بسم الله الرحمن الرحيم
ФИРИБГАРЛИК – ОҒИР ЖИНОЯТ
Муҳтарам биродарлар! Кейинги вақтларда жамиятимизда ўзгаларнинг молини ноҳақ йўллар билан ўзлаштириш, хусусан фирибгарлик жинояти тез-тез содир бўлиб турмоқда. Аждодлари дину диёнат, ахлоқу одоб, ор-номус, ҳалолу покликка одатланган ўзбек халқининг авлодларидан мазкур жиноятга қўл ураётганларнинг учраши ачинарли ҳолдир. Ҳолбуки, динимизда бировнинг молини алдов, фирибгарлик, чув тушириш йўли билан ўзлаштиришдан қаттиқ қайтарилган. Қуръони каримда бу ҳақда шундай баён этилган:
وَلَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ وَتُدْلُوا بِهَا إِلَى الْحُكَّامِ لِتَأْكُلُوا فَرِيقًا مِنْ أَمْوَالِ النَّاسِ بِالْإِثْمِ وَأَنْتُمْ تَعْلَمُونَ
(سورة البقرة/188)
яъни: “Мол (ва бойлик)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз! Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўли билан ейиш (ўзлаштириш) мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз!” (Бақара сураси, 188-оят).
Фирибгарлик жинояти молни ботил йўл билан ейишнинг бир кўриниши бўлиб, бундай йўл билан топилган мол оташи дўзахнинг бир бўлаги ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз )с.а.в.( қуйидагича марҳамат қиладилар:
عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا زَوْجِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ سَمِعَ خُصُومَةً بِبَابِ حُجْرَتِهِ فَخَرَجَ إِلَيْهِمْ فَقَالَ:"إِنَّمَا أَنَا بَشَرٌ وَإِنَّهُ يَأْتِيْنِي الخَصْمُ فَلَعَلَّ بَعْضُكُمْ أَنْ يَكُونَ أَبْلَغَ مِنْ بَعْضٍ فَأَحْسِبُ أَنَّهُ صَادِقٌ فَأَقْضِي لَهُ بِذَلِكَ فَمَنْ قَضَيْتُ لَهُ بِحَقِّ مُسْلِمٍ فَإِنَّمَا هِيَ قِطْعَةٌ مِنَ النَّارِ فَلْيَأْخُذْهَا أَوْ لِيَتْرُكْهَا"
(رواه الامام البخاري)
яъни: Пайғамбар (с.а.в.)нинг аёллари бўлмиш Умму Салама (р.а.) ривоят қилиб айтадилар, Расулуллоҳ с.а.в. ҳужраларининг олдида жанжал овозини эшитиб, ташқарига чиқдилар ва дедилар: “Мен ҳам бир инсонман. Менинг ҳузуримга ҳақ талашиб, даъво билан келиб турасизлар. Балки бирингиз бошқангиздан сўзга чечанроқ бўлиб чиқарсиз ва мен уни рост гапиряпти, деб шунга қараб ҳукм чиқараман. Лекин билиб қўйингки, мен кимга бирор мусулмоннинг ҳаққини олиб берган бўлсам, ўша нарса дўзахнинг бир чўғидир. Хоҳлаган уни олсин, хоҳламаган олмасин” (Имом Бухорий ривояти).
Муҳтарам жамоат! Сир эмаски, кейинги вақтларда баъзи кишилар одамлардан қарзга ёки шерикчиликка, деб пул олиб, охир-оқибат уни қайтармай ўртада низо чиқиши, яқин кишилар бир-бири билан юз кўрмас бўлиб кетиши ҳолатлари кузатилмоқда. Албатта, зарурат учун қарз олиш ёки шерикчилик билан шуғулланиш жоиз. Бироқ, олган қарзни пайсалга солмай қайтариш, шерикчиликда эса хиёнат қилмаслик лозим. Акс ҳолда бошланган ишлар ортга кетиб, касодга учраши тайин. Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қилганлар:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "مَنْ أَخَذَ أَمْوَالَ النَّاسِ يُرِيدُ أَدَاءَهَا أَدَّى اللَّهُ عَنْهُ وَمَنْ أَخَذَها يُرِيدُ إِتْلَافَهَا أَتْلَفَهُ اللَّهُ"
(رواه الامام البخاري)
яъни: Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади, Пайғамбар (с.а.в.) дедилар: “Ким одамларнинг молини қайтариб бериш мақсадида олса, Аллоҳ таоло унга ёрдамчи бўлади. Ким одамларнинг молига талофат етказиш (чув тушириш) учун олса, Аллоҳ таоло унинг ўзиги талофат етказади” (Имом Бухорий ривояти).
Айниқса, савдо-сотиқ вақтида ҳаридорга фириб бериш, масалан, айбли молни айбини яшириб сотиш ёки сохта молни асл мол, деб сотиш энг оғир гуноҳдир. Қуйидаги ҳадислар бунга очиқ далил бўлади:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّه عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَرَّ عَلَى صُبْرَةِ طَعَامٍ فَأَدْخَلَ يَدَهُ فِيهَا فَنَالَتْ أَصَابِعُهُ بَلَلًا فَقَالَ: "مَا هَذَا يَا صَاحِبَ الطَّعَامِ" قَالَ أَصَابَتْهُ السَّمَاءُ يَا رَسُولَ اللَّهِ قَالَ: "أَفَلَا جَعَلْتَهُ فَوْقَ الطَّعَامِ كَيْ يَرَاهُ النَّاسُ مَنْ غَشَّ فَلَيْسَ مِنِّي"
(رواه الامام مسلم)
яъни: Расулуллоҳ (с.а.в.) дон сотаётган одамнинг ёнидан ўтиб қолибдилар. Унинг дони орасига қўл тиқиб кўрсалар, намланиб қолган экан. “Бу нима?!” деб сўрадилар. Сотувчи: “Эй Расулуллоҳ! Унга ёмғир тегибди”, деди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Уни устига қўймайсанми, одамлар кўрар эди” дедилар ва “Кимки алдаса, мендан эмас!” дедилар (Имом Муслим ривояти).
Ҳадисдаги “ғаш” луғатда “алдамоқ, фириб бермоқ, сохталаштирмоқ” маъноларида келади. Демак, умумий маънода алдов, фирибгарлик, бирор нарсани сохталаштиришлик мусулмоннинг иши эмас экан. Яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деганлар:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "لاَ تُصِرُّوا الْإِبِلَ وَالْغَنَمَ فَمَنْ اِبْتَاعَهَا فَهُوَ بِخَيْرِ النَّظَرَيْنِ بَعْدَ أَنْ يَحْلِبَهَا إِنْ شَاءَ أَمْسَكَهَا وَإِنْ شَاءَ رَدَّهَا وَصَاعًا مِنْ تَمْرٍ"
(متفق عليه)
яъни: Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қиладилар, Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: “Туя ва совлиқларингизни (серсут қилиб кўрсатиш мақсадида) атайлаб соғмай қўймангизлар! Кимки (билмай) шундай ҳайвонни сотиб олган бўлса, унинг ихтиёрида икки йўл бордир, бири - уни ўзида олиб қолмоқлик, иккинчиси - уни эгасига қайтариб бермоқликдур. Агар қайтариб берадирган бўлса (бир-икки кун соққани учун) бир соъ хурмо қўшиб берсин!” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Демак, соғин сигир ва қўйларни сотишда ҳадисда баён этилганидек, фирибгарлик усулларини қўллаш ҳам жоиз эмас. Бизнинг ҳанафий мазҳабимизда борди-ю молни қайтариб бериладиган бўлса, унга хурмо қўшиб берилмайди, дейилган.
Муҳтарам жамоат! Мавъизанинг ҳанафий мазҳабимиздаги фиқҳий масалалар қисмида мусофирнинг намози ҳақида суҳбатлашамиз.
Бир киши уч кеча-кундузлик масофани ният қилиб сафарга чиқса, мусофир ҳисобланади. Қасд қилган жойига боргандан кейин ўзига қарайди, агар 15 кун ёки ундан ортиқ вақт туриш режаси бўлса, муқим киши ҳукмида бўлади. Аммо 15 кундан оз муддатда қайтиш режаси бўлса ёки қачон қайтиши номаълум бўлса, мусофир ҳукмида қолади.
Шариатимизда мусофирга тегишли алоҳида масалалар мавжуд бўлиб, уларнинг баъзилари билан танишиб ўтамиз:
Аллоҳ таоло барчамизни ҳаромдан ҳазар қилиб, ҳалоллик билан умргузаронлик қилишимизга муваффақ айласин! Омин!
Мана, бу йилги Ҳаж сафарини адо қилиш учун юртимиздан отланган барча зиёратчилар муқаддас амалларни бажариб, эсон-омон ватанга қайтдилар. Бу улуғ сафар ниҳоя топган бўлсада, унинг хотираси доимо ёдда қолади.
Юртимиздан 15 000 дан зиёд, Фарғона вилоятидан эса 1600 дан ортиқ мўмин-мусулмонлар Ҳаж амалларини адо этдилар. Зиёратда бўлган ҳожиларнинг айримлари таассуротларини бўлишди.
Иброҳимжон Рустамов:
– Ҳожиларнинг улуғ сафарга йўл олишида ҳужжат ишларидан тортиб, шифокор кўригидан ўтишгача барча жараёнлар тизимли ва хавфсиз ташкил этилди. Мадинаи мунавварага келиб, амалларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзаларига кириш билан бошлаш биз учун жуда хурсандлик бағишлади. Ўзимизнинг ва юборилган саломларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамда ҳазрати Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳуларга етказдик. Дуоларда юртимиз тинчлиги, эл фаровонлиги, яқинларимиз ва барча юртдошларимизнинг хайрли ҳолати учун илтижо қилдик.
Зиёратлар чоғида Уҳуд ва Қубо масжиди, икки қиблали масжид ва бошқа муқаддас жойлар саёҳат қилинди. Илмий суҳбатлар ва тарихий воқеалар қалбимизга чуқур таъсир қилди. Мадинадаги вақтимиз ибодат билан ўтди.
Маккаи мукаррамага автобусларда “Лаббайка” садолари остида йўл олдик ва шу куниёқ гуруҳимиз билан тўлиқ Умра ибодатини адо этдик. Мино, Арофот, Муздалифа ва Каъба атрофидаги ибодатлар давомида жамоавий дуо ва зикрлар билан тавоф қилиш, гуруҳимиз тартиби ҳамда бирдамлиги бошқалар учун ҳам ибрат бўлди.
Шу улуғ сафарда ўзимни мусулмон ва ўзбекистонлик сифатида бахтли ҳис этдим. Ҳотиржам ибодат қилишимга яратилган имкониятлар учун юрагимдан шукроналар айтдим. Гуруҳимиздаги ҳар бир зиёратчи юрт тинчлиги, оилалар баракати, фарзандлар саодати учун чин дилдан дуо қилди.
Бу сафар биз учун буюк имконият бўлди. Барча ташкилотчилар, йўлбошчилар, хизматчилар ва, албатта, давлатимиз раҳбариятига чуқур миннатдорлик изҳор этамиз. Келгусида манавият тарғиботчиси сифатида ватанимга ва халқимга сидқидилдан хизмат қилишда давом этаман, инша Аллоҳ.
Қурбонали Арипов:
— Ҳаж сафари жуда чиройли ўтди. Жуда ҳам ҳурсандмиз. Президентимизга шундай шароитларни яратиб берганликлари учун миннатдорчилик билдирамиз. Юртимиз учун дуолар қилдик, муқаддас зиёратни адо этишга имкон бўлган кунларга шукроналар айтамиз. Эндиликда маҳалламизда ёшларга таълим-тарбия беришда, маънавият тарғиботида фаол иштирок этамиз. Эзгу ишларга бош-қош бўлишга ҳаракат қиламиз.
Ҳожиларнинг улуғ сафарга келишида ҳужжат тайёрлашдан тортиб шифокор кўригидан ўтишда тизимли иш ташкил этиб, намунали ҳолда хавфсизлигимизни таъминлаб, бизни сафарга кузатишди.
Толибжон Ўрмонов:
— Мен аввал зиёратга борганлардан эшитган-билганларимга таққосласам, буйилги зиёрат умуман ўзгача бўлди. Ишчи гуруҳ, эликбошилар хизматини алоҳида қайд этиш керак. Давлат раҳбарининг ҳожиларга берган эътибори ҳаммани хурсанд қилди.
Муборакхон Иномова:
— Таассуротларимни тил билан ифодалай олмайман, Мадинаи мунаввара, Маккаи мукаррама каби улуғ даргоҳларга аввало қадамим етгани мен учун катта бахт. Айниқса, юртбошимизни бизни ортимизда туриб ҳол-аҳвол сўрагани, бизга табрик йўллаганларидан кўзимга ёш олдим. Жуда ҳам қувондим, шундай президентим борлигидан.
Қайси бир ҳожи билан суҳбатлашманг юзида хурсандчилик ва шукроналик ифодасини кўрасиз. Аллоҳ барчаларини ибодату дуоларини қабул қилсин!
Раҳматуллоҳ Жалилов
тайёрлади