Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Август, 2026   |   2 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:04
Қуёш
05:32
Пешин
12:28
Аср
17:20
Шом
19:27
Хуфтон
20:52
Bismillah
15 Август, 2026, 2 Рабиъул аввал, 1448

Бир ҳадис шарҳи рукнидан: раҳм қилган марҳамат кўради

30.01.2018   16717   2 min.
Бир ҳадис шарҳи рукнидан: раҳм қилган марҳамат кўради

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилдилар: “Аллоҳ таоло раҳмли инсонларга раҳм қилади. Ер юзидагиларга меҳрли, шафқатли бўлинг, осмондагилар сизларга раҳм қилишади. Раҳм (қариндошлик алоқалари) Раҳмонга яқиндир. Ким қариндошликни боғласа, Аллоҳ таоло у билан (раҳмат риштасини) боғлайди. Ким уни узса, Аллоҳ таоло ҳам ундан (раҳмат риштасини) узади” (Абуд Довуд ва Термизий ривояти).

Шарҳ: Ушбу ҳадисда кимга нисбатан раҳм кўрсатиш аниқ айтилмаган. Яъни, “одамларга”, “мўминларга” “солиҳларга” ёки “фақирларга” деган қайд йўқ. Шундай экан, бу ҳадисдан бутун махлуқотга нисбатан раҳм-шафқат кўрсатиш лозимлиги келиб чиқади. Яъни, ер юзидаги яхши-ёмон барча инсонларга, хонаки-ваҳший бутун ҳайвонларга кўрсатиладиган марҳамат Раҳмон – раҳмати чексиз Аллоҳ таоло рози бўладиган амаллардандир. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Раҳмдил бўлмагунча (комил) мусулмон бўлолмайсиз”, деб марҳамат қилганларида саҳобийлари: “Эй Аллоҳнинг расули, ҳаммамиз раҳмлимиз”, деб жавоб бердилар. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Бу ўринда бирингизнинг дўстига кўрсатадиган раҳм-шафқат эмас, барча инсонларга ва ҳайвонларга кўрсатиладиган марҳаматни кўзда тутяпман”, дедилар».

Марҳаматлиларга Аллоҳ таолонинг ҳам раҳм қилиши дейилганида, уларга эҳсонини мўл-кўл қилиб бериши ва кўпгина неъматлар ато этиши тушунилади. Аммо кўрсатиладиган раҳм-шафқат Қуръон ва суннат асосида бўлиши зарурлигини ҳам билиб қўйиш керак. Зеро, Аллоҳ таоло розилигига терс тушадиган, суннатга тўғри келмайдиган марҳамат ва шафқат бу ерда мақталган сифатга кирмайди.

“Осмондагилар”дан мақсад фаришталардир. Чунки улар мўминларга истиғфор сўраб турадилар. “Аршни кўтариб турадиган ва унинг атрофидаги (фаришта)лар Парвардигорларига ҳамду-сано айтиш билан (У зотни барча айбу нуқсонлардан) поклаб-тасбеҳ айтурлар ва У зотга имон келтирурлар, ҳамда имон келтирган кишиларни мағфират қилишини сўрарлар: «Парвардигоро, Ўзинг раҳмат-меҳрибонлик ва илм жиҳатидан барча нарсадан кенгдирсан. Бас тавба-тазарруъ қилган ва Сенинг йўлингга эргашган кишиларни Ўзинг мағфират қилгин ва уларни дўзах азобидан сақлагин” (Ғофир, 7). Бу муборак оятдан маълум бўлишича, фаришталарнинг раҳм қилиши мўминлар учун раҳмат ва мағфират сўрашдан иборат.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадисларидан келиб чиқадиган хулоса шу: қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлашга аҳамият бериш Аллоҳ таолонинг раҳматига эришишга интилиш демакдир. Аксинча, бу масалага бепарво бўлиш Аллоҳ таолонинг раҳматига беписандликдан дарак беради.

“Кутуби ситта” асосида

Содиқ НОСИР

тайёрлади.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

Ҳадиси шариф
Бошқа мақолалар
Мақолалар

От изини той босар

14.08.2026   9209   1 min.
От изини той босар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».


Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.


Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:


– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.

– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...

– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.

Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.

– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.

– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.


Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.


Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.


Акбаршоҳ РАСУЛОВ

 

Ибратли ҳикоялар