Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Июн, 2025   |   12 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:06
Қуёш
04:50
Пешин
12:27
Аср
17:36
Шом
19:58
Хуфтон
21:35
Bismillah
08 Июн, 2025, 12 Зулҳижжа, 1446

Ёмғир сувидан қандай қилиб шифо топиш мумкин?

21.02.2018   9141   5 min.
Ёмғир сувидан қандай қилиб шифо топиш мумкин?

Қуръони карим ва ҳадиси шарифда ёмғир суви инсонларга ва ер юзидгаи жамики тирик мавжудотга шифобахш неъмат экани таъкидланган.

Қуръони каримда Аллоҳ таоло айтади:

 وَهُوَ الَّذِي أَرْسَلَ الرِّيَاحَ بُشْرًا بَيْنَ يَدَيْ رَحْمَتِهِ وَأَنزَلْنَا مِنَ السَّمَاءِ مَاءً طَهُورًا.

У Ўз раҳмати олдидан шамолларни хушхабар қилиб юборган Зотдир. Ва осмондан пок сув туширдик” (Фурқон сурасининг 48-ояти).

Ёмғир сувида чўмилиш сеҳр ва кўзиккан одамга шифо бўлади. Ёмғир сувининг шайтонни ҳайдаши Қуръони каримнинг қуйидаги оятида баён қилинган:

إِذْ يُغَشِّيكُمُ النُّعَاسَ أَمَنَةً مِّنْهُ وَيُنَزِّلُ عَلَيْكُم مِّنَ السَّمَاءِ مَاءً لِّيُطَهِّرَكُم بِهِ وَيُذْهِبَ عَنكُمْ رِجْزَ الشَّيْطَانِ وَلِيَرْبِطَ عَلَى قُلُوبِكُمْ وَيُثَبِّتَ بِهِ الْأَقْدَامَ.

Унинг тарафидан хотиржамлик учун сизларни мудроқ бостиргани, устингизга осмондан сув (ёмғир) тушириб, у билан сизларни поклаш, шайтоннинг васвасасини сизлардан даф этиш, дилларингизга (ўзаро) алоқа пайдо қилиш ва у билан қадамларингизни собит (мустаҳкам) қилишни ирода этганини эслангиз! (Анфол сурасининг 11-ояти).

Шубҳасиз, сеҳр ва кўз тегиши шайтоннинг ифлос ишларидан биридир. Ёмғир суви ана шу нопокликдан бемор бўлиб қолган кишининг шифо топишига ёрдам беради. Қуръони каримда айтилади:

 خَلَقَ السَّمَاوَاتِ بِغَيْرِ عَمَدٍ تَرَوْنَهَا وَأَلْقَى فِي الْأَرْضِ رَوَاسِيَ أَن تَمِيدَ بِكُمْ وَبَثَّ فِيهَا مِن كُلِّ دَابَّةٍ وَأَنزَلْنَا مِنَ السَّمَاءِ مَاءً فَأَنبَتْنَا فِيهَا مِن كُلِّ زَوْجٍ كَرِيمٍ

У, сиз кўриб турганингиздек, осмонларни устунсиз яратган, сизларни тебратмаслиги учун ер юзига оғир тоғларни ташлаган ва (ер)да ҳар турли жониворларни таратиб қўйган зотдир. Ва осмондан сув тушириб, у билан унда (ер юзи) турли гўзал ва фойдали жуфтларни ўстириб қўйдик. (Оятда «ўсимликларни ўстириб қўйдик», дейилмасдан, «карамли (гўзал ва фойдали) жуфтларни ўстириб қўйдик», деб айтилмоқда. Бу ерда, аввало, ўсимликлардаги гўзаллик ва фойдага ишора қилиняпти, қолаверса, улар жуфт бўлиши ҳам билдириб қўйиляпти. Аллоҳнинг китобида ўн беш аср илгари зикр этилган бу ҳақиқатга илм яқиндагина етди. Ҳар бир ўсимликда эркак ва урғочи хўжайралар бўлиб, улар бир-бири билан чатишгандагина мева ҳосил бўлиши энди тушуниб етилди. Ўсимликларни бундай қилиб яратишга фақат Аллоҳ қодирдир)” (Луқмон сурасининг 10-ояти).

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи всалламнинг суннатларига мувофиқ ёмғир ёққан вақтда бажариладиган қатор амаллар бор:

  1. Ёмғир ёғаётганда қуйидаги дуони ўқиш фойдали:

اللَّهُمَّ صَيِّبًا نَافِعًا.

Ё Аллоҳ, бу ёмғирни бизга фойдали қил.

Имом Бухорий раҳматуллоҳу алайҳ ривоят қилган ҳадисда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар сафар ёмғир ёққан вақтда ушбу дуони ўқиганларини айтганлар.

  1. Ёмғир сувига чўмилиш фойдали:

Анас  розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурида эканимизда ёмғир ёғиб бизни шалоббо қилиб юборди. у зот ҳатто ёмғир суви яхшироқ тегсин дея елкаларини очдилар. Нега бундан қилганларининг сабабини сўраганимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай жавоб бердилар: “Негаки, у (ёмғир) Аллоҳ таолога юзланиб қилинган илтижога жавоб бўладиган жойга яқиндир”  (Имом Муслим ривояти).

Муфассир олим Абу Аббос ал-Қуртубий: “Аллоҳ таолодан Расулига тушган нарсалардан ёмғирни у иноят ва шифо ўлароқ қабул этди, Буюк Яратувчи ёмғирни покловчи, раҳм-шафқат ва иноят манбаи ҳамда уни барча ғам-қайғуларни бартараф этишга сабабчи қилди. Бундан аён бўладики, биз ёмғирни ҳурмат қилишимиз ва унга эҳтиёткорона тарзда муносабатда бўлмоғимиз кераклиги аён бўлади.   

Ёмғир ёғиб турган вақт бу – Раббимиз туширган иноят вақти ва Аллоҳ таолога қайси маконда кўпчилик эътиқод қилса ва кўп ибодат қилинса, ўша юртга мулойим ёмғирлар ёғади. Ҳадиси шарифда: “Аллоҳ таоло икки ҳолатда қилинган дуони қайтармайди: ёмғир ёғишидан олдин чақмоқ чаққан вақтда ва намозга азон чақирилган чоқда”, дея марҳамат қилинган (Ал-Ҳаким, Ат-Табароний).

  1. Ёмғир кучайиб бораверса қуйидаги дуо ўқилади:

اللهم حوالينا ولا علينا، اللهم على الآكام والضراب وبطون الأودية ومنابت الشجر.

«Ё Аллоҳ, ёмғирни атрофимизга ёғдир ва зиёнимизга ёғдирма. Тепаликларга, тоғларга, баланд ерларга ва яйловларга ёғдир”.

  1. Ёмғир тинган вақтда Пайғамбар алайҳиссаломнинг ушбу дуосини ўқиш тавсия қилинади:

مطرنا بفضل الله ورحمته.

Биз Аллоҳ таолонинг фазлу марҳамати ила ёмғир билан мукофотландик” (Имом Бухорий ривояти). 

Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Муаззам кунлар оғушидамиз

05.06.2025   9275   4 min.
Муаззам кунлар оғушидамиз

Диёримизга улуғ айём кириб келмоқда. Қутлуғ Ийдул Азҳо ватандошларимизни хайру саховат, меҳр-оқибат сари чорлайди. Бу байрам чин маънода одамийлик айёми. Инсонларга меҳр, ўксик кўнгилларга шодлик улашиш фурсати.


Қалблари ҳиммат ва карам неъматидан бобаҳра халқимиз бу муаззам кунларни бой бермаслик учун фурсатни ғанимат биладилар ва савобдан баҳраманд бўлиб қолишга ҳаракат қиладилар.


Динимиз кўрсатмалари, шариат ҳукмларини устивор тутган қодир ватандошларимиз қурбонликлар қилиб, Ҳақни рози қилишга, ҳақдорлар кўнглини олишга интиладилар. Яратганнинг раҳмати ёғилиб турган дамларда дуолар мустажоб бўлади. Аллоҳ таоло ўзининг каломида “Парвардигорингиз учунгина намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг”, - деб марҳамат қилади.


Бу борада сарвари коинот саййидимиз ибратлари ўринли. Оила аъзоларимизни йўқлаш, қўшнилар ҳолидан хабар олишда, мискинларни севинтириш-у, хасталар аҳволидан  огоҳ бўлишда уларнинг ҳадиси мубораклари бизга нурли йўл, деймиз.


Амаллар кўп. Уларга бериладиган савобларнинг даражаси амалга қараб белгиланади. Энг савоби кўп амал бу фарз ҳисобланса, бошқаларга яхшилик улашиш ундан кейинги ўринда турадиган улуғ ибодатдир!


Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида бошқаларга қилинадиган яхшиликни фарздан кейинги ўринда туришини баён қилиб шундай дедилар: “Фарзларни адо қилишдан кейинги ўринда турадиган Аллоҳга энг суюкли бўлган амал бу мусулмонинг қалбига хурсандчиликни киритишдир”.


Шунинг учун Шайх Абдуллоҳ Ҳошим раҳматуллоҳи алайҳ қозиликдан келган маошнинг тенг ярмига ширинлик сотиб олиб, ўзлари билан олиб юрар ва ҳар доим учратган болага ширинликдан бериб, уни хурсанд қилар эдилар.


Улуғ кунларда турибмиз. Ҳар дамни ғанимат билишлик, бир биримизга саховатда ибрат бўлишимиз савобли амаллар эканини ҳис қилмоғимиз лозим. Бу кунда исрофгарчиликдан холи дастурхонлар ёзиш, боримизни бошқалар билан бўлишишга интилишимиз даркор. Хайрни,  яхшиликни гуноҳга алмаштириб қўймаслик учун ҳам уйғоқ кўнгил бўлиш талаб этилади.


Бугун муаззам кунлар оғушидамиз, дедик. Ватандошларимиз улуғ сафарларни ихтиёр этганлар. Айни фурсатларда ҳожиларимиз Мино, Арофат водийларида, Муздалифада – дуолар қабул бўладиган маконларда, замонларда ибодатлар қилиб, элу юртга тинчлик, осойишталик сўрамоқдалар. Бу дуолар баракотидан диёримиз аҳлига қанча яхшиликлар етишади, иншааллоҳ. Ибодатлар ҳузурини тотган одамларнинг қалби салим, эҳсону, мурувватда пешқадам бўлишлари бу энг катта яхшилик аслида. Ҳожиларимиз сафар одобларини тушуниб, улуғ даргоҳлардан насибадор бўлиб қайтадилар. Диёримизга қайтганларидан сўнг эса ёшларимиз маънавиятига камарбаста бўладиган, Ҳақ ва ҳақиқат йўлида сидқидил хизмат қиладиган холис Ҳақ хизматчиларига айланадилар, деган умидимиз бор. Бундай улуғ зиёратлар инсонни қайси ёшда бўлмасин, эзгуликларга хайрихох қилади. Ўзгалар қалбини тушунишга, ватан ва халқ манфаати йўлида саъй-ҳаракатга чорлайди.


Бу кунларнинг Яратган даргоҳидаги ўрни мушарраф. Ҳайит кечаларида дуолар қабул бўлади. Қурбонлик гўштларидан насибадор оилаларга хурсандчилик киради. Бу эҳсонлар ортида ҳам меҳр-оқибат, ўзаро бағрикенглик мақсади мужассам. Биз бу маконда яшарканмиз, турли миллатлар вакиллари ягона Ўзбекистоннинг фуқароларимиз. Ўзаро тенглик, адолат ҳукм сурган юртда биродарлик, яхши қўшничилик анъаналарини қадрлаб яшамоқдамиз. Маҳаллаларда ҳамкорлик билан ободлик сари йўл очиляпти. Ватанимиз кундан- кунга фаровон, халқимиз турмуши чиройли бўлиб боряпти. Бу неъматларга шукрона қилиш, тўғри йўлда собитқадам бўлиш маърифатимиз, маънавиятимиз камолидан дарак беради.


Халқимизга саодат ва сано айёми – Қурбон ҳайити муборак бўлсин! Барчамизни Яратган хайру хурсандчиликлар устида бардавом қилсин. Ватанимиз тинч, юртдошларимизнинг оилалари фаровон бўлсин.

Холмурод МАМАЖОНОВ,

Фарғона шаҳар “Уммул қуро” масжиди имом-хатиби

Ўзбекистон янгиликлари