Сулаймон ибн Абдулмалик Мадинага борганида: “Бу шаҳарда саҳобани кўрган бирор киши қолганми?” деб сўради. “Ҳа, бор, у Абу Ҳозим”, дейишди. Халифа уни чақириб келишни буюрди. Абу Ҳозим ҳузурига келганида дабдурустдан унга:
– Эй Абу Ҳозим, бу қандай жафо?! – деди ўпка-гина оҳангида.
Абу Ҳозим ҳайрон бўлиб:
– Мендан қандай жафо ўтди, эй амирул мўъминин? – деди.
Сулаймон ибн Абдумалик:
– Таниқли кишиларнинг ҳаммаси ҳузуримга келди, сен эса келмадинг, – деди.
– Аллоҳга қасамки, мени таниганингга икки кун бўлган эса, мен ҳам илгари сени кўрмаган бўлсам, яна мендан қандай жафо кўрдинг?
Сулаймон Зуҳрийга юзланиб: “Шайх тўғри айтди, мен эса хато қилдим”, деди ва гапни бошқа томонга бурди:
– Эй Абу Ҳозим, бизга ўзи нима бўлди, нега ўлимни бунчалик ёмон кўрамиз?
– Чунки бу дунёингизни обод қилиб, охиратингизни хароб қилгансиз, обод жойдан чиқиб, харобага боришни хоҳламайсиз-да.
– Тўғри айтдинг, эй Абу Ҳозим, қани энди эртага Аллоҳнинг ҳузурида бизга нима бўлишини билсам.
– Қилган амалингни Аллоҳнинг Китобига рўбарў қил.
– Уни Аллоҳнинг Китобидан қандай топаман?
– Аллоҳ таоло айтади: “Албатта яхшилар (мўминлар) неъмат (жаннат)дадирлар. Фожирлар (кофирлар) эса дўзахдадирлар” (Инфитор 13-14-оят).
Сулаймон яна сўради:
– Аллоҳнинг раҳмати қаерда бўлади?
– Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз! Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилингиз! Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир” (Аъроф, 56-оят).
Сулаймон:
– Қани энди эртага Аллоҳга қандай юзланишимни билсам? – деди
Абу Ҳозим айтди:
– Муҳсин киши гўё ўз оиласидан узоқда бўлиб, сўнг қайтиб келаётгандек муштоқ бўлади, аммо гуноҳкор гўё ўз хожасидан қочиб кетишга интилаётган кишидек бўлади.
Сулаймонга бу гап таъсир қилиб, ҳўнграб юборди, йиғиси кучайди, бир оздан сўнг:
– Эй Сулаймон, биз қандай қилиб аҳволимизни ислоҳ қилайлик? – деди.
Абу Ҳозим маслаҳат бериб деди:
– Мақтанчоқликдан воз кечасиз, тенг тақсимлайсиз, ҳукм чиқаришда адолат билан иш тутасиз.
– Буни қандай амалга оширамиз?
– Ҳақдан оласиз ва ҳақли жойга берасиз.
– Эй Абу Ҳозим, одамларнинг энг афзали қайси?
– Саховатли ва фаросатли кишилар.
– Энг адолатли иш қайси?
– Ўзинг умидвор бўлиб, қўрқиб турган киши ҳузурида ҳақ сўзни айтишинг.
– Энг тез қабул бўладиган дуо қайси?
– Муҳсиннинг муҳсинга қилган дуоси.
– Эй афзал садақа қайси?
– Ўзи фақир бўлган кишининг ожиз қолган кишига беминнату беозор қилган садақаси.
– Энг гўзал инсон ким?
– Аллоҳнинг тоатига етишган, унга ўзи амал қилиб бошқаларни ҳам шунга ундаган киши.
– Одамларнинг энг аҳмоғи қайси?
– Золим биродарининг ҳавои нафсига ҳавас қилиб, охиратини дунёсига алмаштирган киши.
– Эй Абу Ҳозим, биз билан ҳамроҳ бўлишни хоҳлайсанми, биздан сенга нимадир тегарди, сендан ҳам бизга нимадир тегарди.
– Асло.
– Нега?
– Мен сизларга арзимаган нарса учун суяниб қолиб, сўнг Аллоҳ менга ҳаёт ва ўлим вақтида ожизлик ташвишини тоттиришидан қўрқаман, сўнг бунда менга ҳеч ким ёрдам беролмайди.
– Эй Абу Ҳозим нима ҳожатинг бўлса менга, айт.
– Хўп, мени жаннатга киргиз, дўзахдан қутқариб ол!
– Бу иш қўлимдан келмайди.
– Бундан бошқа ҳожатим йўқ.
– Эй Абу Ҳозим, менинг ҳаққимга Аллоҳга дуо қил!
– Аллоҳим, агар Сулаймон Сенинг дўстларингдан бўлса, унга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшиликка етишишини осон қил, агар у душманларингдан бўлса, уни пешонасидан тутиб, ўзинг яхши кўрадиган ва рози бўладиган йўлга буриб қўй.
– Менга насиҳат қил!
– Агар насиҳатни оладиганлардан бўлсанг, сенга етарли насиҳат қилиб бўлдим, агар насиҳатни олмайдиганлардан бўлсанг, ипсиз камондан ўқ отишга уринишдан нима фойда.
– Эй Абу Ҳозим, бизнинг қилаётган ишлар ҳақида нима дейсан.
– Гапираверайми?
– Ҳа, балки бу бизга қиладиган насиҳатинг бўлади.
– Сенинг ота-бобонг бу ишни машварат ва кенгаш қилмасдан қиличнинг кучи билан тортиб олди, бу йўлда катта жанглар ва юришлар қилишди, улар нималар дегани ва уларга нималар дейилганини билсанг эди!..
Шунда Сулаймоннинг шерикларидан бири туриб Абу Ҳозимга қарата:
– Бунча ёмон гаплар айтмасанг!
Абу Ҳозим деди:
– Аммо ёлғон айта олмайман! Аллоҳ таоло олимлардан одамларга (ҳақни) айтишга ва уни яширмасликка аҳдлашув олган.
Сулаймон деди:
– Эй Абу Ҳозим! Насиҳатингда давом эт!
– Хўп, сенга қисқача насиҳатим шуки, Аллоҳ таоло сени шу ишга қўл урмаслигинг учун ундан қайтарган бўлса-ю, узоқлашиб кетмаслигинг учун сени бир ишга буюрган бўлса сен уни покла ва улуғла.
Сўнг Абу Ҳозим ўрнидан туриб, орқасига қайрилганда Сулаймон:
– Эй Абу Ҳозим мана бу юзни (пулга ишора қилди) олиб қўй, сенга мендан ҳадя, – деди.
Абу Ҳозим пулни улоқтириб юбориб:
– Мен бу пулларни сенга ҳам раво кўрмайман-ку, қандай қилиб ўз нафсимга раво кўрай. Сен мендан ҳазиллашиб бирор нарса сўрасанг, мен уни сенга бериб юборишимдан Аллоҳ асрасин дейман.
Мусо ибн Имрон алайҳиссалом Мадинага келганида: “Раббим Сен менга туширадиган ҳар бир яхшиликка муҳтожман” (Қасос, 24), деди. Бунда Мусо алайҳиссалом Раббисидан сўради, одамлардан эмас. Бу гапни икки аёл тушунди, лекин (атрофдаги) чўпонлар тушунмади, у иккови отаси Шуайб алайҳиссаломнинг олдига борганда бўлган воқеани айтишди. Шуайб алайҳиссалом: “Бу одам оч бўлса керак”, деди. Сўнг қизларидан бирига бориб уни чақириб келишни буюрди, қиз олдига борганда юзига парда тутиб: “Отам қўйларимизни суғориб берганинг учун сенинг ҳаққингни бериши учун чақирмоқда”, деди.
Мусо алайҳиссаломга бу гап ёқмади ва унинг ортидан боришни хоҳламади. Чунки у ер хавфли ва йиртқич ҳайвонлар юрадиган жой эди.
Мусо алайҳиссалом у билан бирга кетди. У тўладан келган қиз эди. Шамол унинг кийимига урилиб, кийими гоҳ очилиб, гоҳ ёпилиб унинг тўлалигини билдирарди. Мусо алайҳиссалом:
– Эй Аллоҳнинг жорияси орқамга ўтиб ол, – деди. Шуъайб алайҳиссаломнинг ҳузурига келганда кечки таом тайёрланган эди. Шуайб алайҳиссалом уни овқатга таклиф қилди.
Мусо алайҳиссалом:
– Емайман,- деди.
– Оч эмасмисан?
– Очман. Лекин мен охират учун қилинган амални ер юзи тўла олтинга ҳам алмашмайдиган оиладанман. Мен бу таомни мана бу қизларга суғориб берганим эвазига тўлов бўлиб қолишидан қўрқаяпман.
Шуайб:
– Йўқ, эй йигит. Меҳмонга зиёфат бериш ва таом улашиш – бизнинг ота-боболаримиз одати,– деди
Мусо алайҳиссалом ўтириб, таомдан олди, – деди. Абу Ҳозим яна гапида давом этиб:
– Агар шу юз динорни сенга айтган гапларим эвазига бераётган бўлсанг, унда мажбур бўлиб ейилган чўчқанинг қони ва гўшти бу пулдан кўра ҳалолроқдир, – деди ва – мабодо бу мусулмонларнинг молидан бўлса, бу пулда менга ўхшаган кишиларнинг ҳаққи бор, шунда ҳам агар мен улар билан тенг бўлсам. Агар ундан бўлмаса менга бунинг кераги йўқ. Бани Исроилнинг амирлари ҳам олимларининг олдига боришга рағбат қилардилар, шунинг учун ҳидоятда ва тақвода эдилар. Бахтиқаро бўлиб, юз ўгириб, Аллоҳнинг назаридан қолгач, бутлар ва шайтонга ишонадиган бўлиб кетдилар, энди олимлари амирларининг олдига борадиган бўлиб кетдилар, уларнинг мол-дунёсига шерик бўлдилар, уларнинг фитналарига аралашиб қолдилар, – деб гапини якунлади.
Ибн Шиҳоб:
– Эй Абу Ҳозим, мени назарда тутяпсанми ёки менга ҳайфсан бермоқчимисан? деди
– Сени назарда тутганим йўқ, лекин мана шу эшитганинг , – деди Абу Ҳозим.
Сулаймон:
– Эй ибн Шиҳоб, уни танийсанми? – деб сўради.
Ибн Шиҳоб:
– Ҳа, ўттиз йилдан бери қўшним, унга бир оғиз ҳам гап гапирмаганман, – деди.
Абу Ҳозим:
– Сен Аллоҳни эсдан чиқардинг, мени ҳам унутдинг. Агар Аллоҳни яхши кўрганингда мени ҳам яхши кўрардинг , – деди.
Ибн Шиҳобнинг авзойи ўзгариб:
– Мени ҳақорат қилаяпсанми? – деб сўради.
Халифа орага тушиб:
– У сени ҳақорат қилгани йўқ, лекин сен ўзингни ҳақорат қилдинг, нима билмайсанми, қўшнининг қўшнида худди қариндошникидек ҳаққи бор, – деб дашном берди.
Абу Ҳозим кетгач, Сулаймоннинг шерикларидан бири: “Эй амирул-мўъминин, ҳамма одамлар шу Абу Ҳозимга ўхшашини хоҳлайсизми?” деб сўради. У гапни қисқа қилиб: “Йўқ”, деб қўйди.
Улуғбек тайёрлади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Раббининг элчиси эканини тасдиқлаш учун ҳар пайғамбарга ҳам хос китоб нозил бўлиши шарт эмас
Олимлар пайғамбарни бундай таърифлаган: «Пайғамбар – шариат ваҳий қилинган инсон». Демак, пайғамбарлик Аллоҳ таолонинг Ўзи бандалари орасидан танлаб олган зотга ваҳий нозил қилиши орқали юзага чиқади. Алоҳида китоб тушиши пайғамбарлик шартларига кирмайди. Бунга қуйидаги далиллар далолат бўлади.
1. Пайғамбарлик хабари ваҳий орқали етказилади. Аллоҳ таоло бирор бандасини пайғамбарлик ё элчиликка танлар экан, унга сайланганини билдириб қўяди. Бу билдириш нубувват ва рисолатнинг асоси бўлган ваҳийнинг бир туридир. Ундан кейин Аллоҳ таоло ўша пайғамбарга китоб нозил қилиши ҳам, қилмаслиги ҳам мумкин.
Нубувват хабари баъзан китоб тушиши билан бошланади. Масалан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий бўлиб Алақ сурасининг «Яратган Зот бўлмиш Парвардигорингиз номи билан ўқинг!» ояти нозил қилинган. Бироқ пайғамбарлик кўпинча китоб тушишидан бошқа йўллар билан бошланган ва аксар пайғамбарларда шундай бўлган.
2. Нубувватнинг тасдиғи пайғамбарнинг сўзлари ва у келтирадиган мўъжизаларга боғлиқ. Аллоҳ таоло танлаган бандасига пайғамбарлик берганидан кейин одамлар орасида бу нубувват ва рисолатнинг ҳақиқийлиги фақат икки ҳодиса билан собит бўлади:
Биринчиси: Пайғамбар ўз умматига: «Аллоҳ таоло мени сизларга пайғамбар ва элчи қилиб юборди», деб эълон қилади.
Иккинчиси: Аллоҳ таоло ушбу даъвони тасдиқлаш учун ўша зот орқали мўъжиза кўрсатади.
Пайғамбарнинг «Мен Аллоҳнинг элчисиман, Аллоҳ мени сизларга набий қилиб юборди» деган сўзлари тиловат қилинмайдиган ваҳий (яъни, муқаддас китобнинг бир қисми) бўлиб, пайғамбарликнинг, элчиликнинг, шариат ва динга оид барча ҳукмларнинг ҳақлигини эътироф этиш мана шу сўзнинг тасдиғига таянади.
3. Китобнинг илоҳийлиги ғайри матлув (тиловат қилинмайдиган) ваҳий билан тасдиқланади: Аллоҳ таоло бирор элчисига китоб нозил қилганида, у пайғамбарга тушиши ҳамоно «Аллоҳнинг ҳузуридан тушган китоб» бўлиб қолмайди, яъни одамлар буни бирдан била қолмайди. Бу калом Аллоҳ таолонинг ҳузуридан тушганини собит қилиш элчининг «Бу китоб Аллоҳ таолонинг ҳузуридан нозил қилингандир» деган сўзлари орқали амалга ошади.
Демак, расулларнинг бу гувоҳлиги Аллоҳ таоло уларга билдирган тиловат қилинмайдиган ваҳийдир. Китоб кўринишидаги тиловат қилинадиган ваҳийнинг ҳақлиги мана шу тиловат қилинмайдиган ваҳий устига бино бўлади.
4. Агар пайғамбарлик фақат китоб тушиши билан амалга ошади, деб ҳисобланса, унда ўзига китоб нозил қилинмаган барча ҳақ пайғамбарларнинг нубуввати ботил бўлиб қолган бўларди. Шунингдек, бундай пайғамбар минглаб мўъжизалар кўрсатиб, ростгўйлигига минглаб далиллар келтирса ҳам, ҳеч ким унга имон келтиришга мажбур бўлмас ва бу гуноҳ саналмас эди.
Ваҳоланки, Аллоҳ таоло алоҳида китоб туширмасдан минглаб пайғамбарлар юборгани барчага маълум ва ижмоъ қилинган (барча уламолар бир овоздан тасдиқлаган, ҳақ деб иттифоқ қилган) ҳақиқатдир. Аллоҳ у зотларга ё тиловат қилинмайдиган ваҳий орқали билдирилган ҳукмларга амал қилишни, ё ўзидан олдинги пайғамбарларнинг китобига мувофиқ иш тутишни буюрган. Масалан, Мусо алайҳиссаломдан кейин Бани Исроилга юборилган пайғамбарлар Тавротга амал қилинишига масъул эди. Аллоҳ таоло Исо алайҳиссалом ҳақида бундай дейди: «Исо ибн Марям: «Эй Бани Исроил, албатта, мен ўзимдан олдин келган Тавротни тасдиқловчи ва мендан кейин келувчи Аҳмад исмли Расулнинг башоратини берувчи, Аллоҳ сизларга юборган Пайғамбарман», деганини эсланг. (Аҳмад) уларга ҳақ билан келган вақтда эса, “бу очиқ-ойдин сеҳрдир” дедилар» [Соф сураси, 6-оят].
Исо алайҳиссаломга ҳам Бани Исроилнинг бошқа пайғамбарлари каби Таврот ҳукмларига амал қилиш буюрилган эди. Пайғамбарларга китоб тушмаган бўлса-да, уларни ёлғончига чиқарган қавмларни Аллоҳ таоло турли азобларга мубтало қилди ва бу жазоларнинг бир қисмини Қуръони каримда баён этиб ҳам ўтди.
5. Китоблар ва саҳифалар фақатгина баъзи пайғамбарлар ва набийларга нозил қилингани, уларнинг аксариятига эса ҳеч қандай китоб ҳам, саҳифа ҳам тушмагани ижмоъ қилинган ҳақиқатдир. Уларга фақат ваҳийнинг ўзи – китобсиз, саҳифасиз – нозил қилинган. Шу билан пайғамбарлиги мукаммал, нубуввати собит бўлгач, улар юборилган қавмлар учун ҳужжат-далил тайёр ҳолатга келган ва энди одамлар имон келтириш ва эргашишга мажбур бўлган.
6. Мана Бу қисса Шуаро, Намл, Қасас, Тоҳа ва Нозиот сураларида баён қилинган бўлиб, воқеалар Мусо алайҳиссаломга Таврот нозил қилинишидан олдин юз берган. Аллоҳ таоло ушбу қиссада Мусонинг бир қибтийни (қибтийлар – қадимги Мирс халқи) ўлдириб қўйгани сабабли Фиръавн ва унинг қавмидан қочиб, Мисрдан чиқиб кетганини, Мадян томон йўл олганини ва у ердаги солиҳ кишининг қизига уйланганини зикр қилади. Кейин у аҳли аёли билан Мисрга қайтаётганда Тур тоғи томонида бир оловни кўриб қолади. Аллоҳ таоло айтади: «Бас, у(олов)га келганида, нидо қилинди: «Эй Мусо! Албатта, Мен Ўзим сенинг Раббингдирман. Кавушларингни еч. Чунки сен муқаддас Туво водийсидасан. Мен сени ихтиёр қилиб олдим. Ваҳий қилинадиган нарсага қулоқ ос. Албатта, Мен, Ўзим, Аллоҳдирман. Мендан ўзга илоҳ йўқ. Бас, Менга ибодат қил ва мени зикр этиш учун намозни тўкис адо эт» [Тоҳа сураси, 11-14-оятлар].
Аллоҳ азза ва жалла унга пайғамбар эканини хабар қилди ва унга ваҳий қилинаётган нарсага қулоқ тутишни, ибодат қилиш ва намозни адо этишни буюрди. Сўнг Ҳақ таоло икки мўъжиза бўлиши учун унга қўлидаги асони ташлашни, кейин эса қўлини қўйнига қўйишни буюрди. Шундан кейин буюк Зот унга Фиръавн ҳузурига боришни амр этди: «Биз сенга буюк мўъжизаларимизни кўрсатиш учун (шундай қилдик). Фиръавнга бор, албатта у туғёнга кетди», деди». [Тоҳа сураси, 23-24-оятлар].
Сўнгра Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом билан Фиръавн ўртасида нималар бўлганини зикр қилади.
Демак, Фиръавнга Мусо алайҳиссаломнинг даъвати етиб бориши ва бу даъватга улкан мўъжизалар ҳамроҳ бўлиши билан ҳукмдор учун ҳужжат қойим бўлган эди. Ваҳоланки, у пайтда Мусо алайҳиссаломга ҳали Таврот нозил қилинмаганди. Чунки, Таврот у зот Бани Исроил билан бирга Мисрдан чиқиб кетгани ва Фиръавн ғарқ қилинганидан кейин нозил бўлган. Бу Қасас сурасидаги оятларда баён этилган.
Шундай қилиб, ҳужжат ваҳий нозил бўлганидан кейин даъватнинг етиб бориши ва унга мўъжизалар ҳамроҳлик қилиши билан қойим бўлади. Фақат китоб билангина қойим бўлганида эди, Фиръавн учун ҳужжат кучга кирмаган ва Аллоҳ таоло томонидан унга ва қавмига далилсиз азоб берилган бўлар эди. бу эса, Ал-Адл бўлган Аллоҳнинг сифатига умуман тўғри келмайди.
Юқорида зикр қилганлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ваҳийларнинг ҳаммаси ҳам тиловат қилинадиган эмас, балки баъзида китобсиз ва саҳифасиз ҳам бўлиши мумкин. Пайғамбарликнинг юзага чиқиши ва собит бўлишида асосий мезон – ваҳийнинг нозил бўлиши. Китоб эса Аллоҳ таоло элчилари орасидан саралаб олган зотларга хослаб берилган ваҳийдир.
7. Пайғамбарлик китоб тушиши билан эмас, балки ваҳий нозил бўлиши билан амалга ошишига ва ваҳийларнинг ҳаммаси ҳам тиловат қилинадиган эмаслигига далолат бўладиган жиҳатлардан яна бири – Аллоҳ таолонинг бирор китоби борлиги маълум бўлмаган ва Аллоҳ таоло китоб ато этмаган пайғамбарлари билан сўзлашганидир. Биз бу сўзлашувларни Ҳақ таоло сўнгги Китобида зикр қилгани туфайли билганмиз. Қуйида Қуръони Каримда Аллоҳ таолонинг китоб нозил қилинмаган пайғамбарлари билан сўзлашгани ҳақида ҳикоя қилинган воқеалардан намуналар келтирамиз.
1. Одам алайҳиссалом билан. Аллоҳ таоло айтади: “Ва: “Эй Одам, сен ўз жуфтинг ила жаннатда маскан топ. Унда нимани хоҳласаларингиз, енглар, ош бўлсин, фақат мана бу дарахтга яқин келманглар, бас, у ҳолда золимлардан бўласизлар”, дедик” [Бақара сураси, 35-оят].
Ҳақ таоло деди: “Рабби уларга нидо қилиб: «Сизларни ана ўша дарахтдан қайтарган эмасмидим ва, албатта, шайтон икковингизга очиқ-ойдин душмандир, демаганмидим?!» деди» [Аъроф сураси, 22-оят].
Бу воқеалар улар Ерга туширилишидан олдин, жаннатда бўлганида юз берган.
Улар Ерга туширилганидан кейин Аллоҳ таоло бундай деган: “Одам ўз Раббидан сўзларни қабул қилиб олди, кейин У Зот унинг тавбасини қабул қилди. Албатта, У тавбани қабул қилувчи ва раҳмли Зотдир” [Бақара сураси, 37-оят].
Бу ҳам Одам алайҳиссаломга бирор китоб нозил қилинмасдан олдин бўлган ишлар сирасидандир.
2. Нуҳ алайҳиссалом билан. Ҳақ таоло Нуҳ алайҳиссалом билан унинг қавми ўртасида кечган воқеаларни зикр қилганидан кейин бундай дейди: “Ва Нуҳга: «Қавминг орасидан аввал имон келтирганлардан бошқа ҳеч ким имон келтирмас ва уларнинг қилмишларидан қайғуга тушмагин. Бизнинг риоятимиз ва ваҳийимиз ила кема ясагин ҳамда зулм қилганлар тўғрисида Менга гап очмагин, албатта, улар ғарқ бўлгувчилардир», деб ваҳий қилинди. У кема ясамоқда. Ўз қавмидан бўлган зодагонлар қачон олдидан ўтсалар, уни масхара қилдилар. У: «Агар бизни масхара қилсангиз, биз ҳам худди сиз бизни масхара қилганингиздек сизларни масхара қиламиз. Бас, яқинда кимга шарманда қилувчи азоб келишини ва кимнинг устига муқим азоб тушишини билиб олурсиз», деди. Токи Бизнинг амримиз келиб, таннур фаввора отганда: «У (кема)га ҳар нарсадан бир жуфтдан ва аҳлингдан аввал сўз кетмаганини ва имон келтирганларни ол», дедик. У билан бирга имон келтирганлар жуда оз эди. У: «Кемага мининглар, унинг юриши ҳам, туриши ҳам Аллоҳнинг исми ила бўлур. Албатта, Рaббим мағфиратли ва раҳмлидир», деди. У (кема) уларни тоғлардек тўлқинда олиб кетаётганида, Нуҳ бир четда турган ўғлига: «Эй ўғлим, биз билан бирга (кемага) мингин, кофирлар билан бирга бўлмагин», деди. У (ўғил): «Тоққа жойлашиб олсам, мени сувдан сақлайди», деди. У эса: «Бугун Аллоҳнинг амридан сақловчи йўқдир. Кимга раҳм қилсагина (сақлар)», деди. Шунда улар орасини тўлқин тўсди ва у (ўғил) ғарқ бўлганлардан бўлди. «Эй Ер, сувингни ютгин, эй осмон, ўзингни тутгин», дейилди. Сув қуриди. Фармон бажарилди ва (кема) Жудий (тоғи)га жойлашди. «Золим қавмлар йўқолсин!» дейилди. Нуҳ Раббига нидо қилиб: «Рaббим, албатта, ўғлим аҳлимдандир, албатта, ваъданг ҳақдир ва Сен ҳукм қилгувчиларнинг энг ҳикматлисисан», деди. У Зот: «Эй Нуҳ, албатта у (ўғил) аҳлингдан эмас. Албатта, у яхши амал эмасдир. Ўзинг билмаган нарсани зинҳор сўрамагин. Мен сенга жоҳиллардан бўлмаслигингни насиҳат қиламан», деди. У: «Рaббим, мен ўзим билмаган нарсани Сендан сўрамоқдан паноҳ тилайман. Агар мени мағфират қилмасанг ва менга раҳм кўрсатмасанг, зиён кўргувчилардан бўламан», деди. «Эй Нуҳ, Биздан сенга ва сен билан бирга бўлган умматларга тинчлик ва баракотлар ила (кемадан) тушгин. Яна бир умматлар бўлур, уларни бироз ҳузурлантирурмиз, сўнгра уларни биздан бўладиган аламли азоб тутар», дейилди” [Ҳуд сураси, 36-48-оятлар].
Сўнг Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга деди: “Ана шу ғайб хабарларини сизга ваҳий қилмоқдамиз. Бундан олдин уларни сиз ҳам билмас эдингиз ва қавмингиз ҳам. Бас, сабр қилинг, албатта, оқибат тақводорларникидир” [Ҳуд сураси, 49-оят].
Хўш, Аллоҳ таолонинг Нуҳ алаҳиссаломга бу ваҳийси ва унга қаратилган хитоби бирор китобда келганмиди?! Ёки бу Аллоҳ таоло унга тўғридан-тўғри сўзлаган хитоб бўлиб, у ерда ўқиладиган ҳеч қандай китоб бўлмаганмиди?!
Ушбу оятларнинг услуби ва ундаги нидонинг йўсини Аллоҳ таолонинг Нуҳ алайҳиссаломга тўғридан-тўғри хитоб қилганини, ўқийдиган бирор китобни нозил этиш орқали амр этмаганини кўрсатади.
3. Юсуф алайҳиссалом билан. У қудуқ тубида ётганда Аллоҳ таоло ваҳий қилиб, ҳали акаларига уларнинг қилмишлари ҳақида хабар беражагини айтди: “Бас, уни олиб кетишгач ва уни қудуқнинг қаърига ташлашга келишиб олишгач (уни амалга оширдилар), (Биз) унга: «Бу ишлари тўғрисида уларга (кези келганда), албатта, хабар берурсан, ваҳоланки, улар (Юсуф эканингни) сезмайдилар», деб ваҳий қилдик.” [Юсуф сураси, 15-оят]. Кейинчалик у Миср азизи (Бош вазири) бўлганидан кейин уларга бу ҳақда хабар берди.
Хўш, у қудуқда бўлганида келган бу ваҳий ҳақиқий ваҳий бўла туриб, тиловат қилинадиган ваҳиймиди (муқаддас китобнинг бир қисми эдими)? Йўқ, у ғайри матлув ваҳий эди.
Аллоҳ таоло пайғамбарларига хитобни тиловат қилинадиган ваҳий кўринишида (китоб ҳолида) туширмагани борасидаги оятлар булар билан чекланмайди. Қуръони каримда бундай оятлар жуда кўп бўлиб, эслатиб ўтиш мақсадида озгинасини келтириш билан кифояландик, холос.
Демак, пайғамбарликнинг асоси алоҳида бир китоб нозил бўлишига эмас, балки бевосита Аллоҳ таолонинг танланган бандасига ваҳий юборишига боғлиқдир. Қуръоний қиссалар ва тарихий далиллар кўрсатганидек, ваҳийлар фақатгина китоб шаклидаги (тиловат қилинадиган) матнлардан иборат бўлмай, кўп ҳолларда пайғамбарларга тўғридан-тўғри билдирилган (тиловат қилинмайдиган) илоҳий хитоблар кўринишида келган. Шу сабабли инсониятга ҳақиқатни етказиш ва уларга қарши илоҳий ҳужжатни қойим қилиш учун фақатгина ваҳийнинг ўзи етарли бўлган, китоб эса Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган элчиларигагина ато этган махсус ваҳийдир.
Нурмуҳаммад Маткаримов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси,
Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот
маркази илмий ходими
Мазкур мақолага
.Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2026 йил 7 июлдаги 02/2 -сонли хулосаси олинган