Давоми...
Мактабнинг биология дарслигида ҳар бир ўсимлик ва ҳайвоннинг бир-биридан фарқли минглаб белгилари бор экани ёзилган. Ана шу нишонада муайян ген, ДНК молекулаларининг кичик парчаси бор. Айнан ўша парча ўсимлик ва ҳайвоннинг ўзига хос хусусиятини намоён этади. Нишонани намоён этувчи ген йўқотилса, ўша заҳоти нишонанинг ўзи ҳам йўқолади. Аксинча, агар ўсимликка янги ген қўшилса, унда янги нишона пайдо бўлади. Ўсимликнинг ана шу тартибда ўзгартирилганини мутант ёки генетик модификация бўлган организм деб аташ мумкин.
Замонавий фан шу қадар илдамлаб кетдики, ҳозирги вақтда икки-уч генни олиб ташлаш ёки қўшиб юбориш унга сира ҳам муаммо эмас. XX аср сўнгида ўсимлик ва ҳайвонларни сунъий равишда ўзгартириш (модификациялаш) тажрибалари кенг ёйилиб кетди. Айтайлик, асл шакли ва мазасининг сифатини йўқотмасдан узоқ вақт сақланиб турадиган помидор яратилиши кимнинг хаёлига келибди дейсиз. 1994 йил АҚШдаги савдо расталарида яшил помидор пайдо бўлди. Бу помидор айнимасдан-чиримасдан ойлар давомида тураверар эди. Дўконда ям-яшил бўлиб турган помидорни харидор уйига олиб келганда у одамнинг кўз ўнгида қип-қизил тус олди. Аён бўлишича, помидор совуққа чидамлиликни қутб қалқонбалиғидан олган экан. Помидор 12 даража иссиқда узоқ вақт яшил ҳолатини сақлаб тура олади, иссиқлик даражаси ошгани заҳоти қизаради. Колорадо қўнғизи картошканинг офати эди. Ген инженерлари унга чаённинг генини қўшгандан кейин қўнғиз картошкага бурилиб ҳам қарамайдиган бўлди. Генетик модификацион фермент қўшилган ноннинг узоқ вақт суви қочмайдиган бўлди, тамакининг заҳарли химикатларга чидамлилиги ортди.
Аллоҳ таоло Ўзининг муборак Каломида шайтони лаъиннинг Одам авлодларини йўлдан оздириб, уларни не куйларга солишини инсонлар ўргансин, унинг алдовларига учмасин, дея Иблиснинг ўзига гапиртириб қўйган:
“Уларни адаштираман, хом хаёлларига соламан, уларга амр қилсам, чорваларнинг қулоқларини кесарлар ва уларга амр қилсам, Аллоҳнинг яратганини ўзгартирарлар», деди. Кимки Аллоҳни қўйиб шайтонни дўст тутса, батаҳқиқ, очиқ-ойдин зиёнга учрайдир. (Яъни, Аллоҳ шайтонни лаънатлади, ўз раҳматидан қувди. Шайтон эса, қувилаётган пайтда: «Қасамки, бандаларингдан маълум насибани оламан», деди. Мени шуларнинг сабабидан лаънатлаяпсан, мен булардан маълум миқдорни ўз йўлимга чиқариб, куфр ва исёнга чорлайман, деди. Яъни, бандаларингни тўғри йўлдан–сенинг йўлингдан адаштираман ва уларни хом хаёлларга соламан–умримиз узун бўлади, маза қилиб юрамиз, қайта тирилиш ҳам, ҳисоб-китоб ҳам, қиёмат ҳам йўқ, деб юраверадиган қилиб қўяман, дейди)” (Нисо сураси, 119-оят).
Танганинг икки томони
ГМОга қарши бўлганларга “Монсанто” вакиллари “Ҳар доим янгиликларни рад этиш инсон зотининг табиатида бор”, дейди. Биз улар даъво қилгандек, кўр-кўрона эътироз билдирувчилар бўлиб қолмаслик учун ГМОнинг ижобий ва салбий жиҳатларини ўрганиб кейин уни тарози палласига солиб қарайлик.
Генетик модификацияланган организмлар аждодлари каби ўсиб ҳосил бериш билан кифояланмайди, анъанавий навлар турли об-ҳаво шароитларида нобуд бўлганда ҳам улар яшайверади. Уларнинг аксарига кутилмаганда тушган совуқлар, сув тошқинлари ёки қурғоқчиликлар ҳам писанд эмас. Баъзи ўсимликлар томири шу қадар яхши ривожланганки, улар намни энг юқори даражада ушлаб туради. Қуйи температурага сезгир бўлган айрим навлар чидамлилиги ортиб эрта баҳорданоқ ҳаракатга кела бошлайди. Шунингдек, буғдойнинг тез етиладиган навлари ҳам яратилди.
Ўсимликларнинг гени ўзгаришидан уларга етадиган фойдалар:
Нега кўпчилик ГМОни севмайди?
2005 йил “Монсанто” компаниясининг 1996 йил трансген соянинг инсон соғлигига қанчалик хавфсизлиги устида олиб борган тадқиқот ишини яширгани фош бўлиб қолди. Бу ахборот қўлга киритилгач, ГМ соя таркибида оқсил ва бошқа тўйимли моддалар сезиларли даражада камлиги, бироқ қовурилган ГМ соя таркибида оқсилнинг икки баробар юксалиб, инсон организмининг бошқа озуқаларни ҳазм қилишига тўсқинлик қилиши маълум бўлди. Боз устига қовурилган ГМ соя таркибида аллергия чақиришнинг асосий манбаи бўлган ингибитор трипсин етти баробар кўп экани аниқланди. Шунингдек, “Монсанто” ҳайвонларни ГМ жўхори билан боқиб кўрган тажрибаси хулосаси натижасини Европа Иттифоқи талаб этганда бу хулосани тижорат сири деган важ билан тақдим этишдан бош тортган. Кейинчалик Германия давлат суди компанияга ўша хулосани эълон қилишни юклаб ҳукм чиқарди.
ГМ маҳсулот савдо расталарида
Соя тозаланган ёғ, маргарин, пишириқлар учун ишлатиладиган мой (жир), майонез ва бошқа салат қайлалари, қайнатилган колбаса, макарон ва ҳатто болалар овқатлари таркибида бор. Соядан пазандалик ишларида қуюқлаштириш учун фойдаланиладиган эмульгатор ҳам олинади.
Генетик модификация қилинган соя маҳсулотларидан кейингиси – жўхори. Бозорларда, кўча юзида, бекатларда сотилаётган попкорнлар юз фоиз ГМО жўхоридан тайёрланади. 2000 йилнинг кузида ўнлаб америкаликлар тез ёрдам машиналарида касалхоналарга ташилди. Маълум бўлишича, улар балиқ гени қўшилган жўхори чипсидан заҳарланган экан. Аксари вафот этди.
Айнан ўша йили Марказий Африканинг энг қашшоқ давлатларидан бири бўлган Замбияда қаттиқ қурғоқчилик бўлди. Ҳар куни юзлаб болалар ва катталар очликдан ўла бошлади. Бунинг оқибатида қишлоқларнинг тўқсон фоизи йўқ бўлиб кетди. БМТ мамлакат аҳолисига ёрдам учун юзлаб тонна ГМО маҳсулотлар ёрдамга юборди. Аммо мамлакат раҳбарлари бу ёрдамни қабул қилишдан бош тортди. Замбиядан ташқари яна 26 та Африка давлатларида ГМ маҳсулотлар олиб кириш тақиқланган. Агар давлат раҳбарлари ўша оғир шароитда кўпроқ одамлар ҳаётини сақлаб қолиш учун ГМО маҳсулотларни мамлaкатига киритганида мақсадига эришган бўларди. Аммо кейин бу маҳсулотлар оқимига ҳеч қачон чек қўя олмас эди. Чунки халқ ГМОни ейишга ўрганиб қоларди ва бунинг оқибати қурғоқчиликдан-да ёмонроқ бўлиб, мамлакат аҳолиси ёппасига қирилиб кетиши мумкин эди.
Тез етиладиган товуқларнинг асосий экспортчилари – АҚШ ва Бразилия. Бу давлатларда етиштириладиган товуқлар кўп йиллардан бери ГМО соя ва ГМО жўхори билан боқилади. Инсон танасига ана шу товуқ гўшти орқали бегона ДНК кириб келади ва вақти етиб ўта салбий таъсирини намоён этади. Ўзи унинг таъсири сезила бошлаганига анча бўлди. Ҳатто оддий одамлар ҳам супермаркетларда, бозорларда сотилаётган “грил”лардан рак касали келиб чиқаётганини гапириб юрибди.
Аслида биотехнология совуқ уруш даврида инсонларни ўлдирувчи қурол сифатида пайдо бўлган эди. Мамлакатлар бир-бирига инсонларнинг уруғини кесишга мўлжалланган ГМО гуруч, соя, жўхори ва бошқа маҳсулотларни экспорт қилар эди... (http://www.gq.ru/taste/social/67226_chem_opasen_gmo.php.)
Туркиянинг Хатай вилояти деҳқончилик ишлари мудири Бестами Забун истеъмолчилар мева ва сабзавотларнинг катта ва чиройлисини эмас, аслиятини талаб қилаётганини, эндиликда фермерлар талаб ва таклифларга биноан генетик инженерия аралашмаган маҳсулотлар етиштиришга эътибор қараётганини айтди. Унинг бу гапларини ўқиб, ўтган йили Истанбулда бир ошпаз одам менинг ўзбеклигимни эшитиб, “Ўзбекистондан беш килогина жўхори уруғи олишим керак-да, томорқамга экмоқчи эдим, яқинда келадиган одам йўқми?” деб сўрагани ёдимга тушди. “Нега? Бу ерда ҳар қадамда жўхори-ку” деган эдим. У “Булар яхши эмас, американики” деди.
Европа давлатларидаги савдо расталарида генетик ўзгаришга учраган маҳсулотларга ўтган асрдаёқ махсус ёрлиқ ёпиштирилган. Харидор ана шу ёрлиққа қараб нима сотиб олаётганини билиб олади.
2008 йил Россия федерациясида ҳам таркибида ГМО бор маҳсулотларга махсус ёрлиқ ёпиштирилиши ҳақида қонун қабул қилинди.
Маҳсулотнинг қимматроғи ва кўримсизроғи – табиийси, ялтироғи ва арзонроғи – ГМО. Харидор таъбига қараб олаверади.
Дамин ЖУМАҚУЛ
ЎМИ Матбуот хизмати
Давоми бор...
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
#Мустақилликнинг 35 йиллиги
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик тўйи яқинлашиб, жойларда байрам шукуҳи кеза бошлади. Бундан дилда шукроналик ҳисси ортмоқда.
Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб, бундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайди. Улар хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таъолонинг беҳисоб бўлган буюк илоҳий неъматларидан. Шундай экан, тинчликнинг қадрига етиб, унинг шукрини адо этиш инсоннинг бурчларидандир. Зеро, ҳаётнинг бир маромда давом этиши, Ҳақ таоло буюрган ишлар хотиржам адо этилиши учун ҳам осойишталик лозим бўлади. Аллоҳ таоло ҳам: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!” дея буюради (Бақара сураси, 208-оят). Тинчлик, салимлик мавзуси ўта муҳим бўлгани боис Қуръони карим оятларидан ўрин олган. Зотан, араб тилидаги “салм”, “силм”, “салом”, ва “ислом” сўзлари бир ўзакдан чиққан, турли маънодаги сўзлар бўлсада, айнан бир мақсадга йўналтирилгандир.
Бандага берилган неъматларнинг қадрига етишда ва уни асрашда, бизга пайғамларларнинг отаси бўлган, Иброҳим алайҳиссалом ўрнак бўлиб келган. У зот ўз даврида Маккага тинчлик, унинг аҳлига ризқ сўрагани сўзимизнинг ёрқин мисолидир: “Ибрoҳим: “Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли) мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин” деди” (Бақара сураси,126-оят).
Аллоҳ таоло бу орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўтган пайғамбарлар ҳаётидан хабардор қилиш баробарида, улар сўраган нарсаларни ҳам билдириб, шунга чақирган.
Бу неъатлар бардавом бўлиши учун ҳам инсондан шукр ва қадрлаш талаб этилади. Тинчлик ҳукм суриб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш эса, муқаддас динимиз буюрадиган ишлардан. Шундай экан, инсон ким бўлишидан қатъий назар, ўзи яшаб турган, Аллоҳ неъмат қилиб берган Ватани, унинг зилол сувлари, ҳавоси, нози неъматлари ва бошқа барча шароитларига шукр қилиб, уни зиёда бўлишини сўраб дуо қилиши лозим.
Бугун дунёда тинчлиги, хотиржамлигини йўқотганлар қанча. Буларни кўриб, эшитиб турганлар ибрат олиб, хулосалар чиқариб, ўзлари учун инъом қилинган тинчлик ва хотиржамликни қадрлаб, асраб авайлаши лозим.
Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, хотиржамликни сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж, ҳамлалардан, фитна ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, ғарзли ва манфур кимсаларнинг макрларига учмасдан, ёш авлодни ҳам улардан хабардор қилиб, ислом таълимотининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Бу хусусида Аллоҳ таоло бундай деган: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2-оят).
Хулоса қиладиган бўлсак, динимизнинг тинчлик ва хотиржамликка бўлган эътибори нечоғлик катта, ҳамда бағрикенглик унинг негизи экани яққол намоён бўлади. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса Аллоҳга янада кўпроқ шукр қилишга ундайди.
Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига ҳам боғлиқ. Ёши улуғ нуроний отахон ва онахонларимиз ушбу икки улуғ неъматнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари шундан. Аллоҳ таоло юртимиз тинчлиги ва хотиржамлигини барқарор, бардавом, халқимиз ҳаётини бундан-да фаровон қилсин.
Исомиддин АҲРОРОВ