Кеча, 16 январь куни Ўзбекистон Ҳаж делегацияси Саудия Арабистони Подшоҳлигига жўнаб кетди. Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ишлари вазири Солиҳ Бантин таклифига асосан “Ҳаж–2018” мавсумининг ташкилий ишларини келишиб олиш мақсадида, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Ўткирбек Ҳасанбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов, Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири Жалолиддин Нуриддинов ва Тошкент ислом университети халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Ҳамидбек Ҳасановдан иборат делегация кеча Жидда шаҳрига етиб боришди.
Сафар давомида Ўзбекистон ҳаж делегацияси билан Саудия Арабистони Ҳаж ишлари вазирлиги ва мутасадди ташкилотлар ўртасида “Ҳаж–2018” мавсумининг ташкилий ишлари муҳокама қилинади. Шу йўналишларда, Саудия Арабистонининг Макка, Мадина ва Жидда шаҳарларида жорий йил Ҳаж мавсумида Ватанимиз ҳожиларига хизмат қилувчи идоралар ва муассасалар раҳбарлари билан ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.
Бизни кузатишда давом этинг, ушбу сафар жараёнлари, янгиликлар ва ўзгаришлар ҳақида батафсил ёритиб борамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, ҳаж делегацияси аъзолари ва Ишчи гуруҳи вакиллари Макка шаҳрида жойлашган Мино ва Арафот водийларида яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Мино водийсида зиёратчилар учун кенг ва текис ҳудуддаги алоҳида чодирлар ажратилган. Улар гиламлар, юмшоқ ўринлар, ёстиқ-чойшаблар, махсус совуткичлар билан жиҳозланган, коммунал хизматлар билан таъминланган ва санитария-гигиена талаблари ҳам инобатга олинган.
Жорий йилдаги қулайлик шуки, делегация талабларига мувофиқ Арафот ҳудудидаги ҳар бир чодир иссиқ ўтказмайдиган замонавий сендвич панеллар билан тўлиқ ўралган ва ёруғлик учун ойналар ўрнатилди. Мазкурларда “Sofa bed” (ёстиқ ва тўшак), “Martaba” (тўшак), совуткич сингари қулайликлар ибодатларни хотиржам адо этишга хизмат қилади.
Шунингдек, уч маҳал иссиқ овқат, мунтазам чой ва салқин ичимликлар билан таъминлаш, тиббий хизмат кўрсатиш учун ҳам барча шароитлар ҳозирланган.
Айниқса, ҳожилар чодирларда вақтларини ғанимат билиб кўпроқ тоат-ибодатда бўлишлари учун таниқли уламоларнинг суҳбатлари, машҳур қориларнинг қироатларини етказиш мақсадида микрофон ва овоз кучайтиргичлар билан етарли даражада таъминланди.
Таъкидлаш жоизки, мўмин-мусулмонларга янада қулай шарт-шароит ҳозирланиб, бу йилги ҳаж мавсуми сифат, мазмун ва хизматлар жиҳатидан энг юқори даражада бўлишига ҳаракат қилинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати