Бугун, 13 февраль куни Тошкент шаҳридаги "Мумтоз" тантаналар саройида ўтказилаётган Қуръон мусобақасининг туман-шаҳар саралаш босқичи ўзгача кайфият ва шукуҳ билан давом этмоқда.
Буни мусобақа бўлиб ўтаётган масканга юзлаб мухлисларнинг ташриф буюрганидан кузатиш мумкин. Саройда тайёрланган ўриндиқлар ташриф буюрганларга етмаганидан, Қуръон мухлислари туриб кузатишга ҳам рози бўлмоқдалар.
Шайхонтоҳур туманида ташкил этилган хотин-қизлар ўртасидаги мусобақани онлайн тарзда минглаб ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳам кузатмоқдалар. Улар томонидан билдирилаётган фикрлар эса Ўзбекистон Қуръон мусобақасига юқори баҳо эканидан далолат беради.
Қорияларимизга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин! Бизни кузатишда давом этинг.
ЎМИ Матбуот хизмати
Савол: Мўмиё ҳалолми? Уни истеъмол қилса бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳа, мўмиё ҳалол ва уни истеъмол қилиш жоиз. Мўмиё тоғ жинсидан сизиб чиқадиган қуюқ модда бўлиб, табобатда қадимдан ишлатиб келинган. Шаръий жиҳатдан эса, у тоғ жинсидан сизиб чиқадиган табиий модда ва зарарсиз эканлиги эътиборидан истеъмоли ҳалол ҳисобланади. Зеро, динимизда: “Нарсалар аслида мубоҳ (ҳалол)дир”, деган қоида бор.
Бундан маълум бўладики, барча нарсалар инсон учун яратилган бўлиб, улардан фойдаланиш ҳалол. Қатъий далил собит бўлмагунича ҳеч бир нарса ҳаром бўлмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ китобида ҳалол қилган нарса ҳалол, ҳаром қилган нарса ҳаром, сукут қилган нарса афв (этилган)дир. Аллоҳдан офиятни сўранглар, чунки Аллоҳ эсдан чиқаргувчи эмас”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Яъни Аллоҳ таоло баъзи нарсалар борасида ҳалол ёки ҳаром, деган ҳукмни баён қилмаган. Шунинг учун ҳам улар мубоҳлик ҳукмида қолаверади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.