Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Август, 2026   |   1 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:02
Қуёш
05:31
Пешин
12:28
Аср
17:21
Шом
19:28
Хуфтон
20:54
Bismillah
14 Август, 2026, 1 Рабиъул аввал, 1448

Бир ҳадисда ўнта фойда...

30.01.2018   24518   3 min.
Бир ҳадисда ўнта фойда...

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам  қабр олдида йиғлаётган бир аёлни кўриб: Аллоҳдан қўрқ ва сабр қил, дедилар. Шунда аёл: “Нари тур, чунки сенга мендаги мусибат етмагандир ва уни билмайсан ҳам”, деди. Саҳобалар унга: “Бу киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар”, деб айтдилар.

У аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг    дарвозаларига келди. Лекин у зот ҳузурларида қўриқчиларни топмади. Аёл: “Ё Расулуллоҳ сизни танимабман”, деди. Шунда Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ҳақиқий сабр аввалги зарба пайтдагисидир, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Имом Муслимнинг ривоятида: “У аёл гўдак боласига йиғлаётган эди”, деб келтирилган.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

  • Мусибат етганда сабрсиз бўлиш, тақвосизликка олиб келади.
  • Исломда мадҳ қилинган сабр – мусибатнинг аввалида килинганидир. Бошида бесабрлик қилиб, кейин иложсизликдан қилинган сабр – сабр эмас...

Чунки кунлар ўтган сайин инсон овуниб тинчланиши табиий ҳол. Бундай вақтда қилинган сабрдан эса фойда йўқ.

Уламолар мусибатга чиройли сабр қилишнинг учта шарти борлигини зикр қиладилар. Ихлос. Мусибатни аввалида қилинган сабр. Жазавага тушиб, Аллоҳга шикоят қилмаслик.

  • Шариат аҳкомларига номувофиқ ҳолатга шоҳид бўлган киши, амру маъруф, наҳий мункар (яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтариш) қилиши лозимлиги.
  • Инсон ўзига етган мусибатга, чиройли сабр қилиш, Аллоҳнинг қазои–қадарига рози бўлиш, нияти ва собитқадамлигини яхши қилиб, ажр савобга эришади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисда зикр қилинган аёлни тақвога (Аллоҳнинг амрига бўйсуниш, қайтарган нарсаларидан тийилиш) ва сабр қилишга амр қилдилар.
  • Мусибатдан азоб чекаётган кишини авф этиш ва унинг узрини қабул қилиш. Боиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга “Нари тур, чунки сенга мендаги мусибат етмагандир ва уни билмайсан ҳам”, деган аёлнинг олдидан кетганликлари...
  • Насиҳат қилувчи, насиҳат ва мавъиза қилинганда, ўзига етган озорларни кўтариши ва сабр қилиши лозим. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги аёлнинг ёқимсиз муомаласини кўтардилар. Аслида, бу гаплари учун унга муомаласига яраша, қўпол муомала муносиб эди.
  • Ҳоким, қози каби халқ ишларига масъул шахслар, эшиклари олдига кишиларни киришини ман қиладиган қоравулларни қўйиб олмаслиги.

Чунки аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганда эшиклари олдида қоравулни кўрмади.

  • Ҳоким ва мусулмонларнинг ишларидан бирор иш зиммасига юклатилган шахслар, эътиборларини тортган ҳар бир нарсани, шахсан ўзлари бориб кўриши, яхшиликка буюриши, ёмонликдан қайтариши, хатосини кечириши, ҳожат истакларини бажо келтириши, камчиликларини тўлдириши, узрларини қабул этиши лозим.
  • Ҳоким ва мусулмонларнинг ишларига масъул шахслар халқдан ажралиб турадиган ҳолатда бўлмасликлари лозим. Чунки аёл кишининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни танимаганининг сабаби ул зоти бобаракотнинг оддий одамлардан ажралиб турадиган алоҳида белги, аломатлари йўқ эди.
  • Ушбу хадиси шарифдан, аёллар ҳам эркаклар каби қабрларни зиёрат қилишлари жоизлиги маълум бўлади. Чунки бу иш мумкин бўлмаганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги аёлни йиғлашдан қайтарганларидек, кабрни зиёрат қилишдан ҳам қайтарган бўлар эдилар.

 

Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота” жоме масжиди имом-хатиби Авазхўжа БАХРОМОВ

манбалар асосида тайёрлади  

ЎМИ Матбуот хизмати

Ҳадиси шариф
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Тошкент ислом институти ва Ҳадис илми мактабида ижодий имтиҳонлар ўтказилади

10.08.2026   19694   1 min.
Тошкент ислом институти ва Ҳадис илми мактабида ижодий имтиҳонлар ўтказилади

Тошкент ислом институти магистратура босқичи ҳамда Ҳадис илми мактабига ҳужжат топширган талабгорлар учун жорий йилнинг 11 август куни ижодий имтиҳонлар ўтказилади.
 

Талабгорлар танлаган йўналишлари бўйича қуйидаги фанлардан имтиҳон топширадилар:

  • Теология (Тафсир ва Қуръон илмлари): Қуръони карим ва тажвид, Тафсир;

  • Теология (Ҳанафийлик ва фиқҳ илмлари): Фиқҳ, Усулул-фиқҳ;

  • Ҳадис илми мактаби: Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис.


Имтиҳонлар 11 август куни соат 8:00 да Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти биносида бошланади. Талабгорларни рўйхатга олиш жараёни соат 7:30 дан старт олади.


Муҳим эслатма: Абитуриентлар имтиҳонга паспорт (ёки ID-карта) асли ҳамда «Имтиҳон рухсатномаси» билан келишлари шарт. Ушбу ҳужжатлардан бири бўлмаган талабгорлар имтиҳонга киритилмайди.

Манзил: Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Зарқайнар 18-берк кўчаси, 47-уй.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари