Бугун, 13 февраль куни Тошкент шаҳридаги "Мумтоз" тантаналар саройида ўтказилаётган Қуръон мусобақасининг туман-шаҳар саралаш босқичи ўзгача кайфият ва шукуҳ билан давом этмоқда.
Буни мусобақа бўлиб ўтаётган масканга юзлаб мухлисларнинг ташриф буюрганидан кузатиш мумкин. Саройда тайёрланган ўриндиқлар ташриф буюрганларга етмаганидан, Қуръон мухлислари туриб кузатишга ҳам рози бўлмоқдалар.
Шайхонтоҳур туманида ташкил этилган хотин-қизлар ўртасидаги мусобақани онлайн тарзда минглаб ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳам кузатмоқдалар. Улар томонидан билдирилаётган фикрлар эса Ўзбекистон Қуръон мусобақасига юқори баҳо эканидан далолат беради.
Қорияларимизга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин! Бизни кузатишда давом этинг.
ЎМИ Матбуот хизмати
Шу кунларда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар Диний идоралари ҳузуридаги Фатво кенгашининг навбатдаги семинари Туркия пойтахти Анқара шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон, Туркия, Қирғизистон, Қозоғистон ва Озарбайжон давлатларидан келган мутахассислар иштирок этмоқда.
Тадбир Туркий давлатлар ташкилоти котибияти ташаббуси ва Туркия диёнат ишлари бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган йиғилиш олти кунлик махсус семинар шаклида ўтказилмоқда.
Мазкур йиғилишда янги ойни кузатиш, намоз вақтлари, тақвим тузиш, озуқа маҳсулотларига қўшиладиган желатин моддасининг ҳукми, сафар масофаси, закот нисобини аниқлашга оид масалалар бўйича ҳар бир юрт вакили ўз тажрибаларини баён қилиб, фикр-мулоҳаза алмашмоқда. Шунингдек, тадбир қатнашчилари Туркия диёнат ишлари бошқармаси иш фаолияти билан ҳам яқиндан танишмоқда.
Йиғилишдан кўзланган мақсад Туркий давлатлар ўртасида диний-маърифий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, фатволар чиқаришда ўзаро якдиллик ва бирхилликни таъминлашдир.
Ушбу халқаро семинарда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази уламолари Ғуломиддин домла Холбоев, Ҳикматуллоҳ домла Тоштемиров, Абдулатиф домла Турсунов қатнашмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати