بسم الله الرحمن الرحيم
ТАДБИРКОР – ФАРОВОНЛИККА МАДАДКОР
(“Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб- қувватлаш йили”)
Муҳтарам жамоат! Динимизда ҳалол касбга тарғиб қилинган бўлиб, танбаллик, дангасалик, ишёқмаслик каби жамиятга зарар келтирувчи иллатлардан қайтарилганмиз. Ҳатто ҳалол ризқ йўлида қилинадиган саъю ҳаракатлар учун улкан савоблар ваъда қилинган.
Пайғамбаримиз с.а.в.дан ворид бўлган ҳадисларнинг бирида:
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ رضي الله عنه قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم : "طَلَبُ كَسْبِ الْحَلاَلِ فَرِيْضَةٌ بَعْدَ الْفَرِيْضَةِ "
(رواه الإمام البيهقي في "شُعَب الإيمان").
яъни: Абдуллоҳ ибн Масъуд р.а.дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) айтадилар: “Ҳалол касб қилиш фарздан кейинги фарздир” (Имом Байҳақий бу ҳадисни “Шуъабул-имон” китобида келтирганлар). Имом Муҳаммад аш-Шайбоний илм талаб қилиш қандай фарз бўлса, ҳалол касб талаб қилиш ҳам худди шундай фарздир, деганлар.
Киши бировга муҳтож бўлмаслик учун меҳнат қилар экан, ҳам ўзининг инсонлик шарафини ҳимоя қилади, ҳам Яратганнинг амрига бош эгади. Зеро, мўминга Аллоҳнинг амри, Расулининг с.а.в. кўрсатган йўллари ҳалол меҳнат қилмоқликдир. Расул акрам с.а.в. шундай марҳамат қилганлар:
عَنِ الْمِقْدَامِ رَضِي اللَّه عَنْه عَنْ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّه عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "مَا أَكَلَ أَحَدٌ طَعَامًا قَطُّ خَيْرًا مِنْ أَنْ يَأْكُلَ مِنْ عَمَلِ يَدِهِ"
(رواه الإمام ابن ماجه).
яъни: Миқдом р.а.дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ с.а.в. айтадилар: “Киши ўз қўл меҳнати билан топганидан кўра яхшироқ ва покизароқ таом емайди” (Имом Ибн Можа ривояти). Пайғамбаримиз с.а.в. бир кишининг мисолини келтириб айтдилар:
قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّه عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "الرَّجُلَ يُطِيلُ السَّفَرَ أَشْعَثَ أَغْبَرَ يَمُدُّ يَدَيْهِ إِلَى السَّماءِ يا رَبِّ يا رَبِّ وَمَطْعَمُهُ حَرَامٌ وَمَشْرَبُهُ حَرَامٌ وَمَلْبَسُهُ حَرَامٌ وَغُذِيَ بِالْحَرَامِ فَأَنَّى يُسْتَجَابُ لَهُ؟" (رواه الإمام مسلم).
яъни: Расулуллоҳ с.а.в. айтадилар: “Узоқ ҳаж сафарига чиқиб, соч-соқоли тўзиб, чангга ботган ҳолда икки қўлини осмонга кўтариб, “Эй Раббим, эй Раббим”, дейди, дуо қилади, ваҳоланки егани ҳам ҳаром, ичгани ҳам ҳаром, кийгани ҳам ҳаром, ҳаромдан озиқланган… Қаердан ҳам дуоси ижобат бўлсин?!” (Имом Муслим ривояти).
Муҳтарам азизлар! Уламолар тирикчилик ва касб-кор қилиш орқали мол топишни бир неча даража ва мартабаларга бўлган.
Биринчиси – фарз даража бўлиб, бу кишининг ўзи ва оиласининг зарурий эҳтиёжларини қондириш ҳамда қарзларини узишга етадиган миқдорда ишлаб пул топишидир.
Иккинчиси – мустаҳаб даража бўлиб, бу фақир-камбағалларга ҳам ёрдам қўлини чўзиш, дўст-ёр ва яқинларига мурувват кўрсатиш мақсадида мол-дунё орттиришга ҳаракат қилишдир. Набиййимиз с.а.в. айтадилар:
عَن ابْنِ عُمَر رضي الله عنهما قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم: "أَحَبُّ النَّاسِ إِلَى اللَّهِ أَنْفَعُهُمْ لِلنَّاس".
яъни: “Одамларнинг ичида Аллоҳга энг маҳбуби одамларга кўпроқ манфаати етадиганидир.
Учинчиси – мубоҳ даражадаги касбу кор. Бу фаровон ҳаёт кечириш учун зиёда мол орттирмоқ. Бу ҳам агар ҳалолдан бўлса жоиздир. Расулуллоҳ с.а.в. марҳамат қилдилар:
عَنْ أبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ: "مَنْ طَلَبَ الدُّنْيَا حَلالا اسْتِعْفَافًا عَنِ الْمَسْأَلَةِ وَسَعْيًا عَلَى الْعِيَالِ وَتَعَطُّفًا عَلَى الْجَارِ لَقِيَ اللَّهَ تَعَالَى وَجْهُهُ كَالْقَمَرِ لَيْلَةَ الْبَدْرِ"
яъни: “Ким одамларнинг қўлига қарам бўлмаслик, оиласини боқиш ва қўни-қўшниларига мурувват қилиш учун ҳалол мол-дунё талаб қилса, юзи тўлин ой кечасидаги ой каби порлаган ҳолда Аллоҳга йўлиқади”.
Тўртинчиси – макруҳ даража бўлиб, бу манманлик, кеккайиш, кибру ҳаво ва мақтаниш учун гарчи ҳалолдан бўлса ҳам мол-мулк топиш. Набий с.а.в. дедилар:
" وَ مَنْ طَلَبَ الدُّنْيَا حَلالا مُفَاخِرًا مُرَائِيًا مُكَاثِرًا لَقِيَ اللَّهَ تَعَالَى وَهُوَ عَلَيْهِ غَضْبَانُ"
яъни: “Ким мол-дунёни мақтаниш, кўз-кўз қилиш ва бошқалардан кўплиги билан фахрланиш учун талаб қилса, Аллоҳ таолога Унга ғазаб қилган ҳолида йўлиқади”.
Эрта билан ҳалол ризқ топаман, шу орқали болаларимни боқаман, деган эзгу ва покиза ниятларда ишига йўл олган инсонга Аллоҳ ҳузурида улуғ ажрлар ёзилади. Шунинг учун Набий с.а.в. бундай деганлар:
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُا ، قَالَتْ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : " مَنْ بَاتَ كَالًّا مِنْ طَلَبِ الْحَلالِ بَاتَ مَغْفُورًا لَهُ "
(رواه الإمام ابن عساكر)
яъни: “Ким ҳалол меҳнат қилиб, ҳориб чарчаган ҳолда тунаса, гуноҳлари кечирилган ҳолда тунайди” (Имом Ибн Асокир ривояти).
Банда ҳалол меҳнат қилиб, аҳли-аёлимнинг нафақаси зиммамдаги вожиб амал, деб ихлос билан бозорга қадам қўйиб кириб борар экан, Расулуллоҳ с.а.в. таълим берган қуйидаги дуони ўқиши мақсадга мувофиқ бўлади. Бинобарин, бунда дуо қилувчи учун кўплаб фойдалар бор. Умар ибн Хаттоб р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в. бундай дедилар:
عَنْ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "مَنْ دَخَلَ السُّوقَ فَقَالَ لاَ إلَهَ إلاَ اللهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيْكَ لَهُ، لَهُ الْمُلْكُ وَ لَهُ الْحَمْدُ يُحْيِيْ وَ يُمِيْتُ وَهُوَ حَيٌّ لَا يَمُوتُ بِيَدِهِ الْخَيْرُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيْرٌ، كَتَبَ اللهُ لَهُ أَلْفَ أَلْفِ حَسَنَةٍ وَمَحَا عَنْهُ أَلْفَ أَلْفِ سَيِّئَةٍ وَرَفَعَ لَهُ أَلْفَ أَلْفِ دَرَجَةٍ"
(رواه الإمام الترمذي).
яъни: “Кимки бозорга кириб, “Ла илаҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу ла шарика лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду, йуҳйи ва юмиту ва ҳува ҳайюл ла ямуту биядиҳил хойру ва ҳува ала кулли шайъин қодир”, - деса Аллоҳ унга минг-минг яхшиликлар ёзади, минг-минг хатосини ўчиради, уни минг-минг даражага кўтаради” (Имом Термизий ривояти).
Дарҳақиқат, ризқни берувчи Аллоҳ эканлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Ризқни қанча миқдорда бериш Аллоҳ таолога ҳавола, банданинг вазифаси эса ҳаракат қилиш бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
قُلْ إِنَّ رَبِّي يَبْسُطُ الرِّزْقَ لِمَنْ يَشَاءُ مِنْ عِبَادِهِ وَيَقْدِرُ لَهُ وَمَا أَنْفَقْتُمْ مِنْ شَيْءٍ فَهُوَ يُخْلِفُهُ وَهُوَ خَيْرُ الرَّازِقِينَ
(سورة سباء/39).
яъни: “Айтинг: “Албатта, Раббим бандаларидан Ўзи хоҳлаганига ризқни кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаганига ризқни) танг қилур. Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир” (Сабаъ сураси, 39- оят).
Биз ниятимизни тўғри қилиб, Аллоҳ таолодан сўраб ҳалол касбу-ҳунар қилсак, берган ризқига шукрона қилсак, иншоаллоҳ, турмушимиз янада фаровон бўлади.
Аллоҳ таоло тадбиркорларимизнинг касбу корларига барака бериб, халқимиз турмушида фаровонликни янада зиёда айласин. Омин!
Муҳтарам жамоат! Мавъизамизнинг ҳанафий мазҳабимиздаги фиқҳий масалалар қисмида намозга кеч келиб қўшилган кишига (масбуқга) тегишли баъзи амаллар ҳақида суҳбатлашамиз.
Намозга кеч келиб, имомга иқтидо қилган киши, имомни намознинг қаерида топса шу еридан бошлаб иқтидо қилади.
Агар имом товуш чиқариб (жаҳрий) қироат қилаётган бўлса, “Такбири таҳрима”ни айтиб, (яъни, “Аллоҳу акбар” деб) санони (“Субҳанакаллоҳумма...”) ўқимасдан, унга эргашади. Имом намозни тугатганидан кейин, етолмаган ракатларни ўзи ўқиб олади.
Агар имомга махфий намозда иқтидо қилган бўлса, келиб қўшилган киши санони ўқийди.
Жамоатга кеч қолиб келиб, имомни рукуъ ёки сажда ҳолатида топган киши қарайди: агар санони ўқиб ҳам, имом билан бирга рукуни ёки саждани қила олишига кўзи етса, санони тик турган ҳолида ўқийди ва имомга эргашади. Бунга кўзи етмаса, санони ўқимай, руку ёки саждага боради.
Тўрт ракатли намознинг тўртинчи ракатига етган киши имом билан бир ракат ўқийди, имом салом берганидан кейин туриб, бир ракатни Фотиҳа ва зам сура билан ўқийди. Рукуъ ва сажда қилганидан кейин ташаҳҳудга ўтиради. Ташаҳҳуддан сўнг туриб, яна Фотиҳа ва зам сура ўқийди, рукуъ-сажда қилади ва тўртинчи ракатга туради. Тўртинчи ракатда фақат Фотиҳани ўқийди, рукуъ-сажда қилиб, ташаҳҳудга ўтиради ва салом бериб намозни тугатади.
Кеч қолиб келган киши шом намозининг охирги ракатига етиб келган бўлса, имом салом берганидан кейин, туриб икки ракат ўқийди. Бунда ҳар бир ракатдан кейин ташаҳҳудга ўтиради ва ҳар ракатида Фотиҳа ва зам сура ўқийди. Натижада шом намозини учта қаъда билан тугатган бўлади.
(Мазкур масалалар “Фатавойи ҳиндийя” китобидан олинди).
Бугуннинг гапи
“Уч хонали хонадонимни таъмирлатиш учун икки ой муддатга келишиб уста туширгандим, олти ойда зўрға чала-чулпа қилиб ишини тугатди...”
“Усталар нега бунақа-а? Уйини таъмирлатиб, усталардан розиман, деган одамни учратмадим...”
“Кўпчилиги одамга фириб беради: ишни вақтида бажармайди, таъмир ишлари тугагач, бошида келишилган нархдан икки баробар кўп маблағ сўрайди...”
Юқоридаги гаплар – уйини, хонадонини таъмирлатиб, усталардан куйган кишиларнинг дод-фарёдлари.
Бугунги кунда жамиятда айрим усталарнинг ўз ишини виждонан бажармаслиги, сифатсиз материаллар ишлатиши, вақтни чўзиши ёки турли найранглар билан буюртмачини алдаши, афсуски, кўпчиликни ташвишга солиш баробарида шу касб эгаларига нисбатан ишончнинг сусайишига ёки бутунлай йўқолишига олиб келяпти.
Яхши ниятда уйини, хонадонини таъмирлатмоқчи бўлган киши уста ишлатган танишларидан сўраб-суриштириши тайин. Яқинда мен ҳам хонадонимни таъмирлатмоқчи бўлиб уста изладим. Таниш-билишлардан, дўстларимдан сўрасам, ярмидан кўпи усталардан нолиди. Бу ҳолат нафақат молиявий зарар, айни пайтда инсонлар ўртасидаги ишончнинг йўқолишига ҳам сабаб бўлмяптими?!
Ислом таълимотида ҳалол меҳнат, омонатдорлик ва ростгўйлик юксак фазилат экани таъкидланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар. Албатта, Аллоҳ сизларга яхшигина насиҳат қилур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи Зотдир” (Нисо сураси, 58-оят).
Усталик – яхши касб. Уста омонатдор бўлса, одамларнинг ҳожатини раво қилади, кўпга фойдаси тегади. Буюртмачи ўз молини, маблағини устага ишониб топширади. Уста шу ишончни оқлаши, ишни пухта ва виждонан бажариши шарт.
Уй – инсоннинг бошпанаси. Унинг ҳар бир ғишти эзгу ният билан қўйилади, ҳар бир девори умид билан кўтарилади. Аммо, афсуски, баъзан айрим усталар иморат қуриш ёки таъмирлашда найранг қиладилар. Уста ташқи томондан деворни силлиқ сувайди, аммо ичидаги ёриқларни беркитади. Бўёқнинг ялтироғи кўзни қувнатади, лекин ортидаги нуқсон вақт ўтиши билан кўзга ташланади.
Янги таъмирланган хонадондан ҳали бўёқ ҳиди кетмай туриб шифтда ёриқлар пайдо бўлади, эшиклар қийшайиб қолади, пол эса ғичирлаб иморат эгасининг асабини бузади. Буюртмачи устага берган маблағига ичи ачийди.
Баъзи усталар сифатли қурилиш материали олиш учун берилган пулга арзон маҳсулот сотиб олади. Қолган маблағни эса “меҳнат ҳақим” деб ўмаради. Цементга қумни ортиқча қўшади, темир ёки арматурани ингичкароғига алмаштиради, мис симлар ўрнига альюминини тортади.
Яна шундай усталар ҳам борки, бир ҳафтада тугатишга келишилган ишни бир ойгача чўзади. Баҳона ҳам тайёр: “Материал келмади”, “Ёрдамчим бетоб бўлиб қолди”, “Эртага тугатиб берамиз” ва ҳоказо.
Энг ёмони, устанинг қўлидан чиққан уй бир йил ўтар-ўтмас яна таъмирга муҳтож бўлиб қолади. Бу ҳунар эмас, ҳийладир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бизни алдаса, биздан эмас”, деганлар (Имом Муслим ривояти). Бу ҳадис ҳар қандай соҳадаги фирибгарликни қамраб олади. Агар уста арзон ёки сифатсиз материални қимматбаҳо деб кўрсатса, ишни атайлаб чала бажарса ёки кейин яна таъмирга муҳтож бўладиган қилиб ишласа, бу алдамчиликдан, фирибгарликдан бошқа нарса эмас. Афсуски, бугун кўпчилик усталар ҳийла ва найрангни касб қилиб олганлар. Бунинг оқибатида на ўзлари барака топадилар, на буюртмачи уларга берган маблағига рози бўлади.
Ҳақиқий уста, ўз ишини виждонан қиладиган киши бошқача бўлади. У ҳар бир ишини бекаму кўст бажаради. Чунки у одамлардан яширган нуқсонни, албатта, Аллоҳ таоло кўриб, билиб туришини яхши англайди. Ундай усталар ўзларига Аллоҳ таолонинг: “Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Бақара сураси, 195) оятини ҳамда Набий алайҳиссаломнинг: “Аллоҳ таоло ўз ишини чиройли, пухта қиладиган кишини яхши кўради” (Имом Табароний ривояти), деган муборак ҳадисларини ўзларига шиор қилиб олган бўладилар. Лекин, афсуски, ҳозир бундай усталарни топиш амримаҳол. Борлари ҳам “қўлма-қўл”.
Омонатдор усталар қурган уйлар, йиллар ўтса ҳам, яхшилик билан эсланади. Уларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилинади. Биргина мисол, бизнинг Сангижумон қишлоғимиздаги кўп уйларни пачирлик уста Турдимурод бобо (Аллоҳ маконини жаннат қилсин!) қурган. Ўша пайтларда (1960–1990 йиллар) вассажуфт қилинган шифтларга устанинг иморатни қуриб битирган санасини битиш анъана бўлган. Ҳар сафар қишлоққа бориб уйга кирсам, уста бобонинг “имзоси”га кўзиб тушади ва Қуръони карим оятларидан тиловат қилиб, у кишининг руҳларига бағишлайман.
Бугун баъзи усталарнинг ишни келишилган муддатда тугатмаслиги; сифатсиз қурилиш материалларидан фойдаланиши; нархни асоссиз ошириши; камчиликларни яшириши; бир неча ой ўтиб яна таъмир қилишга мажбур бўладиган даражада иш тутиши катта гуноҳдир. Бундай хатти-ҳаракатлар оқибатида буюртмачи моддий зарар кўради, асабийлашади, вақт йўқотади ва энг ачинарлиси, одамлар ўртасидаги ишонч сусаяди.
Ҳалол ризқнинг баракаси унинг кўплигида эмас, балки поклигидадир. Алдамчилик билан, ҳийла-найранг ишлатиб топилган маблағ фойда бўлиб кўринса-да, унда барака бўлмайди. Шунинг учун ҳар бир уста ўз қўли билан топаётган ризқининг ҳалоллиги ҳақида ўйлаши, ҳар бир мих, ҳар бир ғишт, ҳар бир сим ёки ҳар бир таъмир учун қиёмат куни ҳисоб берилишини унутмаслиги керак.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ:
Ўттиз фоиз ҳақиқий усталар бор. Улар ўз касби билан фахрланади. Гуруҳлари бор, шогирдлари, устозлари бор. Ҳаммасини қойиллатиб, асбоб-анжомларини чиройли қилиб қўйишган. Шартнопмани тузади, вақтида ишга келади, белгиланган муддатда қурилишни ёки таъмир ишларини тугатади, иш ҳақини олиб кетади. Буюртмачи ҳам рози, уста ҳам рози. Бундай кишиларнинг ишида унум, барака бўлади. Топган пуллари баракали бўлади.
Ҳақиқий уста фақат қурилиш ёки таъмирлашни эмас, балки одамларнинг ишончини ҳам қозонади. Виждон билан қилинган ҳар бир иш ибодатга айланади. Алдамчилик ва найранг билан бажарилган иш эса вақтинчалик фойда келтирса ҳам, дунёда обрўни тўкади, ризқ қийилишига сабаб бўлади, охиратда эса жавобгарликни келтиради.
Толибжон НИЗОМ