Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Август, 2026   |   12 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:17
Қуёш
05:42
Пешин
12:25
Аср
17:10
Шом
19:12
Хуфтон
20:32
Bismillah
25 Август, 2026, 12 Рабиъул аввал, 1448

23.02.2018 й. Оилада аёлнинг вазифаси

16.02.2018   14832   8 min.
23.02.2018 й. Оилада аёлнинг вазифаси

بسم الله الرحمن الرحيم

ОИЛАДА АЁЛНИНГ ВАЗИФАСИ 

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло бутун инсониятни яратиб, уларни икки хил эркак ва аёлга ажратди. Ер юзида тартиб ва интизом қарор топишини эса, айнан мазкур икки жинсга бевосита боғлади. Одам атони яратиб, Ўз ишларида чевар бўлган Раббимиз, ерда инсоният учун нима фойдаю нима зарар эканини билган ҳолда унга Момо ҳавони жуфт қилиб берди. Аллоҳ таоло эркак ва аёлни умумий ишларда тенг ҳуқуқлик қилиб яратган бўлса-да, аммо ҳар бирига муносиб бўлган вазифаларда бир-биридан фарқли қилиб қўйди. Жумладан, савобли ишларда эркак ва аёлга тенг ажр берилиши хусусида Қуръони каримда шундай келган:

 

مَنْ عَمِلَ صَالِحًا مِنْ ذَكَرٍ أَوْ أُنْثَى وَهُوَ مُؤْمِنٌ فَلَنُحْيِيَنَّهُ حَيَاةً طَيِّبَةً وَلَنَجْزِيَنَّهُمْ أَجْرَهُمْ بِأَحْسَنِ

 مَا كَانُوا يَعْمَلُونَ

 (سورة النحل/97).

яъни: “Эркакми ё аёлми – кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирор эзгу иш қилса, бас, Биз унга ёқимли ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз” (Наҳл сураси, 97-оят).

Аллоҳ таоло аёлларга она бўлишдек, шарафли ва ўта оғир масъулиятни айнан уларга хослаб берди. Шу билан бирга эркакларни жисмонан куч талаб қилувчи ишларга, жумладан, касб қилиб аҳли оиласига нафақа бериш ҳамда бошқарув ишларни уларнинг зиммасига юклаб, эркакларни аёллардан бу хусуда афзал қилиб яратган. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади:

 

وَلَهُنَّ مِثْلُ الَّذِي عَلَيْهِنَّ بِالْمَعْرُوفِ وَلِلرِّجَالِ عَلَيْهِنَّ دَرَجَةٌ وَاللَّهُ عَزِيزٌ حَكِيمٌ

  (سورة البقرة/228).

яъни: “Аёллар учун (белгиланган ҳуқуқлар) ўз меъёрида эркаклар (ҳуқуқи) билан тенгдир. Аёлларга нисбатан эркакларда бир даража (зиёдалик) бор. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир” (Бақара сураси, 228-оят).

Расулуллоҳ (с.а.в.) бир ҳадиси шарифда аёлларнинг вазифалари хусусида қуйидагича марҳамат қиладилар:

 

عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ عَوْفٍ  0قَالَ، قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "إِذَا صَلَّتْ الْمَرْأَةُ خَمْسَهَا، وَصَامَتْ شَهْرَهَا، وَحَفِظَتْ فَرْجَهَا، وَأَطَاعَتْ زَوْجَهَا, قِيلَ لَهَا: ادْخُلِي مِنْ أَيِّ أَبْوَابِ الْجَنَّةِ شِئْتِ"

(رواه الإمام الطبراني في "المعجم الأوسط")

яъни: Абдурраҳмон ибн Авф (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда Расули акрам (с.а.в.): “Қачонки хотин киши беш (маҳал) намозини ўқиса, бир ой рўзасини тутса, номусини сақласа ва эрига итоат қилса, унга: “Жаннатнинг хоҳлаган эшигидан киргин!” – деб айтилади”, - деганлар (Имом Табароний “Мўъжамул авсат”да ривоят қилган).  

         Муслима аёл эри олдидаги Ислом дини кўрсатган вазифаларни адо этмоғи лозим бўлади. Улар ичида энг муҳимлари қуйидагилар:

  1. Эрининг ҳурматини жойига қўйиб, унга итоат қилади.
  2. Аёл эрининг мол-мулкини муҳофаза қилади.
  3. Ўз гўзаллигини фақат ўз эрига тақдим қилади ва ўзини номаҳрам нигоҳлардан сақлайди.
  4. Оилавий сирлар ҳамда жинсий муносабатларни бошқаларга ошкор қилмайди.
  5. Эрини беҳудага ғазаблантирмайди.
  6. Барча ишларида эридан рухсат олади.

 

عَن أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ تَعَالَى عَنهُ قَالَ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "لَا يَحِلُّ لِامْرَأةٍ أَنْ تَصُومَ وَ زَوجُهَا شَاهِدٌ إِلاَّ بِإِذنِهِ، وَلاَ تَأذَنَ فيِ بَيتِهِ إِلَّا بِإِذنِهِ"

(متفق عليه).

яъни: Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) айтадилар: «Аёл киши учун эри борида унинг изнисиз нафл рўза тутиши ва унинг изнисиз уйига бировни киритиши ҳалол эмас» (Имом Бухорий ва Имом Муслим).

Бошқа бир ҳадиси шарифда эса Пайғамбаримиз (с.а.в.):

 

عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ رضي الله عنها قَالَتْ، قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "أَيُّمَا امْرَأَةٍ مَاتَتْ، وَزَوْجُهَا عَنْهَا رَاضٍ، دَخَلَتْ الْجَنَّةَ"

(رواه الإمام الترمذي في سننه)

яъни: Умму Салама (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) айтадилар: “Қайси аёл эри ундан рози бўлган ҳолда вафот топса, жаннатга киради” (Имом Термизий ривояти).

Ўз навбатида эркаклар ҳам аёлларга ғамхўрлик қилишлари лозим. Жумладан ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ الله عَنهُ قَالَ، قَالَ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "دِينَارٌ أَنْفَقْتَهُ فِي سَبِيلِ اللَّهِ، وَدِينَارٌ أَنْفَقْتَهُ فِي رَقَبَةٍ، وَدِينَارٌ تَصَدَّقْتَ بِهِ عَلَى مِسْكِينٍ،  وَدِينَارٌ أَنْفَقْتَهُ عَلَى أَهْلِكَ،  أَعْظَمُهَا أَجْرًا الَّذِي أَنْفَقْتَهُ عَلَى أَهْلِكَ"

(رواه الإمام مسلم)

яъни: Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) айтадилар: “Бир динор Аллоҳ йўлида инфоқ қилдинг. Бир динор қул озод қилиш учун инфоқ қилдинг. Бир динор мискинга инфоқ қилдинг. Бир динор ўз аҳлингга инфоқ қилдинг. Буларнинг ичида савоби улуғроғи ўз аҳлингга инфоқ қилганингдир”, - деганлар (Имом Муслим ривояти).

Уларга нафақа қилиш бошқа хайр-эҳсонлардан ҳам кўра афзалроқ саналади. Эрлар ҳам асоссиз равишда ҳали уни, ҳали буни таъқиқлашга шошилмасдан уларга шариат нуқтаи назаридан келиб чиқиб, яхши муомалада бўлишлари талаб қилинган.

Муҳтарам жамоат! Мавъизанинг ҳанафий мазҳабимиздаги фиқҳий масалалар қисмида бемор кишининг намози ҳақида суҳбатлашамиз.

Намоз ўта аҳамиятли ибодат бўлганлиги учун уни беморлик сабабли ҳам тарк қилиб бўлмайди. Шариатимизда бемор кимсаларнинг намозлари ҳақида алоҳида ҳукмлар мавжуд бўлиб, улар қуйидагилардан иборатдир:

  • Агар беморлик туфайли тик туриб намоз ўқиш имкони бўлмаса, (масалан, тик турса беморлиги зиёда бўладиган бўлса, ёки тик турганда шиддатли оғриқ бўлса, ёки боши айланса) ўтирган ҳолда руку (яъни, озгина эгилади) ва сажда қилиб (яъни, соғлом киши саждаси каби сажда қилиб) намоз ўқийди.
  • Агар ўтириб намоз ўқиётган бемор руку ва саждага (яъни, соғлом киши саждаси каби сажда қилишга) қодир бўлмаса, боши билан имо-ишора қилиб намоз ўқийди. Сажданинг имо-ишорасини рукудан пастроқ қилади. Сажда қилиш учун бирор нарсани ердан юқорига кўтариб қўймайди. Қўллар руку ва сажда пайтида тизза устида туради.
  • Агар ўтиришга ҳам қодир бўлмаса, қиблага юзланган ҳолда, ёнбошлаб ёки чалқанча ётиб намоз ўқийди. Уламолар чалқанча ётиб намоз ўқишни афзал деганлар. Бундай ҳолатда бош билан имо-ишора қилиб ўқийди. Чалқанча ётганда оёғини қиблага қаратиб, тиззаларининг остига бирор нарса қўйиб, бир оз кўтариб қўйилади. Шунда қиблага оёғини чўзмаган бўлади. Бошининг остига ёстиқ қўйиб, юзи қиблага қаратилади.
  • Агар бош билан имо-ишора қилишга ҳам қодир бўлмаса, қодир бўлгунга қадар намозни кечиктириб туради ва агар бу ҳолатда беморлик бир кеча-кундуздан ўтиб кетса, соғайгандан кейин ўтган вақтдаги намозларнинг қазосини ўқимайди.
  • Қош ёки кўз билан имо-ишора қилиб намоз ўқилмайди.  (“Фатавои Оламгирия” китоби).

Аллоҳ таоло юртимиздаги барча фуқароларни тинч-тотувликда умргузаронлик қилишларини бардавом қилиб, мушфиқ аёлларимизни бахтимизга соғ-омон қилсин!

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Диний таълимда янги босқич: Тошкентда нуфузли анжуман бўлиб ўтмоқда

20.08.2026   42112   2 min.
Диний таълимда янги босқич: Тошкентда нуфузли анжуман бўлиб ўтмоқда

Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси марказининг Катта мажлислар залида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» мавзусидаги I илмий-амалий анжумани бошланди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу нуфузли тадбирда Президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, шунингдек, диний таълим муассасалари раҳбарлари, бош имом-хатиблар ва ОАВ вакиллари иштирок этмоқда.  Анжуманга жами 700 нафарга яқин педагог ва соҳа вакиллари жалб этилган бўлиб, уларнинг 300 нафари бевосита залда, 400 нафари эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашмоқда.

Сўзга чиққан нотиқлар сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуслари билан диний-маърифий соҳани такомиллаштириш ва замонавий кадрлар тайёрлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларга тўхталиб ўтмоқда. Таъкидланганидек, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, Имом Термизий ислом институти ва мадрасаси ҳамда 4 та халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши илм аҳлига кенг имкониятлар эшигини очди. Тошкент ислом институтида магистратура очилди, тизимдаги 510 нафар педагогнинг 50 нафардан ортиғи PhD ва DSc илмий даражаларига эга бўлди. 

Шунингдек, юртимиздаги диний таълим муассасаларига Мисрнинг Ал-Азҳар мажмуаси устозлари жалб этилди. 90 та фан дастури ва янги авлод дарсликлари яратилди. Мир Араб, Хадичаи Кубро, Ҳидоя ва Кўкалдош мадрасалари замонавий биноларга эга бўлиб, Иордания, Миср ва Бирлашган Араб Амирликларининг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликлар ривожланмоқда.

Ушбу нуфузли анжумандан кўзланган мақсад ҳам профессор-ўқитувчилар учун илмий-амалий мулоқот майдонини яратиш, педагогларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш, таълим жараёнига рақамли ва инновацион усулларни кенг жорий этишдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари