Қурон. Қуръон каримда энг кўп зикр этилган, инсонлар тилида ҳам энг кўп талаффуз қилинадиган ва унинг бошқа исмларига нисбатан энг машҳур номи сифатида Қуръон ишлатилади. Қуръон лафзи ўттиз икки суранинг эллик олтита оятида келган. Жумладан, Юсуф сурасининг 2-оятида Аллоҳ таоло ўзининг каломи Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
Фурқон. Ал-Фурқон “фарқ” сўзидан олинган бўлиб, ҳақ билан ботилни, ҳидоят билан залолатни, ҳалол билан ҳаромни ажратиб берувчи китоб, деганидир. Аллоҳ таоло ўзи нозил қилган барча китобларини “Фурқон”, деб атайди. Қайси бир китобда фурқонлик хусусияти бўлмаса, унинг илоҳий моҳиятига путур етган, инсон тарафидан ўзгартирилган ёки ёзилган оддий китоб бўлиб қолади.
Қуръони каримда Бақара сурасининг 185-оятида, Оли Имрон сурасининг 3-оятида ҳамда Фурқон сурасиниг 1-оятида Қуръоннинг Фурқон номи зикр этилади.
Бурҳон. Бу сўз ҳужжат, далил ва исбот деган маъноларни англатади. Аллоҳнинг бирлиги, каломининг ҳар бир сўзи ва жумласи мўъжиза, унинг илоҳий калом эканлигининг исботидир. Шунингдек, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ўзларига буюрилган пайғамбарлик вазифани тўла адо этганликларини ҳамда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан олдин ўтган пайғамбарларнинг ҳақ пайғамбар эканликларини тасдиқловчи ҳужжатдир.
Ушбу бурҳон Ислом икки дунё саодатига элтувчи дин эканлигининг бурҳонидир. Аллоҳ Ўз бандаларига раҳим этиб, уларга икки дунё бахтига эришиш дастури қилиб нозил этган бу Қуръон аниқ нурдир
ЎМИ Матбуот хизмати
2025 йилнинг 26 июнь куни – янги 1447 ҳижрий йил – Муҳаррам ойи бошланишининг 1 кунидир. Ашуро куни 2025 йилнинг 5 июль, шанба кунига тўғри келади.
Муҳаррам ойи қандай ой?
Муҳаррам ойи – мусулмонлар тақвимининг биринчи ойидир. Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг бири бўлиб, унинг ўнинчи куни яъни, ашуро куни алоҳида фазилатларга эга.
Ашуро қандай кун?
Бу кун ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу боис Мусо алайҳиссалом бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлироқман”, дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Ашуро куни рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади.
Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Бу кун яқинларга кенгчилик қилиш, бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади.
Абу Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ: “Бу ҳадисни олтмиш йил тажриба қилдим ва фақатгина яхшилик кўрдим”, деганлар.
Ашуро кунини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўтказардилар?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунни ўтказиб юбормаслик учун қаттиқ ҳаракат қилардилар, унинг савобига эришиш учун бу куннинг келишини интиқлик билан кутардилар. Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Ашуро куни рўзасини Рамазон ойи рўзасини кутиб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини кутганларини кўрмадим” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутиб, одамларни ҳам бу куннинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: “Ё, Расулуллоҳ! Бу кун яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку!” дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ хоҳласа келаси йил тўққизинчи куни ҳам тутамиз”, дедилар. Аммо, келаси йил келмасидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар (Имом Муслим ривояти).
Уламоларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ниятларига эътиборан, Ашуро кунига қўшиб бир кун олдинги ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутмоқ афзал дейдилар.
Аллоҳ таоло ушбу ойнинг фазилатларидан барча мўмин-мусулмонларни тўлиқ баҳраманд этсин. Ўзининг розилигини топадиган амалларда бардавом қилсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати