Мусо алайҳиссалом муножотида: “Эй Аллоҳ мени баъзида кичик кичик ҳожатларим тушиб қолади, шу кабиларни ҳам сендан сўрайми ёки сендан бошқасидан ҳам сўрайверайми?» Шунда Аллоҳ: لا تسأل غيري “Мендан бошқасидан сўрама”, деди.
Инсон арзимас, каттами кичикми нарсага муҳтож бўлса ҳам Роббисидан сўрасин, чунки Аллоҳдан бошқа ризқ берадиган зот йўқ.
Гўёки сизни бир яқин инсонингиз бор, у сизни ҳожатмандлигингизни билади ва сизга ғамхўрлик қилиб: “Бирор ёрдам керак бўлса менга айтгин, қўлимдан келган ёрдамимни сендан аямайман, мен туриб бошқасига бориб бошингни эгиб ялинишингни хоҳламайман, ҳаё қиламан”, дейди. Бу дегани иккиси ўртасида яқинлик, дўстлик ниҳоятда кучли эканлигини билдиради. Аллоҳ таолочи? Мўмин бандаларининг дўстику, энг яқин Зотку. Аллоҳ таоло ҳам ўзи турганда, ўзида бўлатуриб, беришга қодир бўлатуриб бировдан сўраган яқин бандасига ғазаби келади, гўёки Аллоҳ таоло ҳам бизга бўлган муҳаббати ниҳоятда кучли эканлигидан: “Эй бандам юзингни сувини бировга оқизмай шуни мендан сўрасанг мен ўзим берардимку”, дейди.
Муҳаммад Ротиб Набулсийнинг “Аллоҳнинг гўзал исмлари энциклопедияси” номли асаридаги Аллоҳнинг «الرزاق» сифати бобидан Илҳомжон Мадалиев таржимаси
Манба: http://ukkosha.shosh.uz
Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари йиғилиши доирасида улуғ мутафаккир, тасаввуф олими Саййид Яҳё Бокувий меросига бағишланган халқаро конференция ўз ишини бошлади.
Ушбу нуфузли тадбирда Туркий давлатлар ташкилоти, Бутунжаҳон мусулмон донишмандлар кенгаши, IRCICA, ICESCO, Ал-Азҳар уламолар кенгаши вакиллари ҳамда етук шарқшунос ва исломшунос олимлар иштирок этмоқда.
Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари маъруза қилдилар.
Муфтий ҳазратлари Саййид Яҳё Бокувийнинг тасаввуф тарихидаги мақоми ва унинг таълимоти ҳақида тўхталдилар. Шунингдек, нутқда аллома нафақат тасаввуф, балки диний илмлар, табиий ва аниқ фанларни эгаллаган қомусий олим бўлгани, ўттизга яқин асарлари инсон нафсини тарбиялашда муҳим қўлланма экани таъкидланди.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қуръони карим ва ҳадиси шарифларга таянган ҳолда қалб саломатлиги ва поклиги инсон ҳаётининг бош мезони эканини баён этиб, туркий халқларни боғлаб турган умуммаънавий илдизларга алоҳида урғу бердилар:
«Ҳазрат Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд ва Саййид Яҳё Бокувий каби буюк зотлар илгари сурган нафс тарбияси, инсонпарварлик ва юксак ахлоқ ғоялари бугун ҳам қардош халқларимизни бирлаштириб турувчи мустаҳкам маънавий кўприкдир. Бундай улуғ сиймолар меросини ҳамкорликда ўрганиш халқларимизнинг маънавий бирлигини мустаҳкамлаш ва ёшларимизни соғлом эътиқод руҳида тарбиялашга хизмат қилади».
Уч кунлик анжуман давомида Ўзбекистон илмий жамоатчилиги ҳам маърузалар билан иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати