Бугун эрта тонгдан Ҳақ таоло каломини эшитишга муштоқ бўлган қашқадарёлик мўйсафид отахонлар, талаба-ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари Қарши шаҳридаги “Бахтли оила” кошонасига жам бўлишди.
Айни дамларда ушбу вилоятда мусобақанинг вилоят босқичига оқ фотиҳа берилди. Кошонага йиғилган барча-барча Қуръон ошиқлари қорилар қироатидан баҳраманд бўла бошлашди. Дастлаб энг машҳур зийнат қори Ҳасанхон қори Абдулмажидхон тиловати билан бошланди.
Шу ўринда бир мутасаввиф шоирнинг тўртлигини келтирамиз:
Кимки Қуръон ўқувчидир, азоб бўлмас,
Яна Қуръон ўргатганга ҳисоб бўлмас,
Маъно билган зотга парда-ҳижоб бўлмас,
Васли аён бўлсин десанг, Қуръон ўқи.
Шундай экан азизлар, мана шу шеърда битилган илоҳий ваъдаларга эришмоқчи бўлсангиз, қорилар мусобақасини биз билан бирга кузатинг.
Бизнинг muslim.uz портали ва ижтимоий тармоқларни кузатиб боринг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
#xabar #muftiy #juma
Бугун, 18 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари жума намозини Тошкент шаҳридaги "Яккасарой" жоме масжидида адо қилдилар.
Муфтий ҳазратлари жамоат намозидан олдин йиғилганларга “Ўзганинг ҳаққидан ҳазар қилайлик!” мавзусида манфаатли суҳбат қилиб бердилар.
Мавъизада бугунги кунда бировнинг молини нотўғри йўл билан ейиш ва ўзганинг хаққига хиёнат қилишдек оғир гуноҳлар, жумладан, қарзини қайтармаслик, тарозидан уриш, муаллифлик ҳуқуқини поймол қилиш, порахўрлик, қиморбозлик, фирибгарлик каби иллатлардан ҳазар қилиш лозимлигини қатъий таъкидладилар.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қуръони каримдаги: “Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз!...” (Нисо сураси, 29) оятини шарҳлаш асносида Аллоҳ таоло инсониятни Ер юзида ҳалол ризқ талаб қилишга амр этгани, унинг акси бўлмиш ҳаромдан ҳазар қилишга буюргани ҳамда ҳалол ва ҳаром нарсаларни очиқ баён қилганини айтиб ўтдилар.
Суҳбат якунида Ҳақ таолодан элу юртимиз тинчлик-фаровонлиги ва ҳалол-пок молу давлат топиш, ноҳақ-ботил йўллар орқали келадиган моллардан асрашини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати