Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Август, 2026   |   5 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:08
Қуёш
05:35
Пешин
12:27
Аср
17:17
Шом
19:22
Хуфтон
20:45
Bismillah
18 Август, 2026, 5 Рабиъул аввал, 1448

Ҳанафийлик – суннатга энг кўп амал қилувчи мазҳаб

08.02.2018   14470   5 min.
Ҳанафийлик – суннатга энг кўп амал қилувчи мазҳаб

Аҳли суннат ва жамоат таълимотига эргашувчи тўрт мазҳаб – ҳанафийлик, моликийлик, шофеъийлик ва ҳанбалийликнинг ҳар бирининг асосини Қуръони карим ва ҳадиси шариф ташкил қилиши ҳеч кимга сир эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифлари ҳар бир мазҳаб фиқҳида асосий манбалардан бири ҳисобланади. Мазҳаб имомлари ҳамда уларга эргашган издошларидан   ҳеч бири ҳадиси шарифдан ташқарига чиқмаган. Ҳадиси шариф турганда, ўз раъйлари ва фикрларини илгари сурмаган. Бу ҳанафий мазҳабида яққол ўз ифодасини топган, десак хато бўлмайди. Бироқ, афсуски, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ўз шогирдлари билан бирга ҳанафийлик мазҳабини таъсис қила бошлаган даврдан буён то ҳозирги кунимизгача ушбу мазҳаб аҳлига “аҳли раъй” деган тамға босилиб келади. Бу,  асосан, салбий маънода ишлатилади. Яъни, дин ва мазҳаб душманлари: “Ушбу мазҳаб вакиллари ўз фикрларини оят ва ҳадисдан устун қўядилар; улар ҳадис турганда, уни олмасдан, ўз раъй-фикрларига эргашадилар; ҳадисни олмасдан Имоми Аъзамнинг гапини оладилар”, деганга ўхшаш бўҳтонни айтиб келадилар.

Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ ўзининг Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг маноқиблари тўғрисида ёзилган “Ал-Хайрот ал-ҳисон” рисоласида бундай деган:  “Билгинки, уламоларнинг Абу Ҳанифа ва унинг шогирдларини “асҳоби раъй” дейишларидан мақсад, уларни камситиш, уларни ўз раъйларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан ва у зотнинг саҳобаларининг гапларидан устун қўяди, деб нисбатлаш эмаслигини тушунмоғинг лозим! Чунки, улар бундан холидирлар!”

Ҳақиқат шуки, бизнинг ҳанафий мазҳабида бошқа мазҳабларга нисбатан ҳадисга эргашиш ортиқроқдир, ҳаммадан кўра бу мазҳаб соҳиблари ҳадислар маъносини чуқурроқ ва мукаммалроқ тушуниб етадилар. Ҳанафийликнинг асосий манбаси Қуръони каримдир. Ундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари энг асосий манба ҳисобланади. Ҳатто, ҳанафий мазҳабида заиф ҳадис сохталик эҳтимоли бўлган қуруқ қиёсдан устун қўйилган.

Ҳанафийлик мазҳабида заиф ҳадис турганда қиёсга, раъйга ўрин йўқ, заиф ҳадисга амал қилинади. Бу ҳанафий мазҳабининг бошқа мазҳаблардан кўра устунлигини кўрсатади. Улар қанчалик ҳадисга амал қилишни даъво қилсалар ҳам, бирор бир масалага заиф ҳадисдан бошқа далил бўлмаса, унга амал қилмасдан ўз раъй-фикрларига кўра қиёс қилиб ҳукм чиқарадилар. Ҳанафийликда эса ундоқ эмас. Бирор бир масалага заиф ҳадисдан бошқа далил бўлмаган тақдирда, заиф ҳадисга амал қилинади, раъй-фикрга суяниб қиёс қилинмайди. Хуллас, ҳанафийликда заиф ҳадис барча турлари билан мужтаҳиднинг ёки бирор бир фақиҳнинг гапидан устун ҳисобланади.

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ: “Аллоҳдан ва унинг Расулидан келган нарсаларни бош-у кўз устига қабул қиламиз! Саҳобадан келган нарсаларнинг эса энг яхшисини танлаб эргашамиз!  Уларнинг гапларидан ташқари чиқмаймиз!” деган сўзларини барча маноқиб китобларда кўришимиз мумкин.

Демак, тўртта мазҳабнинг ҳеч бир таъсисчиси ҳадиси шарифдан ташқари чиқмаган, ҳадиси шариф турганда, ўз раъйлари ва фикрларини илгари сурмаган. Бунга ёрқин далил сифатида мазҳабларнинг Қуръони карим ва ҳадиси шарифдан далилларни баён қилган китобларини кўпдан кўпини келтириш мумкин. Бундай китоблар хар бир асрда ўзгача услублар билан ёзилган. Бу борада ҳанафий мазҳабида ҳам талайгина китоблар битилган. Уларнинг ҳар бири бир-биридан ўзига хослиги билан ажралиб туради. Мана шундай сара китоблар қаторида Раббоний олим, муфассир, муҳаддис шайх Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муслим Баҳлавийнинг “Адиллат-ул ҳанафийяти минал аҳодисин набавийяти алал масоилил фиқҳияти” китобини келтириш мумкин. Китобни мутолаа қилган киши ундаги боблар тартибининг осонлиги ҳамда ҳадисларни келтиришда муаллифнинг ҳадис илми борасида жуда зукко бўлганига хайратда қолмай иложи йўқ. Муаллиф китобда ҳадисларни фиқҳий аҳкомларга монанд қилиб келтирган.  Бир минг икки юз етмишта ҳадисни ўз ичига олган китобни мутолаа қилган ҳар бир ҳанафий мазҳабига эргашувчи киши ўз мазҳаби уламоларига нисбатан ҳурмати зиёда, қалби хотиржам бўлади.

Шуни эътиборга олган ҳолда, мазҳабимизни янада яхшироқ ўрганиш, ҳар бир масалага мукаммал далиллар мавжуд эканини чуқурроқ англаш ва англатиш йўлида вилоят вакиллиги сайтида мазкур китобдан зарур маълумотлар беришни йўлга қўймоқдамиз. Ушбу хайрли ишни китобни яхшилаб мутолаа қилган ва таржимасини ҳам уддалаётган Пискент туманидаги “Собирхон ота” масжиди имоми Суннатуллоҳ Абдулбоситга топширдик. Эзгу ният ила бошлаётган амалимизни Аллоҳ хайрли ва бардавом қилсин!

 

Хайрулла ТУРМАТОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

Фиқҳ
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“Azzaman” газетаси: Янги Ўзбекистонда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда

11.08.2026   59964   2 min.
“Azzaman” газетаси: Янги Ўзбекистонда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда

Ироқнинг “Azzaman” газетасида “Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги: Давлат барпо этишдан Учинчи Ренессанс сари” номли мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида босиб ўтган тараққиёт йўли, амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи тобора юксалиб бормоқда.

1991 йилда қўлга киритилган мустақиллик Ўзбекистон халқи ҳаётида тарихий бурилиш ясаб, миллий давлатчилик асосларини шакллантириш, иқтисодий тараққиёт пойдеворини яратиш ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш жараёнини бошлаб берди.

2016 йилдан бошлаб Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда “Янги Ўзбекистон” тамойили асосида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда Ўзбекистон Марказий Осиёда изчил ва мувозанатли ривожланиш йўлидан бораётган давлат сифатида эътироф этилмоқда.

Муаллиф Ўзбекистонда сўнгги йилларда иқтисодиётни либераллаштириш, инвестицияларни жалб этиш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инфратузилмани модернизация қилиш, рақамлаштириш ва тадбиркорлик муҳитини яхшилаш борасида амалга оширилган чора-тадбирларга эътибор қаратган.

Мақолада аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, таълим ва соғлиқни сақлаш хизматлари сифатини ошириш, ёшлар ҳамда хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар ҳақида ҳам алоҳида фикр юритилган.

Нашрда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Учинчи Ренессанс” ғояси Ўзбекистон тараққиётининг муҳим стратегик йўналишларидан бири сифатида баҳоланган. Унда Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий ва Имом Термизий каби буюк алломалар етишиб чиққан юрт бугунги кунда илм-фан, инновация, технология ва инсон капиталини ривожлантириш орқали янги уйғониш даврини яратишга интилаётгани қайд этилган.

Ироқ матбуоти Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси тарихидаги ўрнига ҳам тўхталиб, мамлакатда бой илмий-маърифий меросни ўрганиш ва тарғиб қилишга қаратилган лойиҳалар амалга оширилаётганини таъкидлаган. Жумладан, Тошкент шаҳрида бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази Мовароуннаҳр алломаларининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини намойиш этувчи муҳим илмий-маданий маскан сифатида қайд этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари