Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Декабр, 2025   |   5 Ражаб, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:47
Пешин
12:28
Аср
15:18
Шом
17:03
Хуфтон
18:22
Bismillah
25 Декабр, 2025, 5 Ражаб, 1447

Домла Икромча

13.01.2018   9773   5 min.
Домла Икромча

Мовароуннаҳр уламолари

Муҳаммад Икром ибн Абдуссалом Бухорий XIX аср охири – XX аср бошларида Бухоронинг кўзга кўринган зиёлиларидан бири эди. У 1855 йили Бухоронинг Галаосиё тумани Боғикалон қишлоғида дунёга келади. Бошланғич мактабдан сўнг 1860-1880 йиллари Бадалбек мадрасасида ўқийди. Қози Абдушукур ибн Абдурасул Бухорийдан таҳсил олади. Муҳаммад Икром Бухорийни замондошлари ва ундан кейингилар Домла Икромча деб аташган.

Домла Икромча Бухоронинг Пойи Остона гузарида яшаган ва мударрис, қози, судур ва муфтий сифатида танилган. Замондошлари уни: “Бухоро уламоларининг улуғи, мударрисларнинг устози” дейишган. “Тазкират аш-шуаро”да Домла Икромча Мир Араб мадрасасида, “Афзал ат-тизкор”да эса “Абдуллоҳхон” мадрасасида дарс бергани айтилган. Наманганлик шайхулислом Иноятуллоҳ Лангарий (1836-1899)1, таниқли адиб Садриддин Айний (1878-1954)2, Ўрта Ўсиё ва Қозоғистон мусулмонлари диния бошқармасининг раиси, муфтий Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон (1860-1957)3, андижонлик таниқли уламо Ҳасанхон Махдум Восилий (1898-1979)4 кабилар Домла Икромчадан сабоқ олган.

Домла Икромча 1894-1896 йиллари бухоролик мударрис Муҳаммад Аваз Хўжандий (вафоти 1907 й.) ҳамроҳлигида ҳажга бориб қайтади. Истанбул, Бағдод, Шероз ва бошқа шаҳарларнинг ўша вақтдаги тараққиётини кўриб таъсирланади. Садриддин Айний ёзишича, у Ҳижоз сафаридан қайтиши биланоқ мадрасаларда таълимни ислоҳ этишни ёқлаб чиқади.

1896 йили Бухорога мадиналик олим Шайх Саййид Муҳаммад Али Маданий (1846-1904) келади ва Бухорода олти ой туриб қолади. Домла Икромча ундан ҳадис илми бўйича сабоқ олади.

Домла Икромча янги мактаблар очиш тарафдори экани ва уларни қўллаб тургани маълум. У кичик ўғли Абдураҳмон махдумни жадид мактабига ўқишга беради. Катта ўғли Ҳабибуллоҳ 32 ёшда бўлса ҳам, ушбу мактабда ўқитиб олади. Баъзилар жадид мактаблари ёмон деб фатво бериб турган пайтда муфтий Домла Икромча уларда ўқиш дуруст эканини тасдиқлаб, фатво чиқаради.

1910 йил 6 августда жадид мактабида ўқиётган болаларни имтиҳон қилиш, мактабларни ёпиш ёки очиқ қолдириш масаласи кўрилади. Бухоронинг каттаю кичик аҳолиси ҳозир бўлган мажлисда Домла Икромча мударрис ва талабаларга қарата: “Мен бу мактабни Ислом одобига бутунлай мувофиқ деб топдим. Диний тарбия бу мактабда эски мактаблардагидан кўп даража устун экан. Исломият нуқтаи назаридан бу хил мактабларни ривожлантириш лозим деб биламан...” дея хитоб қилади5.

Шаҳар уламолари Домла Икромчага таъна-дашномлар ёғдиради. Аслида бундай норозиликларининг сабаби Домла Икромчанинг бидъатларни қоралаб ёзган асари эди. Унда бидъатчилар танқид остига олинган эди. Асарнинг тўлиқ номи “Ийқоз анноимин ва иълом алжоҳилин” (“Ғофилларни бедор қилиш ва жоҳилларни огоҳлантириш”) бўлиб, 1911 йили Бухорода чоп этилади. Асар катта шов-шувларга сабаб бўлади. Баъзилар муаллиф фикрларига қарши чиқса-да, китоб оддий одамлар, ёшлар ва талабаларга кучли таъсир кўрсатади. У халқ орасида “Дар баёни бидъаоти машҳура” (“Машҳур бидъатлар баёни”) номи билан танилади ва халқнинг кўзи очилишига самарали таъсир қилиб, маърифатпарварларнинг бидъатларга қарши курашига яхши туртки беради. Натижада Домла Икромча 1912 йили қозилик баҳонаси билан Бухородан Пешкуга жўнатилади. Олим икки йил Пешку ва Қоракўл туманларида қози бўлади.

1917 йил апрел ойи охирларида бир неча мутаассиблар муфтийларга жадид мактаблари шаръан “жоиз эмас”лиги, жадидлар билан мулоқот қилмаслик кераклиги ҳақидаги фатвога муҳр бостириб олишади. Домла Икромча бунга қарши чиқади ва қушбегига норозилик хати ёзади. Қушбеги ва қозикалоннинг аралашуви билан ҳукумат Домла Икромчани Ғузор вилоятига қозилик қилиш баҳонасида иккинчи бор сургун қилади. Шу билан олимни жараёнлардан узоқлаштириб, таъсир кучини камайтирмоқчи бўлишади.

1918 йилнинг март-апрель ойларида бўлган воқеалардан сўнг Бухоро ҳукумати Домла Икромчани ҳибсга олади. Олимнинг уй-жойи мусодара этилиб, барча китоб ва қўлёзмалари ёндирилади.

1920 йили Бухоро Халқ Республикаси ҳукумати Домла Икромчани оиласи билан бирга озод қилади. Олим Бухорога таклиф қилиниб, адлия вазирлиги нозири этиб тайинланади. 1922 йили ўлкада шаръий қозилик маҳкамаси ташкил этилади. Домла Икромча маҳкаманинг биринчи раиси бўлади. Олим 1925 йил, вафотидан бир неча ой олдин нафақага чиқади.

Домла Икромчанинг ибратли ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, ҳар хил бидъат- хурофотларнинг келиб чиқиш сабаблари, унинг динга, миллий-маънавий қадриятларга зарари баён этилган асарини тадқиқ ва тарғиб этиш долзарб вазифаларимиздандир.

 

Ҳамидуллоҳ АМИНОВ,

тарих фанлари номзоди

 

 

 

1Абдураҳим Муҳаммадхон ўғли. «Иноятуллоҳ Лангарий». «Ҳидоят». 2009, 3-сон. 21-б.

2 Ҳаёт Неъмати Самарқандий. «Домулло Икромчаи ҳақгў ки буд?» «Овози тожик». 2004 йил, 1 декабр. 94-сон.

3 Шамсиддинхон Бобохонов. «Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон». Тошкент, 2001. 22-б.

4 Махдум Восилий. «Марҳамат илҳомлари». Тошкент, 2002. 4-б.

5 Садриддин Айний. «Таърихи инқилоби фикрий дар Бухоро». Теҳрон. “Суруш”, 1381. 36-б.

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Каъба ҳақида 10 факт

09.12.2025   4254   3 min.
Каъба ҳақида 10 факт

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Каъба мусулмонлар учун энг азиз ва муқаддас жой бўлиб, Аллоҳнинг уйи деб таърифланади. Ҳар йили дунё бўйлаб миллионлаб мусулмонлар Масжидул Ҳарамга бориб, Аллоҳга ибодат қиладилар. Қуйида Каъба ҳақидаги 10 та маълумот келтирилган.

  1. Каъба бир неча маротаба қайта қурилган

Илк бор Иброҳим ва Исмоил алайҳумуссалом томонидан қурилган, лекин ҳозирги кўриниши ўша даврдагидан фарқ қилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом даврларида ҳам реконструкция қилинган. Сўнги энг йирик таъмирлаш ишлари 1996 йилда амалга оширилиб, деворидаги ғишт ва тошлар алмаштирилган, пойдевори янада мустаҳкамланган.

  1. Каъбанинг икки эшиги ва бир дарчаси бўлган

Илгариги Каъбада икки эшик бўлган, бири кириш, иккинчиси чиқиш учун. Шунингдек, унинг ён томонида бир дарча ҳам бўлган. Ҳозир эса фақат битта эшик мавжуд, биринчи эшик рўпарасидаги иккинчиси эса ёпиб қўйилган бўлиб, каъбапўш алмаштирлаётгандагина унинг ўрнини кўриш мумкин.

  1. Каъба ёпинчиғи ранг-баранг бўлган

Каъба ёпинчиғи ранги ҳар доим қора рангда бўлмаган. Кисванинг қора рангда бўлиш  анъанаси Аббосийлар даврида бошланган. Чунки, бу сулоланинг рамзлари қора рангда эди. Ундан олдин Каъбага яшил, қизил ва оқ ранглардаги мато ҳам ёпилган.

  1. Каъбанинг калитлари

Каъбанинг калитлари Макка фатҳ қилинган куни Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом томонидан Усмон ибн Талҳага ва унинг қабиласи Бани Шайбага берилган. Ҳозиргача ушбу оила Каъба калитининг эгаси ҳисобланади.

  1. Илгари Каъба эшиги ҳамма учун очиқ бўлган

Олдинлари кимдир Каъбага кирмоқчи бўлса, эшиги очиб берилган. Кейинчалик ёпилиб, ҳозирда фақат Саудия подшоҳлари, бош вазирлар, давлат раҳбарлари ва эътиборли меҳмонлар кира олади.

  1. Маккани сув босганда одамлар Каъбани сузиб тавоф қилган

Макка пастликда жойлашгани ва ўша даврда сув тортувчи тизим йўқлиги сабабли кучли ёмғирлар вақтида Каъба атрофида сув тўпланар эди. Шу боис сув тошқинлари вақтида одамлар Каъбани сузиб тавоф қилишга мажбур бўлишган.

  1. Бўлакланган Ҳажарул асвад

Ҳозирда қора тош кумуш қоплама ичида эканига кўпчилик қизиқади. Бир вақтлар Баҳрайндан келган радикал гуруҳ томонидан минглаб ҳожилар ўлдириб, жасадлари Замзам қудуғига ташланади. Улар ҳатто Ҳажарул асвадни бўлаклаб, Ироқнинг Куфа шаҳрига олиб кетади ва Аббосий халифалиги босими билангина қайтарилади. Ҳозирда бўлакланган 8 та тош мум ёрдамида бириктарилиб, кумуш ғилоф ичига мустаҳкамлаб қўйилган.

  1. Каъба ичида исталган томонга юзланиб намоз ўқиш мумкин

Каъба ташқарисида ҳамма унга юзланиб ибодат қилса, ичига кирган одам исталган томонга юзланиб намоз ўқиш мумкин бўлади.

  1. Каъба эшиги йилига фақат икки марта очилади

Каъбанинг эшиги ҳар йили фақат икки мартагина очилади. Навбатдан ташқари хорижий давлат раҳбарлари ва меҳмонлар келганда ичига киритиш учун очилиши мумкин.

  1. Каъба кубик шаклида

У куб шаклида бўлгани боис, Каъба деб номланади. Каъба араб тилида куб, квадрат деган маънони англатади.

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси
катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев