Савол: Баъзилар намоз бошланганида масжидга (жамоатга етиш учун) югуради. Шу тўғрими?
Жавоб: Бу хато. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Биз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқиётган эдик. Одамларнинг оёқ товушлари эшитилди. Пайғамбаримиз намозни тугатгач, улардан: “Сизларга нима бўлди?” деб сўрадилар. Улар: “Намозга шошилдик”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ундай қилманглар. Агар намозга келсаларинг, хотиржамлик билан келинглар. Намознинг қанчасига етсаларинг, уни ўқинглар, қанчасини ўтказиб юборсаларинг, уни (ўзларингиз) тўлдириб қўйинглар”, дедилар».
Шунинг учун намозга виқор билан келиш, шошмай ният қилиб, сафга туриш керак.
“Сўраган эдингиз” китобидан
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги "Кўкалдош" ўрта махсус ислом таълим муассасасида кўп йиллар ҳалол ва фидокорона меҳнат қилган ходимамиз Аҳмаджонова Нилуфар Ҳабибуллаевнанинг 50 ёшлик юбилейи муносабати билан таълим муассасаси ҳамда касаба уюшмаси томонидан тадбир ўтказилди.
Тадбирда таълим муассасаси мудири М. Эркаев, ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари Н. Джалолов ва манавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари, таълим муассасаси касаба уюшмаси раиси А.Ғаниев иштирок этишди. Муассаса мудири М. Эркаев муҳтарама опамизни шахсан ўзи табрикнома билан тақдирлади. Эсдалик совғалари билан ҳам мукофотланди.
Нилуфар опа ҳар куни тонг саҳардан илм даргоҳига келиб, унинг озода, шинам ва покиза бўлишига йилларида сабр, ихлос ва садоқат билан ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Бундай камтарин, аммо қадри баланд меҳнат барчамиз учун ибрат намунасидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Покизалик иймондандир", деб марҳамат қилганлар. Илм ва марифат масканининг таъминлаш — талабалар устозларнинг тинч, тоза ва баракали илм олишига муносиб ҳисса қўшадиган эзгу ишдир. Ана беминнат хизмат ҳар қандай эътироф ва эҳтиромга лойиқдир.
Билим юртимиз ўз ёрдамга ғамхўрлик қилишни муҳим бурч деб билади. Зеро, илм даргоҳига қилинган ҳар бир хизмат — Аллоҳнинг розилиги йўлидаги савобли амалдир. Ким илм аҳлига ва илм масканига хизмат қилса, ўша илмдан таралаётган эзгуликнинг ажридан баҳраманд бўлиши умид қиламиз.
Муҳтарама опамизга мустаҳкам соғлик-саломатлик, узоқ умр, оила бахти ва ишларида барака тилаймиз. Аллоҳ таоло ҳалол меҳнатларини ажру мукофотсиз қолдирмасин, қилган эзгу ишлари ва меҳнатларининг роҳатини кўриш узоқ йиллар давомида насиб этсин!
"Кўкалдош" ўрта махсурс ислом таълим муассасаси
матбуот хизмати