалаётганидадир.

Сунъий интеллект туризм соҳасини ҳам тубдан ўзгартирмоқда. Бу ташаббус 2026 йилда мамлакатга 12 миллион сайёҳни жалб қилиш режасининг бир қисми ҳисобланади.

Фазан Наваз ўз мақоласини “Учинчи Ренессанс” ўз олдига қўйган мақсадларга тўлиқ эришадими-йўқми, буни вақт кўрсатади. Бироқ бугуннинг ўзидаёқ Ўзбекистон қандай йўлдан одимлаб бораётгани аниқ кўриниб турибди”, – деган сўзлар билан якунлаган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати