Инсон асабийлашса мия, жигар, буйрак ва юракка озуқа ташувчи йўллар бўғилади. Кўз қорачиғи кенгайиб, юрак уриши тезлашади. Бундай вақтда жигардан углеводлар (зарарли суюқлик) ажрала бошлайди. Аъзоларнинг бундай пала-партиш ишлаши кўп касалликларнинг (стенокардия, инфаркт, инсулт) келиб чиқишига сабаб бўлади.
Очиқ чеҳрали, босиқ, вазмин одамлар руҳан ва жисмонан тетик бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазабланган пайтда ўтириб олишни, яна босилмаса, ётиб олишни ёки таҳорат янгилаб, икки ракат намоз ўқишни тавсия қилганлар.
Асаб толаларининг узилиши аъзоларимиздаги озиқ моддалар камайишига, ҳолсизликка олиб келади. Масалан, жисмимизда калций моддаси етишмаса, мушакларимиз оғриб, суякларимиз мўрт бўлиб қолиши мумкин. Юзимизга табассум қайтиши биланоқ, миямиз тажангликни сўндирувчи моддалар ишлаб чиқара бошлайди.
Мунтазам бадантарбия қилиш, очиқ ҳавода айланиш, айниқса, уйқуга ётишдан олдин беш-ўн дақиқа юриш жуда фойдали. Табиат қўйнига чиқиб завқланиш, вақти-вақти билан тоза сув ҳавзаларида чўмилиб туриш ҳам керак. Шунингдек, озуқага бой овқатларни меъёрида ейиш яхши. Эзгу ният, чиройли сўз, яхши амал, ота-она, қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар билан яхши муносабат ҳам асабларимизга тинчлик беради, мустаҳкамлайди. Демак, имкон борича турли асаббузарликларнинг олдини олишга интилишимиз, яхшиликка ишонч, келажакка умид билан яшашга ўрганишимиз зарур.
Парда ЖЎРАев,
кардиолог
Савол: Жаноза намози ўқиб бўлингандан кейин тобут билан бирга қирқ қадам юриш ҳақида ҳадис борми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳа, бор, лекин у тобут билан бирга қирқ қадам юриш ҳақида эмас, балки тобутни кўтариб қирқ қадам юриш ҳақида келган.
Фуқаҳоларимиз таъкидлашларича, тобутни кўтаришда дастлаб унинг бош томонидаги тутқичини ўнг елкасига олади, сўнгра оёқ томонидаги ўнг тутқичидан кўтаради. Кейин чап томонига ўтиб, аввал бош, сўнгра оёқ томонидан чап елкада кўтарилади. Ҳар томондан ўн қадамдан, жами қирқ қадам кўтариб юриш мустаҳабдир. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким тобутни қирқ қадам кўтарса, қирқта катта гуноҳлари ўчирилади”, деганлар.
Айтиб ўтилганидек, бу йўсинда кўтариш мустаҳаб саналади. Қилса, савоб, қилмаса, гуноҳ бўлмайди. Одатда жанозада ва тобут кўтаришда кўпинча, тиқилинч рўй беради. Шу боис инсон тобут кўтаришда ўзига қулай ва бошқаларга озор бермайдиган тарзда кўтариши мақсадга мувофиқ бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази