Уламолар айтишича, Қуръоннинг мусулмон банда устидаги ҳақлари қуйидагилар:
1. Қуръонга имон келтириш. Қуръони карим Аллоҳ тарафидан нозил қилинганига имон келтирган банда мўмин ҳисобланади. Парвардигоримиз шундай марҳамат қилган: “Эй мўминлар, Аллоҳга, Унинг Пайғамбарига ва Ўз Пайғамбарига нозил қилган Китобга (Қуръонга) ҳамда У Зот илгари нозил қилган (барча) китобга имонингиз комил бўлсин! Ким Аллоҳга, фаришталарга, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига кофир бўлса, демак, у жуда қаттиқ адашибди” (Нисо сураси, 136-оят).
2. Қуръон ўқиш. Қуръонни тиловат қилиш энг катта ҳақлардандир. Аллоҳ таоло Расули акрам ва у зотнинг умматларини Қуръон ўқишга буюрган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида Қуръон ўқиш фазилатлари ҳақида хабар берганлар. Киши Қуръонни тўғри ўқиш учун асосан икки нарса талаб қилинади:
Уламолар, мўмин-мусулмон киши Қуръонни ойда бир марта хатм қилишини тавсия этишган. Қуръон тиловати ҳар бир мўминнинг кундалик вазифаси бўлиши керак. Қуръон фақат қорилар ё кексалар ўқийдиган Китоб эмас. Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган ҳар бир банда билиши керак Қуръон ўқишни. Агар ҳафтада маълум кунларни Қуръон ўқиш ва ўрганишга сарфлаганимизда, орамизда Қуръон ўқишни билмайдиган инсон қолмасди.
Аллоҳнинг Китоби Қуръони каримни тиловат қилиш унга кўз югиртириб чиқиш ёки ёдлаганини тушунар-тушунмас такрорлаш эмас. Қуръонни бутун вужуд билан ҳис этган ҳолда ўқилади. Буни тадаббур дейилади.
3. Қуръон ёдлаш. Қуръон ёдлаш жуда фазилатли амалдир. Ҳадиси шарифларда, Қуръонни қалбга жо қилишнинг фойдалари ҳақида сўз юритилган. Жумладан, қори жаннатда Қуръон оятларини ўқиб, мартабаси кўтарилиб бориши, ёдлаган охирги оятни ўқиган жойи унинг энг юқори даражаси бўлиши айтилган. Уламолар, “Қуръонни тўлиқ ёд олиш фарзи кифоя. Намозни ўқишга етадиган даражада сура ва оятларни ёдлаш эса фарзи айндир”, дейишган. Шунинг учун ҳар бир мусулмон банда намозни тўкис адо этиши учун маълум сура ва оятларни пухта ёдлаб олиши лозим.
Қуръон ёдлашнинг масъулияти катта. Қуръонни дилига жойлаган банда Қуръонни муттасил такрорлаб туради. Қуръонни ёдлаб, унинг ҳақларини поймол қиладиган, эътиборсизлик билан ёдлаганларини унутиб юборадиган “қори”лар огоҳлантирилган.
Ривоят қилинишича, солиҳлардан бири ўлим тўшагида ётган ҳолида ўғлига:
– Ўғлим! Менга Қуръонни олиб кел, биргина оятни унутиб қўйдим. Ўшани эсламоқчиман!, деди. Шунда ўғли ҳайрон бўлиб:
– Отажон, биргина оятни эслашингиздан қандай наф бор?! – деди. Солиҳ ота жигарбандининг саволига:
– Ўша оятни эслаган ҳолда Аллоҳ билан учрашишим ундан ғофил ҳолда йўлиқишимдан яхшироқ! – деб жавоб берган экан.
Вафотидан олдин илмга рағбат қилган уламолар ҳаётидан ибратли ҳикоялар келтирилади. Бу ҳам мусулмон банда илм-маърифатга интилиши, энг аввал, Парвардигорининг Китобини ўқишни ўрганиши, ундан имкон қадар ёдлаши кераклигига ишорадир.
4. Қуръон тиловатига қулоқ солиш. Қуръони карим ўқилганида, одам жим туриб, Қуръоннинг оятларига қулоқ тутилади, унда нима дейилаётганига эътибор берилади, Аллоҳ даъватига ижобат этилади. Қуръон ўқилаётганда туриб кетиш, тиловатга бепарво бўлиш мусулмон одамга ярашадиган иш эмас. Айниқса, жамоат намозларида бунга эътибор бериш керак.
Одамлар орасида обрўъ-эътиборга эга шахс гапираётганда унинг гапини бўлиш ёки маърузасига халақит бериш қандай одобсизлик-а. Тўғрими? Энди бутун оламлар Парвардигори Аллоҳнинг Каломи ўқилаётганда гаплашиш, тиловатга бепарво бўлиш қандай ҳурматсизлик эканини тасаввур қилиб кўринг!
5. Қуръонни тадаббур (тафаккур) қилиш. Аллоҳ таоло Қуръон ўқиганда унинг оятларини тадаббур қилишга буюрган. Оятларни тадаббур қилмайдиган кимсаларга танбеҳ берилган. Қуръонни тадаббур қилган одам унда бирон ихтилоф йўқлигини, бир оят бошқа бир оят маъносига мувофиқ келишини англаб етади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримни ўқиш учун тилларга осон, оятларини тушуниб ибрат олиш учун фасоҳатли араб тилида нозил қилган. Агар инсон Қуръонни яхши тушунганида, уни тиловат қилишдан, Қуръон ўқишдан тўймасди. Демак, Қуръонга бўлган муҳаббатимиз зиёда бўлиши учун уни тўғри ўқиш ва ўқиганларимизни уқиш талаб этилади.
6. Қуръон кўрсатмаларига амал қилиш. Қуръоннинг нозил қилинишидан кўзланган асосий мақсадлардан бири – кўрсатмаларига риоя этиш, десак муболаға бўлмайди. Зеро, бошқа ҳақлар Қуръонга амал қилиш ҳақига боғлиқ: Қуръонни ўқиган, эшитган, тушунган, Қуръонни эъзозлаган одам Қуръонга амал қилади.
7. Қуръон илмларини одамларга етказиш. Қуръон илмларини билган одам уни бошқаларга ҳам ўргатади, илмни тарқатади. Шариат илмли кишилардан шуни талаб этади. Илм шу билан одамлар орасида ёйилади. Масалан, кимдир тажвид илмидан хабардор. У инсонларга Қуръон ўқишни таълим беради. Яна кимдир, тафсир илмини билади. Бундай одам ўзгаларга Қуръон маъноларини тушунтириб беради. Хуллас, ҳар ким имкони даражасида Қуръон илмлари тарқалишида ҳисса қўшади. Ҳадис шарифда айтилишича, Қуръонни аввал ўзи пухта ўрганиб, кейин бошқа мусулмонларга ўргатган инсон мусулмонлар ичида энг афзали саналади. Аллоҳ таоло Қуръон йўлида хизмат қилган кишилар мартабасини жуда баланд кўтарган.
Энди ўзимизга савол берайлик: ичимизда неча фоизимиз Қуръон ўқишни билади? Қанча одам Қуръонни бошидан охиригача бехато ўқий олади? Неча киши Қуръоннинг маъноларини, ҳукмларини дарс қилиб ўқиган ёки ўқимоқда? Нима учун Қуръон ўқимаймиз? Нима учун устимизга хотиржамлик, хайр-барака, тинчлик-хотиржамлик тушишини истамаймиз? Ахир Қуръон касалликларимизга шифо ва раҳмат қилиб нозил қилинган-ку! Мусулмонман, деган ҳар бир инсон, кунда-кунора Қуръон ўқийди, уни ўрганади, ўқиганини тушунишга ҳаракат қилади.
8. Қуръон билан даволаниш. Мана шу ҳақ уламолар тарафидан алоҳида зикр қилинади. Сабаби, Қуръон мўмин бандалар учун шифодир. Бандалар Қуръон билан қалбларидаги маънавий иллатларга даво топадилар. Жумладан, эътиқоддаги тойилиш, ҳасад, кибр, нифоқ, худбинлик каби маънавий иллатлар айнан Қуръон билан даволанади.
Одилхон қори Юнусхон ўғли,
Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби
АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди, хабар бермоқда iccu.uz.
Ислом цивилизациясининг кўп асрлик тарихи, унинг илм-фан, маданият ва маърифат тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияларида яхлит ва таъсирчан тарзда намоён этилган. Ташриф давомида Самир Пол Капур исломгача бўлган давр цивилизацияларидан тортиб, Янги Ўзбекистон даврига қадар бўлган тарихий жараёнларни акс эттирувчи галереялар, буюк алломаларнинг илмий-маърифий мероси, ноёб қўлёзмалар, муқаддас ёдгорликлар ҳамда замонавий рақамли технологиялар асосида яратилган интерактив экспозициялар билан яқиндан танишди.
Меҳмон экспозицияларнинг мазмунан изчиллиги ва тарихий жараёнларни бир-бири билан узвий боғлиқ ҳолда намоён этиш усулига алоҳида эътибор қаратди. Унинг қайд этишича, бу ерда музей экспонатлари орқали ўтмиш ҳақида маълумот олиш билан чекланиб қолмай, тарихий даврлар руҳини ҳис қилиш, улар ўртасидаги боғлиқликни англаш имкони ҳам мавжуд.
Самир Пол Капур ўз таассуротларини қуйидагича ифодалади:
«Бу муҳташам маскан. Ислом тарихи ва маданиятининг асрлар давомидаги тараққиёти билан яқиндан танишиш мен учун унутилмас тажриба бўлди. Бу ерда тарихни шунчаки китоб саҳифалари орқали эмас, балки ўз кўзингиз билан кўрасиз, уни ҳис қиласиз ва гўё ўша даврларнинг ичида бўласиз. Шу боис ушбу ноёб масканни барпо этишга ҳисса қўшган барча инсонларга самимий миннатдорчилик билдираман.
Ёшларга ҳам бу ерга келишни албатта тавсия қиламан. Чунки бу маскан нафақат тарихни ўрганиш, балки ўтмиш билан келажак ўртасидаги узвий боғлиқликни англаш имконини беради. Мен учун энг эсда қоларли лаҳзалардан бири Қуръони каримга бағишланган голографик намойиш бўлди. У менда катта таассурот ва ҳаяжон уйғотди.
Менимча, бу даргоҳ ислом цивилизациясининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини бутун дунёга намоён этишга хизмат қилади. Шунинг учун ҳар бир инсон бу ерга ташриф буюриб, ана шу бой ва бебаҳо мерос билан шахсан танишиши лозим».
Пол Капурнинг фикрича, Марказнинг аҳамияти унинг тарихий меросни намоён этиш билангина чекланмайди. Ушбу маскан ёш авлод учун ўтмиш сабоқларини англаш, илм-фан ва маърифатнинг цивилизация тараққиётидаги ўрнини ҳис этиш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳини шакллантириш учун ҳам муҳим маънавий-маърифий майдон вазифасини ўтайди.
Ташриф якунида АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ислом цивилизацияси марказидан олган таассуротлари юксак эканини қайд этиб, ушбу маскан бой тарихий меросни замонавий музей технологиялари ва таъсирчан тақдимот усуллари орқали жаҳон жамоатчилигига етказишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати