عن أبي موسى الأشعري رضي الله عنه عن رسول الله صلي الله عليه وسلم : قال تَعَاهَدُوا هَذَا الْقُرْآنَ فَوَالَّذِي نَفْسُ مُحَمَّدٍ بِيَدِهِ لَهُوَ أَشَدُّ تَفَلُّتًا مِنْ الْإِبِلِ رواه البخاري ومسلم
Абу Мусо Ашъарийдан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу Қуръондан хабар олиб туринглар. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зотга касамки, у қочиб кетишда тушовда турган туядан ҳам кучлироқдир”, дедилар. (Бухорий ва Муслим ривояти.)
وعن ابن عمر رضيالله عنهما أن رسول الله صلي الله عليه وسلم : قال إِنَّمَا مَثَلُ صاحِبِ القُرآنِ كَمَثَلِ الإِبلِ المُعقَّلَةِ إِنْ عاهَدَ عَلَيْها أمْسَكَها، وَإِنْ أطْلَقَها ذَهَبَتْ رواه مسلم والبخاري
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Қуръон соҳиби ҳудди тушовланган туя соҳибига ўҳшайди. Агар ундан хабардор бўлиб турса уни тутиб туради. Агар тек қўйса кетиб қолади”, дедилар. (Бухорий ва Муслим ривояти.)
وعن أنس بن مالك رضي الله عنه قال قال رسول الله صلي الله عليه وسلم : عُرِضَتْ عَلَيَّ أُجُورُ أُمَّتِي حتَّى القَذَاةُ يُخْرِجُها الرَّجُلُ مِن المَسْجِدِ، وَعُرِضَتْ عَلَيَّ ذُنُوبُ أُمَّتِي فَلَمْ أَرَ ذَنباً أعْظَمَ مِنْ سُورَةٍ مِنَ القُرآنِ أوْ آيَةٍ أُوتِيهَا رَجُلٌ ثُمَّ نَسِيَها رواه أبو داود والترمذي
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга умматимнинг савоблари, ҳаттоки киши масжиддан чиқариб ташлаган чўпнинг савоби ҳам кўрсатилди. Сўнг менга умматимнинг гуноҳлари кўрсатилди. Мен бир кишига Қуръондан бир сура ёки бир оят берилиб, уни унутиб қўйганидан кўра каттароқ гуноҳни кўрмадим”, дедилар. (Абу Довуд ва Термизий ривояти.)
وعن سعد بن عبادة عن النبي صلي الله عليه وسلم : قال مَنْ قَرأ القُرآنَ ثُمَّ نَسِيَهُ لَقِيَ اللَّهَ تَعَالى يَوْمَ القِيامَةِ أجْذَمَ رواه أبو داود والترمذي
Саъд ибн Убода[1]розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Қуръонни ўқиб сўнг ёддан чиқарса қиёмат кунида Аллоҳ таолога мохов ҳолатида йўлиқади”, дедилар. (Абу Довуд ва Термизий ривояти.)
"Новза" жомеъ масжиди имом-хатиби
Тошкент ислом институти кафедра мудири
[1]Саъд ибн Убода ибн Далий ибн Ҳориса Хазражий Ансорий. Хазраж қабиласининг саййиди. Абу Собит ва Абу Қайс деган кунялари ҳам мавжуд. Бадр ғазотига борганлиги ҳақида ихтилофлар мавжуд. У, отаси, бобоси ва фарзанди сахийликлари билан машҳур бўлишган. Ундан Абу Довуд, Термизий, Насоий ва ибн Можалар ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 15-йили вафот этган.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда кўп ёки тез овқат ейиш бўйича “мусобақа”лар оммалашиб бормоқда. Баъзилар буни шунчаки қизиқарли шоу деб билса, бошқалар уни рекорд ўрнатиш воситаси сифатида қабул қилади. Бироқ Ислом таълимотида ҳам, замонавий тиббиётда ҳам инсон организмини зўриқтириши ва исрофга йўл қўйиши тақиқланади.
Ислом меъёрни буюради
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки, У исроф қилувчиларни севмас” (Аъроф сураси, 31-оят).
Ушбу оят нафақат овқатнинг ҳалол бўлишини, балки унинг миқдори ҳам меъёрда бўлиши лозимлигини англатади. Зеро, ортиқча овқат ейиш ҳам исрофнинг бир кўриниши ҳисобланади. Бу оят “бутун тиб илмини ўзида жамлаган оят” дея ҳатто ғайридинлар томонидан эътироф этилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Одам боласи қорнидан кўра ёмонроқ идишни тўлдирмаган. Одам боласига қаддини тутиб турадиган бир неча луқма кифоя. Жуда бўлмаса (ошқозонининг) учдан бирини таомига, учдан бирини ичимлигига, учдан бирини нафасига (ҳавога) ажратсин”, дедилар (Имом Темизий, Имом Ибн Можа ривояти).
Бу ҳадис соғлом овқатланишнинг энг қисқа ва мукаммал дастури саналади.
Ибн Сино: “Касалликнинг иккита сабаби бор. Бири кўп ейиш, иккинчиси тўқ қоринга ейиш”, деган.
Илмий факт: ошқозон тўйганини дарҳол билдирмайди
Инсон овқатланаётганда тўйиш ҳақидаги сигналлар ошқозондан мияга тахминан 15-20 дақиқа ичида етиб боради. Шу сабабли жуда тез овқатланган одам эҳтиёжидан анча кўп овқат истеъмол қилади.
Тадқиқотларда тез овқатланувчи инсонларда ортиқча вазн, семириш, 2-тур қандли диабет хавфи юқори экани аниқланган.
Ошқозоннинг имконияти чекланган
Оддий ҳолатда инсон ошқозонининг ҳажми тахминан 1-1,5 литр атрофида бўлади. У маълум даражада кенгайиши мумкин, аммо қисқа вақт ичида бир неча литр овқат ва суюқлик қабул қилиш ошқозон деворини зўриқтиради. Кўп овқат ейиш эса, ошқозоннинг ҳаддан ташқари кенгайиши, ошқозон ҳаракатининг вақтинча тўхтаб қолиши, ҳатто ошқозон ёрилиши каби ўлимга олиб келади.
Аниқ факт: хот-дог ейиш мусобақаларида ўлим ҳолатлари кузатилган
Тез овқат ейиш мусобақаларида энг катта хавфлардан бири – бўғилиш.
Хот-дог, гамбургер ёки катта бўлакли гўштни жуда тез ютиш натижасида овқат нафас йўлига тушиши мумкин. Бундай мусобақалар вақтида бўғилиш сабабли бир қанча иштирокчилар вафот этгани кузатилган.
Юрак ва қон айланишига таъсири
Катта ҳажмдаги овқат ҳазм қилиниши учун ҳазм тизимига кўпроқ қон юборилади. Бу ҳолат юрак уришининг тезлашишига, қон босимининг ўзгаришига ва юрак ишининг оғирлашишига сабаб бўлади. Юрак-қон томир касаллиги бор инсонларда бу ҳолат янада хавфли.
Инсон танаси – омонат
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сенда танангнинг ҳам ҳаққи бор”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Демак, инсон танаси билан тажриба ўтказиш, уни кўнгилочар мусобақалар учун зўриқтириш Исломнинг инсон саломатлигини асраш тамойилига зиддир. Шунинг учун, инсон ўз жонига ҳам, танасига ҳам қасддан зарар етказмаслиги лозим.
Хулоса
Мўмин киши овқатни нафсни қондириш ёки рекорд қўйиш учун эмас, балки Роббисига ибодат қилишга қувват бўлиши мақсадида, меъёр билан истеъмол қилади. Чунки меъёр – Исломнинг гўзал фазилатларидан бири, саломатлик эса Аллоҳнинг энг катта неъматларидандир.
Даврон НУРМУҲАММАД