بسم الله الرحمن الرحيم
ОИЛАДА АЁЛНИНГ ВАЗИФАСИ
Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло бутун инсониятни яратиб, уларни икки хил эркак ва аёлга ажратди. Ер юзида тартиб ва интизом қарор топишини эса, айнан мазкур икки жинсга бевосита боғлади. Одам атони яратиб, Ўз ишларида чевар бўлган Раббимиз, ерда инсоният учун нима фойдаю нима зарар эканини билган ҳолда унга Момо ҳавони жуфт қилиб берди. Аллоҳ таоло эркак ва аёлни умумий ишларда тенг ҳуқуқлик қилиб яратган бўлса-да, аммо ҳар бирига муносиб бўлган вазифаларда бир-биридан фарқли қилиб қўйди. Жумладан, савобли ишларда эркак ва аёлга тенг ажр берилиши хусусида Қуръони каримда шундай келган:
مَنْ عَمِلَ صَالِحًا مِنْ ذَكَرٍ أَوْ أُنْثَى وَهُوَ مُؤْمِنٌ فَلَنُحْيِيَنَّهُ حَيَاةً طَيِّبَةً وَلَنَجْزِيَنَّهُمْ أَجْرَهُمْ بِأَحْسَنِ
مَا كَانُوا يَعْمَلُونَ
(سورة النحل/97).
яъни: “Эркакми ё аёлми – кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирор эзгу иш қилса, бас, Биз унга ёқимли ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз” (Наҳл сураси, 97-оят).
Аллоҳ таоло аёлларга она бўлишдек, шарафли ва ўта оғир масъулиятни айнан уларга хослаб берди. Шу билан бирга эркакларни жисмонан куч талаб қилувчи ишларга, жумладан, касб қилиб аҳли оиласига нафақа бериш ҳамда бошқарув ишларни уларнинг зиммасига юклаб, эркакларни аёллардан бу хусуда афзал қилиб яратган. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади:
وَلَهُنَّ مِثْلُ الَّذِي عَلَيْهِنَّ بِالْمَعْرُوفِ وَلِلرِّجَالِ عَلَيْهِنَّ دَرَجَةٌ وَاللَّهُ عَزِيزٌ حَكِيمٌ
(سورة البقرة/228).
яъни: “Аёллар учун (белгиланган ҳуқуқлар) ўз меъёрида эркаклар (ҳуқуқи) билан тенгдир. Аёлларга нисбатан эркакларда бир даража (зиёдалик) бор. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир” (Бақара сураси, 228-оят).
Расулуллоҳ (с.а.в.) бир ҳадиси шарифда аёлларнинг вазифалари хусусида қуйидагича марҳамат қиладилар:
عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ عَوْفٍ 0قَالَ، قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "إِذَا صَلَّتْ الْمَرْأَةُ خَمْسَهَا، وَصَامَتْ شَهْرَهَا، وَحَفِظَتْ فَرْجَهَا، وَأَطَاعَتْ زَوْجَهَا, قِيلَ لَهَا: ادْخُلِي مِنْ أَيِّ أَبْوَابِ الْجَنَّةِ شِئْتِ"
(رواه الإمام الطبراني في "المعجم الأوسط")
яъни: Абдурраҳмон ибн Авф (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда Расули акрам (с.а.в.): “Қачонки хотин киши беш (маҳал) намозини ўқиса, бир ой рўзасини тутса, номусини сақласа ва эрига итоат қилса, унга: “Жаннатнинг хоҳлаган эшигидан киргин!” – деб айтилади”, - деганлар (Имом Табароний “Мўъжамул авсат”да ривоят қилган).
Муслима аёл эри олдидаги Ислом дини кўрсатган вазифаларни адо этмоғи лозим бўлади. Улар ичида энг муҳимлари қуйидагилар:
عَن أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ تَعَالَى عَنهُ قَالَ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "لَا يَحِلُّ لِامْرَأةٍ أَنْ تَصُومَ وَ زَوجُهَا شَاهِدٌ إِلاَّ بِإِذنِهِ، وَلاَ تَأذَنَ فيِ بَيتِهِ إِلَّا بِإِذنِهِ"
(متفق عليه).
яъни: Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) айтадилар: «Аёл киши учун эри борида унинг изнисиз нафл рўза тутиши ва унинг изнисиз уйига бировни киритиши ҳалол эмас» (Имом Бухорий ва Имом Муслим).
Бошқа бир ҳадиси шарифда эса Пайғамбаримиз (с.а.в.):
عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ رضي الله عنها قَالَتْ، قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "أَيُّمَا امْرَأَةٍ مَاتَتْ، وَزَوْجُهَا عَنْهَا رَاضٍ، دَخَلَتْ الْجَنَّةَ"
(رواه الإمام الترمذي في سننه)
яъни: Умму Салама (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) айтадилар: “Қайси аёл эри ундан рози бўлган ҳолда вафот топса, жаннатга киради” (Имом Термизий ривояти).
Ўз навбатида эркаклар ҳам аёлларга ғамхўрлик қилишлари лозим. Жумладан ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ الله عَنهُ قَالَ، قَالَ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "دِينَارٌ أَنْفَقْتَهُ فِي سَبِيلِ اللَّهِ، وَدِينَارٌ أَنْفَقْتَهُ فِي رَقَبَةٍ، وَدِينَارٌ تَصَدَّقْتَ بِهِ عَلَى مِسْكِينٍ، وَدِينَارٌ أَنْفَقْتَهُ عَلَى أَهْلِكَ، أَعْظَمُهَا أَجْرًا الَّذِي أَنْفَقْتَهُ عَلَى أَهْلِكَ"
(رواه الإمام مسلم)
яъни: Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) айтадилар: “Бир динор Аллоҳ йўлида инфоқ қилдинг. Бир динор қул озод қилиш учун инфоқ қилдинг. Бир динор мискинга инфоқ қилдинг. Бир динор ўз аҳлингга инфоқ қилдинг. Буларнинг ичида савоби улуғроғи ўз аҳлингга инфоқ қилганингдир”, - деганлар (Имом Муслим ривояти).
Уларга нафақа қилиш бошқа хайр-эҳсонлардан ҳам кўра афзалроқ саналади. Эрлар ҳам асоссиз равишда ҳали уни, ҳали буни таъқиқлашга шошилмасдан уларга шариат нуқтаи назаридан келиб чиқиб, яхши муомалада бўлишлари талаб қилинган.
Муҳтарам жамоат! Мавъизанинг ҳанафий мазҳабимиздаги фиқҳий масалалар қисмида бемор кишининг намози ҳақида суҳбатлашамиз.
Намоз ўта аҳамиятли ибодат бўлганлиги учун уни беморлик сабабли ҳам тарк қилиб бўлмайди. Шариатимизда бемор кимсаларнинг намозлари ҳақида алоҳида ҳукмлар мавжуд бўлиб, улар қуйидагилардан иборатдир:
Аллоҳ таоло юртимиздаги барча фуқароларни тинч-тотувликда умргузаронлик қилишларини бардавом қилиб, мушфиқ аёлларимизни бахтимизга соғ-омон қилсин!
18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.
Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.
Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.
1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.
1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.
Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.
2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати