Савол: Баъзилар намоз бошланганида масжидга (жамоатга етиш учун) югуради. Шу тўғрими?
Жавоб: Бу хато. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Биз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқиётган эдик. Одамларнинг оёқ товушлари эшитилди. Пайғамбаримиз намозни тугатгач, улардан: “Сизларга нима бўлди?” деб сўрадилар. Улар: “Намозга шошилдик”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ундай қилманглар. Агар намозга келсаларинг, хотиржамлик билан келинглар. Намознинг қанчасига етсаларинг, уни ўқинглар, қанчасини ўтказиб юборсаларинг, уни (ўзларингиз) тўлдириб қўйинглар”, дедилар».
Шунинг учун намозга виқор билан келиш, шошмай ният қилиб, сафга туриш керак.
“Сўраган эдингиз” китобидан
Бугун, 17 сентябрь куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳридаги Мустақиллик саройида Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев раислигида навбатдаги VIII Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари қурултойи иш бошлади.
“Динлар мулоқоти: келажак йўлида синергия” шиори остида ўтаётган мазкур халқаро тадбирда 60 мамлакатдан юздан зиёд делегация, жумладан жаҳон динлари етакчилари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, сиёсатшунос ҳамда жамоат арбоблари келишган. Улар қаторида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ҳам иштирок этмоқда.
Қурултойнинг асосий мақсади – турли дин ва конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро мулоқот ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тинчлик, тотувлик ва бағрикенглик ғояларини тараққий эттиришга қаратилган. Шунингдек, глобал муаммолар – терроризм ва экстремизмга қарши кураш, иқлим ўзгариши, таълим, саломатлик ва иқтисодий ривожланиш каби масалалар ҳам муҳокама марказида.
Қозоғистон Репсубликаси Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев қурултойнинг очилиш маросимида сўзга чиқиб, диний ва маданий турфа хилликка эътибор қаратиши билан мамлакатни “шарқ ва ғарб, шимол ва жанубни боғловчи кўприк” сифатида таърифлади. Унинг таъкидлашича, турли дин вакиллари ўртасидаги ҳамжиҳатлик инсониятнинг барқарор ва фаровон келажаги учун муҳим аҳамиятга эга.
Анжуман доирасида турли секциялар ва давра суҳбатлари ташкил этилган. Эртага, 18 сентябрь куни Ёш диний етакчиларнинг II форуми ҳам ўтказилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати