Мовароуннаҳр уламолари
Муҳаммад Икром ибн Абдуссалом Бухорий XIX аср охири – XX аср бошларида Бухоронинг кўзга кўринган зиёлиларидан бири эди. У 1855 йили Бухоронинг Галаосиё тумани Боғикалон қишлоғида дунёга келади. Бошланғич мактабдан сўнг 1860-1880 йиллари Бадалбек мадрасасида ўқийди. Қози Абдушукур ибн Абдурасул Бухорийдан таҳсил олади. Муҳаммад Икром Бухорийни замондошлари ва ундан кейингилар Домла Икромча деб аташган.
Домла Икромча Бухоронинг Пойи Остона гузарида яшаган ва мударрис, қози, судур ва муфтий сифатида танилган. Замондошлари уни: “Бухоро уламоларининг улуғи, мударрисларнинг устози” дейишган. “Тазкират аш-шуаро”да Домла Икромча Мир Араб мадрасасида, “Афзал ат-тизкор”да эса “Абдуллоҳхон” мадрасасида дарс бергани айтилган. Наманганлик шайхулислом Иноятуллоҳ Лангарий (1836-1899)1, таниқли адиб Садриддин Айний (1878-1954)2, Ўрта Ўсиё ва Қозоғистон мусулмонлари диния бошқармасининг раиси, муфтий Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон (1860-1957)3, андижонлик таниқли уламо Ҳасанхон Махдум Восилий (1898-1979)4 кабилар Домла Икромчадан сабоқ олган.
Домла Икромча 1894-1896 йиллари бухоролик мударрис Муҳаммад Аваз Хўжандий (вафоти 1907 й.) ҳамроҳлигида ҳажга бориб қайтади. Истанбул, Бағдод, Шероз ва бошқа шаҳарларнинг ўша вақтдаги тараққиётини кўриб таъсирланади. Садриддин Айний ёзишича, у Ҳижоз сафаридан қайтиши биланоқ мадрасаларда таълимни ислоҳ этишни ёқлаб чиқади.
1896 йили Бухорога мадиналик олим Шайх Саййид Муҳаммад Али Маданий (1846-1904) келади ва Бухорода олти ой туриб қолади. Домла Икромча ундан ҳадис илми бўйича сабоқ олади.
Домла Икромча янги мактаблар очиш тарафдори экани ва уларни қўллаб тургани маълум. У кичик ўғли Абдураҳмон махдумни жадид мактабига ўқишга беради. Катта ўғли Ҳабибуллоҳ 32 ёшда бўлса ҳам, ушбу мактабда ўқитиб олади. Баъзилар жадид мактаблари ёмон деб фатво бериб турган пайтда муфтий Домла Икромча уларда ўқиш дуруст эканини тасдиқлаб, фатво чиқаради.
1910 йил 6 августда жадид мактабида ўқиётган болаларни имтиҳон қилиш, мактабларни ёпиш ёки очиқ қолдириш масаласи кўрилади. Бухоронинг каттаю кичик аҳолиси ҳозир бўлган мажлисда Домла Икромча мударрис ва талабаларга қарата: “Мен бу мактабни Ислом одобига бутунлай мувофиқ деб топдим. Диний тарбия бу мактабда эски мактаблардагидан кўп даража устун экан. Исломият нуқтаи назаридан бу хил мактабларни ривожлантириш лозим деб биламан...” дея хитоб қилади5.
Шаҳар уламолари Домла Икромчага таъна-дашномлар ёғдиради. Аслида бундай норозиликларининг сабаби Домла Икромчанинг бидъатларни қоралаб ёзган асари эди. Унда бидъатчилар танқид остига олинган эди. Асарнинг тўлиқ номи “Ийқоз анноимин ва иълом алжоҳилин” (“Ғофилларни бедор қилиш ва жоҳилларни огоҳлантириш”) бўлиб, 1911 йили Бухорода чоп этилади. Асар катта шов-шувларга сабаб бўлади. Баъзилар муаллиф фикрларига қарши чиқса-да, китоб оддий одамлар, ёшлар ва талабаларга кучли таъсир кўрсатади. У халқ орасида “Дар баёни бидъаоти машҳура” (“Машҳур бидъатлар баёни”) номи билан танилади ва халқнинг кўзи очилишига самарали таъсир қилиб, маърифатпарварларнинг бидъатларга қарши курашига яхши туртки беради. Натижада Домла Икромча 1912 йили қозилик баҳонаси билан Бухородан Пешкуга жўнатилади. Олим икки йил Пешку ва Қоракўл туманларида қози бўлади.
1917 йил апрел ойи охирларида бир неча мутаассиблар муфтийларга жадид мактаблари шаръан “жоиз эмас”лиги, жадидлар билан мулоқот қилмаслик кераклиги ҳақидаги фатвога муҳр бостириб олишади. Домла Икромча бунга қарши чиқади ва қушбегига норозилик хати ёзади. Қушбеги ва қозикалоннинг аралашуви билан ҳукумат Домла Икромчани Ғузор вилоятига қозилик қилиш баҳонасида иккинчи бор сургун қилади. Шу билан олимни жараёнлардан узоқлаштириб, таъсир кучини камайтирмоқчи бўлишади.
1918 йилнинг март-апрель ойларида бўлган воқеалардан сўнг Бухоро ҳукумати Домла Икромчани ҳибсга олади. Олимнинг уй-жойи мусодара этилиб, барча китоб ва қўлёзмалари ёндирилади.
1920 йили Бухоро Халқ Республикаси ҳукумати Домла Икромчани оиласи билан бирга озод қилади. Олим Бухорога таклиф қилиниб, адлия вазирлиги нозири этиб тайинланади. 1922 йили ўлкада шаръий қозилик маҳкамаси ташкил этилади. Домла Икромча маҳкаманинг биринчи раиси бўлади. Олим 1925 йил, вафотидан бир неча ой олдин нафақага чиқади.
Домла Икромчанинг ибратли ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, ҳар хил бидъат- хурофотларнинг келиб чиқиш сабаблари, унинг динга, миллий-маънавий қадриятларга зарари баён этилган асарини тадқиқ ва тарғиб этиш долзарб вазифаларимиздандир.
Ҳамидуллоҳ АМИНОВ,
тарих фанлари номзоди
1Абдураҳим Муҳаммадхон ўғли. «Иноятуллоҳ Лангарий». «Ҳидоят». 2009, 3-сон. 21-б.
2 Ҳаёт Неъмати Самарқандий. «Домулло Икромчаи ҳақгў ки буд?» «Овози тожик». 2004 йил, 1 декабр. 94-сон.
3 Шамсиддинхон Бобохонов. «Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон». Тошкент, 2001. 22-б.
4 Махдум Восилий. «Марҳамат илҳомлари». Тошкент, 2002. 4-б.
5 Садриддин Айний. «Таърихи инқилоби фикрий дар Бухоро». Теҳрон. “Суруш”, 1381. 36-б.
Аллоҳ таолонинг инсон зотига кўрсатган чексиз марҳаматларидан бири шубҳасиз сув неъматидир. Заминдаги бирор тирик жон сувдан беҳожат бўлолмайди. Ушбу ҳаётдаги барча нарса сув билан тирикдир. Лекин Яратувчи бу улуғ неъматини махсус бир сув билан хослади. Унга фазл ва баракот ато этди. Мусулмонлар курраи заминнинг турли нуқталаридан ушбу хос неъматдан баҳраманд бўлиш учун келадилар. У ҳам бўлса замзам сувидир. Хўш, замзам суви ўзи нима ва унинг қандай мўъжизакор хусусиятлари бор?
Замзам суви
Замзам суви бу - замзам қудуғидан чиқадиган сувдир. Бу қудуқ Маккаи мукаррамадаги Ҳарам ҳудудида жойлашган. Бу сув барча мусулмонлар наздида муқаддас сув ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ таоло уни ўзига хос мў'жизавий хусусиятлар билан бошқа сувлардан афзал қилган. Дини Ислом таълимотларига кўра, замзам булоғини Аллоҳ таоло Исмоил алайҳиссалом ва унинг онаси учун чиқариб берган.
Замзам қудуғи Маккий Ҳарам ҳудуди ўз ичига олган муҳим тарихий унсурлардан бири ҳисобланади. У ер сатҳидаги энг машҳур булоқ бўлиб, мусулмонлар қалбида ўзига хос руҳий ўрни бор. Айниқса, ҳожилар ва умра зиёратчилари учун бу сувнинг аҳамияти катта. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Ер юзидаги энг яхши сув замзам сувидир. У тўйимли таом ва касалликдан шифодир" (Табароний ривояти, ал-Мўъжам ал-Кабир, саҳиҳ ҳадис).
Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса бундай марҳамат қилинади: "Замзам суви нима ниятда ичилган бўлса, ўша ниятнинг рўёбга чиқишига сабаб бўлади" (Имом Аҳмад, ибн Можа ва бошқалар ривояти).
Замзам сувининг номлари
Замзам сувининг кўп номлари бўлиб, қуйида уларнинг баъзиларини зикр қиламиз:
1. "Замзам" ва "Зумазим". Бу сўз "замма-язимму-зумуман" феълидан олинган бўлиб, бирор идишга сув лим-лим тўлиб ёнларидан оқиб тушганда ишлатилади. Замзам булоғининг суви кўп ва баракали бўлганлиги учун шундай номланган. Бошқа бир ривоятда келишича, замзам булоғи отилиб чиққан пайтда Ҳожар онамиз унга қараб "зам-зам!" яъни "кўпай ва зиёда бўл!", деган эканлар. Яна бир қавлга кўра эса замзамнинг бундай номланиши Жаброил алайиссаломнинг замзамасидан яъни, фариштанинг мазкур булоқ устида чиқарган товуши ва каломи туфайлидир. Бошқа бир фикрга кўра, мазкур булоқ илк маротаба отилиб чиққан вақтда ўзидан махсус товуш чиқариб шарқираб турган, шу сабабли замзам деб номланган. Зеро, замзама сўзи шовқин бермоқ, муттасил товуш чиқармоқ маъносини англатади. Замзама сўзининг яна бир маъноси бирор нарсанинг ёйилиб кетган четларини тўплаш, тарқалиб кетмаслиги учун жамлаш маъносини англатади.
2. "Барака" ва "Муборака". Барака сўзи ўсиш, зиёда бўлиш, кўп яхшилик ва саодат маъноларини англатади. Зеро, уларнинг бари замзамда мавжуддир.
3. "Барра". Бу сўз яхшилик, эзгулик ва вафо маъноларини англатувчи "биррун" сўзидан олинган. Чунки Аллоҳ таоло бу сув билан Исмоил алайҳиссаломга яхшилик қилган. Яна бир қавлда эса айтиладики, чунки у аброрлар, яъни яхшилар учун оқиб чиққан, фожирлардан эса тийилган.
4. "Бушро". Бушро сўзи луғатда яхшилик ва хурсандчилик хабари, мужда маъносини англатади. Замзамнинг бундай ном билан аталишига сабаб ўзи ва ўғлининг ҳаётини сақлаб қолиш учун жон ҳолатда сув қидираётган пайтда Ҳожар онамиз учун хушхабар бўлганлигидандир. Зеро, Ҳожар онамиз Сафо ва Марво орасида сув излаб умидлари узилай деган пайтда Аллоҳ таоло томонидан инъом қилинган замзамни кўриб қолгач, бениҳоя хурсанд бўлиб кетадилар ва "менга хушхабар бўлсин, ахир бу сув-ку!", деб юборадилар.
5. "Мактума" (яширилган). Журҳум қабиласидан сўнг замзам булоғи ерга кўмилиб, беркилиб кетганлиги учун шундай аталган эди. Сўнгра Абдул Муттолиб уни қайта очган.
6. "Ҳарамийя". Замзам қудуғи Аллоҳ таолонинг Ҳарами ичкарисида бўлганлиги туфайли унга "Ҳарамийя", яъни Ҳарам булоғи деган ном берилди.
7. "Ракзату Жибрийл" (Жаброилнинг қанот қоқиши), "ҳазмату Жибрийл" (Жаброил пайдо қилган қуйилик, чуқирча), "ватъату Жибрийл" (Жаброилнинг оёқ босиши). Замзам сувининг бундай номлар билан номланишига сабаб унинг Жаброил фаришта ўз қаноти билан ерга уриши ёхуд оёғи билан ерга тепиши натижасида пайдо бўлиб, ердан отилиб чиққанлигидир.
8. "Солима" (соғлом ва саломатли сув). Замзамнинг бу исм билан номланишига сабаб унда саломатлик ва офият борлигидандир.
9. "Сиқоятул ҳож" (Ҳожиларга сув бериш). Замзам суви ҳожиларни сув билан таъминлайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожиларни замзам суви билан таъминлаш ишини Аббос розияллоҳу анҳу ва оиласига топширдилар.
10. "Саййида". Чунки замзам суви бошқа барча сувларнинг саййиди, энг афзали, энг шарафлиси ва энг қадри баланди ҳисобланади.
11. "Шаббўатул 'иёл" (камбағалларни тўйдирувчи) шунингдек, "шабъа" (тўқлик, тўйимлилик). Жоҳилият даврида замзам булоғи шу ном билан ҳам номланарди. Сабаби, у чанқаганни чанқоғини қондирарди, камбағалларнинг қорнини тўйдирарди.
12. "Шаробул аброр" (яхшиларнинг шароби). Сабаби ҳамма яхшилар ва солиҳ кишилар замзам сувидан ичишга ҳарис бўладилар.
13. "Шифау суқмин" (касалликлар шифоси). Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилдилар: "Замзам ер юзидаги энг яхши сувдир. Унда очиққанлар учун таом, касалликлар учун шифо бордир" (Табароний {11167, 11/98}, Ҳайсамий {3/286}, Ибн Ҳиббон саҳиҳ деганлар). Унда Аллоҳ таолонинг изни билан барча касалликларга даво бордир. Ким шифо ниятида ичса, Аллоҳнинг иродаси билан, албатта, тузалиб кетади.
14. "София" (соф). Замзам барча зарарли нарсалардан пок ва соф бўлган сувдир.
15. "Тоҳира" (пок). Замзам барча айбу нуқсонлардан пок, ичувчи киши учун фойдали сувдир. Бундан ташқари, замзам ҳурмати баландлиги учун ифлос нарсаларга истеъмол қилинмайди.
16. "Тоййиба" (хуш, ширин, мазали). Замзам сувининг бу ном билан номланиши сабаб, ичган киши лаззатланади, уни ҳамма яхши кўради.
17. "Зоҳира" (зоҳир, очиқ-ойдин). Замзам сувининг манфаати доим зоҳир бўлиб, кўриниб туради.
18. "Офият". Замзам суви уни ичган инсон учун офият ва шифодир. Аллоҳ таоло мутахассис табиблар ҳам даволай олмаган қанча-қанча касалликлардан замзам туфайли шифо берган.
19. "Ғиёс" (ёрдам, қутулиш). Чунки у Ҳожар онамиз ва у кишининг фарзанди Исмоил алайҳиссалом учун ёрдам, қаттиқ қийинчиликдан сўнг қутулиш манбаи эди.
20. "Кофия" (кифоя қилувчи). Замзам суви уни ичаётган кишининг барча ҳожатларига кифоя қилувчидир.
21. "Ла тунзофу вала тузамму" (йўқ бўлмайди ва камаймайди). Замзам сувидан қанча кўп ичилмасин камаймайди ҳам, тугаб ҳам қолмайди.
22. "Маъсарату Аббос" (Аббоснинг улуғ мероси). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожиларга замзам сувини ичиришдек шарафли вазифани Аббос розияллоҳу анҳу ва унинг оиласи учун ажратиб берадилар. Бу эса Аббос розияллоҳу анҳу ва унинг оиласи учун улуғликда тенгсиз бўлган мерос эди.
23. "Муъниса" (дўст, дилдош). Замзам сувидан ичган мўмин унга ўрганиб, ўзида унга нисбатан доимий майл ҳис қилади ва уни яхши кўриб қолади. Мудом замзам сувидан ичгиси келаверади.
24. "Маймуна" (баракали). Замзам суви ҳар тамонлама баракалидир.
25. "Нофиъа" (фойдали). Замзам суви санаб тугатиб бўлмайдиган манфаатларга эга эканлиги туфайли шундай номланган.
Замзам сувининг фойдалари
Замзам суви ўзининг маънавий фойдаларидан ташқари саломатлик учун кўплаб фойдали хусусиятларга эгадир. Уларнинг баъзиларини қуйида зикр қиламиз:
1. Эрта қаришнинг олдини олади.
2. Жисмнинг ҳимоя тизимини (иммунитет) кучайтиради.
3. Овқат ҳазм қилишга ёрдам беради.
4. Саратонга қарши самарали воситалардан бири ҳисобланади.
5. Жисм учун фойдали бўлган озуқа моддаларини қонга сўрилиш жараёнини кучайтиради.
6. Жисмга куч-қувват бахш этади. Айниқса, ҳожилар ҳаж мавсимида бундай куч-қувват ва энергия манбаига муҳтож бўладилар.
7. Кўплаб касалликлардан тузалишга ёрдам беради. Жумладан, кўриш қобилиятининг пасайиши, қизамиқ, юрак-қон томир касалликлари, қон босими, қон айланиши касалликлари ва бошқа бир қатор хасталиклардан тузалишда самарали ёрдам беради.
8. Шунингдек, замзам суви қандли диабет касалига чалинганлар, буйрак хасталари учун ҳам шифодир. Шу билан бирга суяк ва бўғин касалликлари, ошқозон-ичак касалликлари, ҳазмдаги муаммолар, йўғон ичак муаммолари, қабзият ва яна бир қанча касалликларни даволашда самарали восита ҳисобланади.
Замзам сувини бошқа сувларга аралаштириш ҳақида
Агар замзам сувидан бошқа оддий сувларга аралаштирилса мазкур оддий сув унга қўшилган аралашма миқдорича баракот ва фазилат касб этади. Қанча кўп аралаштирилса, шунчалик баракоти ортади. Камроқ аралаштирилган бўлса ҳам мазкур сув замзам қўшилмаган сувдан афзалроқ ва баракотлироқ бўлади. Зеро, замзам аралаштирилган сувдан ичган кимса замзам сувининг маълум миқдорини ичган ҳисобланади. Шу туфайли, унинг файзидан бонасиб бўлади.
Имом Косоний (раҳимаҳуллоҳ) айтадилар: "Агар бир кимса замзам сувидан иборат бўлган бирор сувни ичмайман деб қасам ичган бўлса ва ўша (замзамдан иборат бўлган) сувга бошқа сувлардан жуда кўп миқдорда қуйилиб, натижада замзам суви ўзига қуйилган кўп миқдордаги сувга аралашиб, бошқа сув унинг устидан ғолиб келса ва шундан сўнг, мазкур сувдан ичса, қасамини бузган ҳисобланади" ("Бадоиъу-с-санои'": 3/63;).
Юқоридаги матнда айтилмоқчи бўлаётган нарса шуки, замзам сувини ичмайман деб қасам ичган киши ўзига жуда кўп оддий сув аралаштирилиши натижасида оддий сувга аралашиб кетган замзам сувидан ичса, қасамига риоя қилмаган ва замзамдан ичиб қўйган ҳисобланар экан. Бу эса оддий сувга аралаштирилган замзам буткул йўқолиб кетмаслигини англатади. Балки, у аралашган сувига баракот киргазади.
Шу маънода, замзам аралаштирилган сувга "замзам" дейилса ҳам у ҳукман замзам мақомида бўлади. Унда замзамнинг баракоти ва фазилати мавжуд бўлади. Оддий сувлардан ортиқ бўлади. Унга ҳар қанча кўп сув қуйилса ҳам барибир, ичида замзам мавжуд бўлади. Аммо фазилатда мусаффо замзамчалик бўлмайди.
Саҳобаи киромлар нафақат замзам, балки Набий алайҳиссалом таҳорат қилган сувлардан ҳам табаррукланганлар. Узоқдан келган кишилар уйларига қайтишда У зотнинг (алайҳиссалом) таҳоратдан қолган сувларини ўзлари билан олиб кетиб, уни кўп миқдордаги сувларга қўшиб кўпайтирганликлари ривоят қилинади.
Бу ҳам бўлса, табаррук нарса бошқа оддий (тоҳир ва пок) нарсага аралаштирилганда, аралаштирилган оддий нарса ҳам баракот ва фазилат касб этишига далолат қилади.
Ривоят қилинишича, Набий алайҳиссалом Макканинг ҳокимига одам юбориб, ундан Мадинага замзам сувидан жўнатишни талаб қилар эканлар. Бундан мақсад, Мадиналиклар ҳам замзамдан юқорида айтилганидек, оддий сувларга аралаштириб, кўпайтириш орқали баҳраманд бўлишлари учун экан.
Абдуллоҳ Камолов