Аҳли суннат ва жамоат таълимотига эргашувчи тўрт мазҳаб – ҳанафийлик, моликийлик, шофеъийлик ва ҳанбалийликнинг ҳар бирининг асосини Қуръони карим ва ҳадиси шариф ташкил қилиши ҳеч кимга сир эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифлари ҳар бир мазҳаб фиқҳида асосий манбалардан бири ҳисобланади. Мазҳаб имомлари ҳамда уларга эргашган издошларидан ҳеч бири ҳадиси шарифдан ташқарига чиқмаган. Ҳадиси шариф турганда, ўз раъйлари ва фикрларини илгари сурмаган. Бу ҳанафий мазҳабида яққол ўз ифодасини топган, десак хато бўлмайди. Бироқ, афсуски, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ўз шогирдлари билан бирга ҳанафийлик мазҳабини таъсис қила бошлаган даврдан буён то ҳозирги кунимизгача ушбу мазҳаб аҳлига “аҳли раъй” деган тамға босилиб келади. Бу, асосан, салбий маънода ишлатилади. Яъни, дин ва мазҳаб душманлари: “Ушбу мазҳаб вакиллари ўз фикрларини оят ва ҳадисдан устун қўядилар; улар ҳадис турганда, уни олмасдан, ўз раъй-фикрларига эргашадилар; ҳадисни олмасдан Имоми Аъзамнинг гапини оладилар”, деганга ўхшаш бўҳтонни айтиб келадилар.
Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ ўзининг Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг маноқиблари тўғрисида ёзилган “Ал-Хайрот ал-ҳисон” рисоласида бундай деган: “Билгинки, уламоларнинг Абу Ҳанифа ва унинг шогирдларини “асҳоби раъй” дейишларидан мақсад, уларни камситиш, уларни ўз раъйларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан ва у зотнинг саҳобаларининг гапларидан устун қўяди, деб нисбатлаш эмаслигини тушунмоғинг лозим! Чунки, улар бундан холидирлар!”
Ҳақиқат шуки, бизнинг ҳанафий мазҳабида бошқа мазҳабларга нисбатан ҳадисга эргашиш ортиқроқдир, ҳаммадан кўра бу мазҳаб соҳиблари ҳадислар маъносини чуқурроқ ва мукаммалроқ тушуниб етадилар. Ҳанафийликнинг асосий манбаси Қуръони каримдир. Ундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари энг асосий манба ҳисобланади. Ҳатто, ҳанафий мазҳабида заиф ҳадис сохталик эҳтимоли бўлган қуруқ қиёсдан устун қўйилган.
Ҳанафийлик мазҳабида заиф ҳадис турганда қиёсга, раъйга ўрин йўқ, заиф ҳадисга амал қилинади. Бу ҳанафий мазҳабининг бошқа мазҳаблардан кўра устунлигини кўрсатади. Улар қанчалик ҳадисга амал қилишни даъво қилсалар ҳам, бирор бир масалага заиф ҳадисдан бошқа далил бўлмаса, унга амал қилмасдан ўз раъй-фикрларига кўра қиёс қилиб ҳукм чиқарадилар. Ҳанафийликда эса ундоқ эмас. Бирор бир масалага заиф ҳадисдан бошқа далил бўлмаган тақдирда, заиф ҳадисга амал қилинади, раъй-фикрга суяниб қиёс қилинмайди. Хуллас, ҳанафийликда заиф ҳадис барча турлари билан мужтаҳиднинг ёки бирор бир фақиҳнинг гапидан устун ҳисобланади.
Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ: “Аллоҳдан ва унинг Расулидан келган нарсаларни бош-у кўз устига қабул қиламиз! Саҳобадан келган нарсаларнинг эса энг яхшисини танлаб эргашамиз! Уларнинг гапларидан ташқари чиқмаймиз!” деган сўзларини барча маноқиб китобларда кўришимиз мумкин.
Демак, тўртта мазҳабнинг ҳеч бир таъсисчиси ҳадиси шарифдан ташқари чиқмаган, ҳадиси шариф турганда, ўз раъйлари ва фикрларини илгари сурмаган. Бунга ёрқин далил сифатида мазҳабларнинг Қуръони карим ва ҳадиси шарифдан далилларни баён қилган китобларини кўпдан кўпини келтириш мумкин. Бундай китоблар хар бир асрда ўзгача услублар билан ёзилган. Бу борада ҳанафий мазҳабида ҳам талайгина китоблар битилган. Уларнинг ҳар бири бир-биридан ўзига хослиги билан ажралиб туради. Мана шундай сара китоблар қаторида Раббоний олим, муфассир, муҳаддис шайх Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муслим Баҳлавийнинг “Адиллат-ул ҳанафийяти минал аҳодисин набавийяти алал масоилил фиқҳияти” китобини келтириш мумкин. Китобни мутолаа қилган киши ундаги боблар тартибининг осонлиги ҳамда ҳадисларни келтиришда муаллифнинг ҳадис илми борасида жуда зукко бўлганига хайратда қолмай иложи йўқ. Муаллиф китобда ҳадисларни фиқҳий аҳкомларга монанд қилиб келтирган. Бир минг икки юз етмишта ҳадисни ўз ичига олган китобни мутолаа қилган ҳар бир ҳанафий мазҳабига эргашувчи киши ўз мазҳаби уламоларига нисбатан ҳурмати зиёда, қалби хотиржам бўлади.
Шуни эътиборга олган ҳолда, мазҳабимизни янада яхшироқ ўрганиш, ҳар бир масалага мукаммал далиллар мавжуд эканини чуқурроқ англаш ва англатиш йўлида вилоят вакиллиги сайтида мазкур китобдан зарур маълумотлар беришни йўлга қўймоқдамиз. Ушбу хайрли ишни китобни яхшилаб мутолаа қилган ва таржимасини ҳам уддалаётган Пискент туманидаги “Собирхон ота” масжиди имоми Суннатуллоҳ Абдулбоситга топширдик. Эзгу ният ила бошлаётган амалимизни Аллоҳ хайрли ва бардавом қилсин!
Хайрулла ТУРМАТОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби
ЎМИ Матбуот хизмати
Жонажон ватанимиз Ўзбекистонда амалга оширилаётган тараққиёт тобора янгидан янги босқичларга қадам қўйишда давом этмоқда. Бу, шубҳасиз, жамият ҳаётининг ҳар бир жабҳасида “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” тамойилига асосланган ўзига хос бир қатор ислоҳотларни амалга оширишда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Мамлакатимизда турли динларга эътиқод қилувчи миллат вакиллари ўртасида ўзаро диний бағрикенгликни тарғиб этиш, миллатлараро тотувлик ва ижтимоий барқарорликни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар ҳам шулар жумласидандир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 апрел куни эълон қилинган “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ 68-сонли Фармонида ҳам айни шу масалалар назарда тутилган. Мазкур фармонда таъкидланишича, жаҳон тамаддунида алоҳида ўрин тутган, умумбашарий тараққиёт омили бўлган илм-фан ва маданият ривожига катта ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирларимиз қолдирган улкан илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, ёш авлод қалбида Ватанга садоқат, миллий-диний қадриятларга ҳурмат туйғуларини тарбиялашда улардан унумли фойдаланиш бу ислоҳотларнинг асосий негизини ташкил этади.
Фармонга асосида Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлигининг Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази муассислигида Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклифлари маъқулланган ва унинг асосий вазифалари белгилаб берилган. Жумладан, унда “...буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати алломаларининг юксак инсонпарварлик ғояларини илмий асосда ўрганиш, ёш авлодни бағрикенглик ҳамда ўзаро ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида тарғибот ишларини олиб бориш” ҳам қайд этиб ўтилган. Албатта, бу вазифани бажариш нафақат олимлар, балки бугун диний соҳада халққа хизмат қилаётган барча ходимлар зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди. Зеро, соҳанинг ҳар бир ходими тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини теран англаши, юртимизда яшаб, ижод қилган улуғ алломаларнинг бой илмий-маънавий меросини халққа етказиши, кенг тарғиб қилиши замон талабидир.
Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати ҳақида сўз кетганда, энг аввало, турли манбаларда бу улуғ аллома ҳақида айтилган фикр-мулоҳазаларга тўхталиб ўтиш ўринлидир. Ана шундай манбалардан бири, сўзсиз, улуғ мутафаккир Алишер Навоий бобомизнинг қатор асарларидир. Шоир ижодида нақшбандийлик тариқати асосий ўрин тутади. Ҳар бир асарининг ғоявий мазмуни, уларда илгари сурилган тасаввуфий қарашлар бевосита унинг Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқатига катта эътибор берганлигидан дарак беради. “Лисон ут-тайр” достони ҳам бундан мустасно эмас.
Асарнинг “Хожа Баҳоуддин Нақшбанд сўзи фанойи комил мақомида” бобида шоир улуғ алломага шундай таъриф беради:
Хожаи олий сифоти аржманд,
Шаҳ Баҳо ул Ҳақ вад-дин Нақшбанд.
Чун бу иқлим уза бўлди тахтгир,
Тузди йўқлук кишвари узра сарир.
Навоий таъкидлашича, Шоҳ Баҳоуддин Нақшбанд олий ахлоқий сифатларга эга зотдир. Чунончи, у зот бу иқлим тахтига ўтиргач, яъни дунёга келган кунидан бошлаб, ўзини йўқлик тахтида кўрди. Демак, Шоҳ Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг энг улуғ инсоний фазилатларидан ўзлигини англаб, худбинликдан кечишдир. Шоир фикрини давом эттирар экан ёзади:
Ўз вужудин пок сайри ҳақшунос,
Ҳар не бирлаким қилур эрди қиёс.
Ондин ўзни кам топар эрди басе,
Сарву гулдин ўйлаким хору хасе.
Ҳақшунос – Аллоҳни таниган аллома ўзини нимага қиёс қилса, ундан паст кўрар, яъни оддий хас сарв билан гулнинг наздида қанчалик кўримсиз бўлса, у зот ҳам ўз вужудини ҳеч қачон бирор нарсадан ортиқ кўрмас ва бутун ҳаёти давомида шундай камтарликка амал қилиб яшаган. Агар инсонлар ўз ҳаётларини инсонпарварлик ва бағрикенглик асосида қурсалар, дунёда рўй бераётган ўзаро низолар, қирғинбарот урушлар, ўткинчи мол-дунё учун қилинаётган пасткашликларга барҳам берилган, инсонлар бир-бири билан тинч-тотув ҳаёт кечирган, она замин бағрида бегуноҳ гўдакларнинг қонлари дарё бўлиб оқмаган бўлар эди. Аммо афсуски, бугун дунёнинг турли мамлакатларида бундай мислсиз фожиаларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз.
Тасаввуф аҳли орасида Баҳоуддин Нақшбандий ҳазратларининг: “Мусибатлар жуда кўпдир. Фақат энг буюк мусибат эса вақтнинг фойдасиз, бекорга кетишидир”, – деган панду насиҳати машҳурдир. Шунга кўра ҳикоятда нақшбандийликнинг яна бир тамойили бозгаштга ҳам тўхталиб ўтилади. Унга кўра ўзининг ҳар бир нафасини назорат қилган ориф унинг бирор лаҳзаси, ҳаттоки, нафас олиш ва чиқаришнинг орасидаги онлардан бири ҳам, ғафлат билан беҳуда ўтган бўлса бозгашт қилиши, яъни ғафлатда кечган ҳар бир ишини қайтадан бажариши лозимлигини таъкидлайди.
Зеро, аҳли Ҳақ – Аллоҳнинг ошиқлари шу тариқа ўз вужудини инкор этиб, шу сабаб билан будини – борлигини набуд – йўқликка алмаштирадики, шоир бу ўринда китобхонларни нақшбандийликнинг яна бир рашҳаси “вуқуфи қалбий” – “қалбдан огоҳ бўлиш”га қаратади. Бу раҳшага кўра солик ҳамиша ўз қалбидан огоҳ бўлиши, унда кечаётган ҳар бир ўй-фикрларни тартибга солиб, ҳатто хаёлан бўлса-да, кибру ҳавога, манманликка йўл қўймаслиги керак.
Алишер Навоий Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари умрларининг охиригача ўзларида мужассам бўлган фазилатларни тарк этмаганлиги ва шу тариқа фано бўлганликларини айтиб, шундай якунлайди:
Бўйла ошом эттилар жоми фано,
Қолмоғондин сўнг асар ўздин яно.
Ҳақ вужудидин бақое топмайин,
Жоми ваҳдатда лиқое топмайин,
Чун фано хайлига дохил бўлдилар,
Боқийи мутлаққа восил бўлдилар.
Шоир таъкидлашича, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ўзлигидан, яъни “мен”ликнинг кибру ҳаволаридан кечган ҳолатда вафот этдилар. У кишининг назарида Ҳақ вужудидан бошқа боқий бўлмади, ўзининг Ҳақ наздида ҳечлигини англаб етди ва фано хайли – аҳлига қўшилиб, боқийи мутлақ – Аллоҳ висолига эришди.
Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” достонидан олинган ҳикоятлар гарчи ҳажман кичик бўлса ҳам, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари таълимотининг энг асосий тамойилларини ўзида акс эттирганлиги билан қадрлидир. Ўйлаймизки, муштарийлар бу асар таҳлилини Президентимиз фармонларида айтилган “тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини илмий тадқиқ этиш, “Етти пир” алломалари ва азиз авлиёларнинг бой илмий-маънавий меросини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш” йўлидаги арзимас уринишларимиздан бири сифатида қабул қиладилар ва йўл қўйган нуқсон-хатоларимизни кечирадилар. Албатта, умид қиламизки, бу борада янада теранроқ қарашлар билан бойитилган мақолалар билан бизни хурсанд этадилар.
Алишер домла Наимов,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби ўринбосари