Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов бутун умрини жонажон Ўзбекистонимиз учун, унинг озодлиги ва буюк келажаги учун бағишлаган. Ўзбекистонда улкан ишларни амалга оширган, тарихий ўзгаришларнинг ташаббускори, Ўзбекистон мустақиллигининг асосчиси ва буюк давлат арбобидир.
И.А.Каримов ўзининг серқирра сиёсий фаолияти, олийжаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимизнинг кўп асрлик тарихида ўчмас из қолдирди. У нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон миқёсида катта ҳурмат ва обрў-эътиборга сазовор бўлган улкан шахс ва арбоб сифатида танилди. Шу билан бир қаторда Ўзбекистон номини дунёда машҳур қилди. Бугунги кунда бутун жаҳон хавас билан қараётган Ўзбекистоннинг шу даражага эришишида И.Каримовнинг ўрни ва хизматлари беқиёсдир.
2017 йил 27 ноябрь куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги Қарор ижроси юзасидан бугун И.Каримовнинг хотирасини, унинг мамлакатимиз мустақиллигини қўлга киритишга қўшган улкан ҳиссаси ва шунингдек, унинг меъросини оммалаштириш мақсадида давлат ташкилотлари, идоралар ва таълим муассасаларида турли учрашувлар, давра суҳбатлари, ҳамда И.Каримовнинг асарларига бағишланган кўргазмалар бўлиб ўтмоқда.
Шунга асосан, бугун Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида ҳам И.Каримовнинг асарларига бағишланган кўргазма бўлиб ўтмоқда. Кўргазмада ТИИ Ахборот-ресурс маркази ходимлари устоз ва талабаларга Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И.А.Каримовнинг 23 жилдлик асарлари тўплами, “Ислом Каримов – Ўзбекистон Республикаси Президенти” номли альбомлар, уларда Ўзбекистон босиб ўтган 16 йиллик, 21 йиллик тараққиёт йўли фотосуратлар орқали тасвирлаб берилган. Шунингдек, “Ўзбекистон буюк келажак сари”, “Ўзбекистон XXI аср бўсағасида”, “Юксак маънавият – енгилмас куч”, “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” ва “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир” каби жами 61 номдаги 103 та асарлари намойиш қилинмоқда, деб хабар беради Тошкент ислом институти Ахборот-ресурс маркази мудири Камолиддин Маҳкамов.
ЎМИ Матбуот хизмати
Россия Федерацияси ҳудудида вақтинча бўлиб турган фуқароларимиз билан доимий мулоқотни қўллаб-қувватлаб туриш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш, ҳуқуқий онгини ошириш, маърифатини зиёда қилиш бўйича суҳбатлар ўтказиш мақсадида Ўзбекистон делегациясининг Татаристон ва Бошқирдистонга хизмат сафари уюштирилди.
Президент Администрациясининг топшириғи ижросига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари О. Абдуллаев бошчилигида юртимизнинг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Б.Асадов, Бош консули М.Хайриддинов ва бир қатор тегишли ташкилотлар вакилларидан ташкил топган делегация таркибида Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили Иброҳимжон Иномов ҳам иштирок этди.
Ватандошларимиз билан “Ота-онани рози қилиш – фарзандлик бурчи”, “Ҳалол касб – барака калити”, “Миллий ва диний қадриятларимиз”, “Оилада фарзанд тарбияси”, “Ақидада адашмайлик!”, “Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш одоби”, “Исломда бағрикенглик”, “Исломда ватанпарварлик тушунчаси” мавзуларида суҳбатлар ўтказилди. Ҳар қандай диний мавзудаги маълумотлар борасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасига тегишли расмий интернет тармоқлардан фойдаланиш тавсия этилди. Турли диний оқимлардан эҳтиёт бўлиш зарурлиги – ҳам шариат кўрсатмаси, ҳам замон талаби экани таъкидланди.
Россия мусулмонлари марказий диний идораси раиси, муфтий Талгат Сафа Таджуддин ҳазрат делегация аъзоларини қабул қилиб, Ўзбекистон халқига меҳри ўзгача эканини билдирди. Учрашув давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг саломи эсдалик ҳадялари тақдим этилди. Муфтий Талгат Сафа Таджуддин ҳазрат меҳмонларни Диний идора ва унинг қошидаги Россия ислом университети билан таништириб чиқди.
Хизмат сафари давомида ватандошларимиз билан бўлган суҳбатларда бугун мамлакатимизда қилинаётган ишлар тўғрисида тўхталиниб, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги ва саломатлиги, динимиз равнақи йўлидаги ислоҳотлар, янгиликлар ҳақида ҳам айтиб ўтилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати