Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Июл, 2025   |   15 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:17
Қуёш
04:59
Пешин
12:33
Аср
17:41
Шом
20:02
Хуфтон
21:36
Bismillah
10 Июл, 2025, 15 Муҳаррам, 1447

Беҳаёликдан аждод хотирасига эҳтиром афзал

14.02.2018   7153   6 min.
Беҳаёликдан аждод хотирасига эҳтиром афзал

Жаҳон  бўйлаб халқлар ўртасидаги маданиятлар қоришуви юқори чўққига чиқмоқда. Негаки, инсонларни турли хилдаги енгил-елпи турмуш тарзига тарғибот қилиш даромад топишнинг асосий йўналишларидан бирига айланиб улгурди.

Биргина мисол, ҳар йили 14 февраль куни дунё бўйича 1 миллиард донадан ортиқ «валентинка» сотилади. Ана шу откриткаларнинг 85 фоизини ҳиссиётларга берилувчан аёллар ва ёшлар сотиб олар экан. Ушбу бизнесга илк бор 1847 йилда Эстер Хаулен исмли аёл қўл уриб, инглизча намунадаги откриткалар чоп этишни йўлга қўяди ва тез орада бойиб кетади. «Валентинка» деб аталадиган откриткалар ўша вақтда Хауленлар оиласига йилига 100 минг доллар атрофида даромад келтирарди. «Форбс» журналининг ёзишича, дунёнинг откритка чоп этувчи энг йирик компанияларидан бири «Холмарк» 2007 йилда инсоний туйғуларни откриткаларга жойлаб сотиш орқали 4 миллиард 400 миллион доллар ишлаб олган. 19 асрда АҚШда «валентинка»ларнинг оммалашуви ҳар қандай байрамнинг тижорат, пул топиш асосига қурилишига туртки берди.

Шу ўринда савол туғилиши табиий. Авлиё Валентин куни қандай байрам, нима учун бу байрам бизнинг ёшларга дахл қилиши керак?

Авлиё Валентин – насроний черкови шаҳид деб тан олган авлиёнинг исмидир. Ривоятларга кўра, авлиё Валентинни милоддан аввалги 296 йилда Рим императори Клавдий II қатл этдирган. 350 йилда эса унинг хотирасига бағишлаб, қатлгоҳ ўрнида черков қурилган.

Насроний эътиқодига кўра, авлиё Валентин тинчлигу севгига даъват қилган ва шу сабабли қатл қилинган. Шундан буён ушбу мажусий байрами Севишганлар байрами деб аталган, авлиё Валентиннинг ўзи эса севишганларга ҳомийлик қилувчи авлиё деб ҳурматланган.

Насроний черкови пешволари бу анъана ёшларнинг ахлоқига салбий таъсир кўрсатиши мумкин, деб топиб, унга қарши чиққан. Хусусан, Италияда бу байрам манъ қилиб қўйилган, чунки у айнан Италияда жуда кенг нишонланган. Авлиё Валентин куни Италияда 18,19 асрларга келибгина қайта тикланган. Ўша чоқдан бошлаб ғарб мамлакатларида «Валентин китоблари» – ишқий шеърлар ёзилган китобчалар сотила бошланган. Бундай китобларда севги изҳор қилиш ҳақида маслаҳатлар ҳам бўлган. Севишганлар ишқий мактублар ёзишда шу китобдан фойдаланган.

Бундан бир неча аср олдин севги изҳорларини ошиқ ва маъшуқаларнинг ўзлари битиши урф бўлган. Бу эндигина ривожланишга юз тутган Полиграфия саноатида миллионлаб нусхада турли шакл ва ҳар хил изҳорлар битилган откриткалар чоп этилиб, ушбу соҳага истиқбол бағишлаган.

Бу байрамга исломий муносабатга келсак, бу ҳақда ал-Азҳар Университетининг фиқҳ профессори доктор Саид Иброҳим Солиҳ шундай дейди:

Ислом – Аллоҳга муҳаббат, зуҳд ва тақво дини, солиҳ ва ҳақ ишларда ҳамкорлик динидир. Биз қодир Аллоҳдан барчамизни Ўзининг мутлақ раҳмати сояси остига олишини сўраб илтижолар қиламиз. Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасининг 10-оятида: «Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, раҳм қилинсангиз», деган.

Шу ўринда айтиш керакки, севги-муҳаббат, оила қуриш – Аллоҳ инъом этадиган неъмат. Аммо уни сунъий ташкил қилиш мумкин эмас. Агар шундай қилинса, бу севги ҳам, муҳаббат эмас, балки нафсоний ҳирсларга берилиш, унга тобелик бўлиб қолади.

Дарҳақиқат, Ислом мўмин-мусулмонларни бошқа динларни ҳурмат қилишга тарғиб қилади. Аммо «Авлиё Валентин куни» ҳеч қандай диний асосга эга бўлмаган янгилик, яъни бидъатдир. Ислом бундай бидъатларни қоралайди. Ислом ақидасига кўра, мусулмонлар бир-бирларини ҳар доим яхши кўрмоғи лозим. Исломда бунинг учун йилнинг бирор кунини тайинлаб қўйиш деган нарса йўқ. Бинобарин, мусулмонлар «Валентин куни» каби бундай «янгиликлар» ва иримларга эргашишлари мумкин эмас. Шубҳасиз, бу «байрам» динимизга ёт бўлган урф бўлиб, у кишиларни ҳақиқий севгидан узоқ бўлган, ахлоқсизликка, ҳатто зинога яқинлаштиради.

Ғарб оламида пайдо бўлган Авлиё Валентин куни ёки “севишганлар куни” юртимизга кириб келди. Бунинг сабаби техника тараққиёти интернет майдонидаги ахборот алмашинуви дунё халқларини урф-одатларини бир-бирларига ошно қилиб қўйди. Натижада диний ва дунёвий илмлардан орқада қолган ёшлар бу каби ғарбона урф одатларга эргашмоқда.

14 февраль биз учун шоҳ ва шоир бобомиз Заҳриддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун сифатида аҳамиятли. Ёшларни аждодларимиз намунасида тарбиялашда Темурбек наслидан бўлган Бобур Мирзонинг ҳаёт ва ижод йўли катта ибрат мактаби ҳисобланади. У жисмонан, маънан етук шахс, катта ишларга қодир давлат арбоби ҳамда буюк саркарда сифатида эҳтиромга сазовордир. Ушбу кун ҳар йили  мамлакатимизда кенг нишонланади.

Алҳамдулиллаҳ, истеъдодли, замонавий билимга эга ёшларимиз яхши анъанани йўлга қўйди. Яъни айни шу куни Ўзбекистон ёшлари интернет орқали Бобур туғилган кунига бағишланган мавзу — #BoburDay, минглаб изоҳлар бериш ёрдамида жаҳондаги энг муҳакама қилинадиган мавзулари, яъни "трендлери", қаторига олиб чиқмоқда.

Аслида ёт иллатлар мафкуравий бўшлиқларни тўлдиради, ғоявий жиҳатдан иммунитети мустаҳкам ерда разилликлар, енгил-елпи қарашлар илдиз ота олмайди. Сўнгги йилларда миллий қадрятларимиз, ўзлигимизга янада чуқурроқ назар соляпмиз, соф ислом дини ғояларини тарғиб қиляпмиз. Ана шу каби эзгу ишлар натижасида ёшларимиз оқ-қорани ажратиб, миллий урф-одат ва анъаналаримизга оммавий қайтмоқда.

14-февралнинг Бобур туғилган куни сифатида интернет орқали тарғиб қилиниши нафақат юртимиз ёшлари, балки қўшни давлатлар, борингки, Бобур бобомизнинг донғи етган, унинг ижод наъмуналаридан хабардор халқлар ёшлари ўртасида ҳам Авлиё Валентинмас, балки Мирзо Бобур куни сифатида оммалашса ажаб эмас.

Дин ишлари бўйича қўмита

М.Йўлдошев

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Роббимизнинг ваъдаси ҳақ экан

07.07.2025   4876   4 min.
 Роббимизнинг ваъдаси ҳақ экан

Ярмук – мусулмон ва Рум қўшинлари ўртасида бўлиб ўтган жанг. Унда асрлар ўтса-да, мангуликка юз тутган ажиб лавҳалар бор. Уларнинг баъзилари қуйидагилардир:

Урушнинг айни қизиган палласи. Бир киши Абу Убайда ибн Жарроҳ ҳазратларига яқинлашди. Абу Убайда розияллоҳу анҳу: “Мен шаҳид бўлишга астойдил бел боғладим”, деди. Ҳалиги киши: “Бирор-бир гапингиз бўлса айтинг, мен Расулуллоҳ билан кўришган пайтим  у зотга етказиб қўяман”, деди. Абу Убайда розияллоҳу анҳу: «Ҳа, у зотга буни етказ: “Расулуллоҳ, бизлар Роббимизнинг ваъдаси ҳақ эканини топдик”», дедилар.

Рум қўшинларининг ҳужуми кучайган пайтда Икрима ибн Абу Жаҳл розияллоҳу анҳу мусулмонларнинг орасида: “Аллоҳ таоло мени  ҳидоят қилмасидан аввал мен Расулуллоҳга қарши жанг қилардим, энди бугун Аллоҳнинг душманларидан қочиб кетаманми!” – дея жар соларди. Орадан кўп ўтмай, Абу Жаҳл яна: “Ким ўлимга байъат қилади?”[1] – деди.

Мусулмонларнинг бир жамоаси у зотга байъат қилишди ва уларнинг барчаси биргаликда жанг майдонига киришди. Уларнинг мақсадлари ғалаба ва шаҳидлик эди. Аллоҳ таоло уларнинг байъатларини қабул қилди ва уларнинг бари Аллоҳнинг инояти ила шаҳидликка эришдилар. 

Тарих зарварақларига эътибор қаратинг. Буюк қўмондон Холид ибн Валид 100 кишилик қўшини билан тўрт минг кишилик Рум қўшинларига қарши турдилар. Қаранг-а! Юз кишилик қўшин тўрт мингта аскарга қарши чиқиб, уларни енгса-я?! Бу уларнинг қалблари Аллоҳга бўлган иймонлари билан тўлиб-тошгани эканининг белгиси эмасми?!

Уруш бироз тинчиб турган пайтда Холид ибн Валиднинг олдига Жўржа исмли Рум қўмондони келди ва: “Эй Холид, нимага даъват қиляпсан? Айни пайтда Исломни қабул қилган кишига ҳам сизларга берилгандаги каби ажру савоб насиб қиладими?” – деб сўради.

Саҳобий: “Ҳа. Ундан кўпроғи ҳам насиб этиши мумкин”, деди.

“Қандай қилиб? Ахир сизлар аввалдан мусулмон бўлиб, ўзиб кетгансизлар-ку?!” – деди Рум қўмондони. Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга яшадик ва у зотнинг мўъжизаларига гувоҳ бўлдик.

Бизнинг кўрганларимизни кўриб, биз эшитган нарсаларни эшитган одам Исломни осонликча қабул қилиши ҳақиқат. Лекин сизлар у зотни кўрмагансизлар, у зотнинг гапларини эшитмагансизлар, бундай ҳолда ғайбга иймон келтирган бўласизлар. Агар сизлар ниятингиз,  қалбингиз ила Аллоҳга иймонда ростгўй бўлсаларингиз, сизларнинг савобларингиз буюкроқ бўлади”, дедилар. Бу гапларни эшитган Рум қўмондони оҳ урди ва: “Эй Холид, менга Исломни ўргат”, дея ўзини Холид розияллоҳу анҳу тарафга ташлади.

Шундай қилиб Рум қўмондони Исломни қабул қилди. Аллоҳ таоло учун икки ракат намоз ўқиди, ҳақиқатда икки ракат, бундан бошқача эмас. Икки тараф яна урушга киришди. Жўржа энди мусулмон аскарлар сафида шаҳидлик мақомига эришиш илинжида жанг қиларди.

Ҳа! Ўша икки ракат намоз сабабидан Аллоҳнинг изни ила унга жаннат насиб этди, унинг бундан бошқа амали йўқ эди...


Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Бунинг маъноси: “Мен ўлгунимча шу жанг майдонидан ортга чекинмайман, то сўнгги нафасим қолгунича мусулмонлар сафида Аллоҳнинг душманларига қарши жанг қиламан, мени фақатгина ўлим тўхтата олади”  (Тарж.).