Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Июл, 2025   |   27 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:31
Қуёш
05:09
Пешин
12:35
Аср
17:37
Шом
19:54
Хуфтон
21:24
Bismillah
22 Июл, 2025, 27 Муҳаррам, 1447

Силаи раҳм умрни узайтиради

02.03.2018   14420   2 min.
Силаи раҳм умрни узайтиради

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилдилар: “Аллоҳ таоло ризқини кенг қилиши ва ажалини кечиктириши кимни қувонтирса, у силаи раҳм қилсин” (Бухорий ва Термизий).

Силаи раҳм дейилганида, қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлаш тушунилади. Соддароқ ифодаласак, қавм-қариндош, ёру биродарлар билан ўзаро борди-келдини узиб қўймаслик, доимо қондошлар, айниқса, улар орасидаги бетоблари ва ҳожатмандлари ҳолидан хабар олиш, қўлдан келганича уларнинг оғирини енгил қилиш каби улуғ инсоний фазилатларга силаи раҳм дейилади.

Мўътабар ақида китобларимизда, жумладан, “Ақоиди Насафий”да бундай дейилади: “Ажал биттадир”.

Шундай экан, умрни узайтиришни қандай тушуниш керак?

Баъзи уламолар бундай жавоб берганлар: “Амалларда баракот ва тавфиқ ҳосил бўлиши умрнинг бекорга ўтмаслигидир. Бу худди унинг узайганига ўхшайди”.

Айрим уламолар, силаи раҳм ўлганидан кейин яхшилик билан ёдланишига сабабдир, бу умрнинг маънан узайишидир, дейишган.

Баъзи ҳадис олимларига кўра, ажалнинг кечикиши дейилганида умрнинг ортиши эмас, балки Аллоҳ силаи раҳм қилувчининг наслидан хайрли зурриёт чиқариши тушунилади. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурида “Ким силаи раҳм қилса, ажали кечиктирилади”, дейилганида, у зот бундай марҳамат қилдилар: “Умр узаймайди. Аллоҳ таоло: “Бас, қачон уларга ажаллари келса, уни бирон соатга орқага ҳам, олдинга ҳам сура олмайдилар” (Аъроф, 34), дея огоҳлантирган. Аммо киши силаи раҳм қилса, унинг ортидан дуо қиладиган хайрли зурриёти бўлади(Табароний ривояти).

Бу масалага Ибн Ҳажар Асқалоний бундай шарҳ келтирган: “Умрнинг узайиши дейилса, бандани тоатга йўллаш ва охират учун фойдали амалларни бажаришга иштиёқ бериш, вақтини бекорга ўтказишдан сақлаш орқали умрини баракотли қилиб қўйиш тушунилади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом умматларининг умри бошқа умматларга нисбатан жуда қисқалигини айтиб, дуо қилганларида, Қадр кечаси берилган. Зеро, ким ушбу кечага етишиб, уни тоат-ибодат билан ўтказса, саксон уч йил ибодат қилганнинг савобини олиши ҳақида ҳадислар бор.

Хуллас, силаи раҳм тоатнинг ортиши ва гуноҳларнинг камайишига сабабдир, у орқали банда ўзидан яхши хотира қолдиради ва ўлганидан сўнг ҳам унга савоб ёзилиб тураверади. Мўминга асқатадиган нарсалар ичида ўзидан кейин фойдаланиладиган илм, садақаи жория ва солиҳ фарзанддир”.

“Кутуби ситта” асосида

Содиқ НОСИР

тайёрлади.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Ҳадиси шариф
Бошқа мақолалар

Сармояси эриб кетаётган одамга раҳм қилинг

14.07.2025   6140   2 min.
Сармояси эриб кетаётган одамга раҳм қилинг

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Сармоянгиз умрингиздир...

Аллома Ибн ал-Жавзий ўзининг «Мудаҳиш» номли китобига бундай ёзади:

Бир киши бор эди, у бозорда муз сотарди. Овозини чиқариб бундай дерди: Сармояси эриб кетаётган одамга раҳм қилинглар!”.

Бу киши одамларнинг юрагини юмшатиб, улардан муз сотиб олишларини сўрарди. Чунки у сотадиган муз — вақт ўтиши билан эриб кетарди. Агар у музини тезда сотиб улгурмаса, бутун сармояси йўқ бўлиб кетади. Шунинг учун у бор овози билан: Сармояси эриб кетаётган одамга раҳм қилинг!”.

Музлаб қолган сувнинг ҳар бир томчиси сизнинг тарк этган умр лаҳзангиз кабидир, у энди ҳеч қачон қайтмайди.

 

Ҳаётингиздаги саноқли кунлардан фойдаланинг…

Солиҳлардан бири айтади: «Мен “Аср” сурасини йигирма йил ўқидим, лекин унинг маъносини тушунмасдим. “Нима учун Аллоҳ инсон табиатан зиёнда деб айтяпти ва буни қасам билан таъкидлаяпти?” деб ўйлардим.

Кейин эса Аллоҳ зиёндан нажот топганларни тўртта сифат билан истисно қилади:

– иймон келтирганлар,

– солиҳ амал қилганлар,

– ҳаққа даъват этганлар,

– сабрни тавсия қилганлар.

Шунда мен “Аср” сурасидаги қасамнинг маъносини англадим: “Дунёдаги энг катта сармоя бу – умрингиз. Умрингиздан ўтган ҳар бир лаҳза эриб кетган муз каби қайтиб келмайди. Шунинг учун сармоянгизни эҳтиёт қилинг! У сиз яшаб турган вақтдир. Ажал етишидан аввал тириклик фурсатидан фойдаланинг».

Аллоҳ умримизни узун ва хотимамизни чиройли қилсин.

Сармоянгизни ўғирлаётганларга эътибор беринг!

Ҳар биримиз сармоямиз яъни вақтимизни ким ёки нималар зое қилаётганини яхши биламиз.

Аллоҳни зикр қилишдан ёки У Зотга ва Расулига итоат қилишдан бошқа нарса билан вақтни зое қилманг.

Унутманг, сармоянгиз — умрингиз!

 

Мақсудали домла ҚОСИМОВ,
Хўжаобод тумани Етти чинор жоме масжид имом-хатиби.