Оддий уй бекасиман. Мактабни тугатишим яқин қолган кезларда отажоним оғир хасталикка чалиниб қолди. Пахтада сувчи бўлиб ишлаган одамнинг топгани нима бўлади. Рўзғорга кирган уч-тўрт сўм пул ҳам дори-дармон олишга кета бошлади. Яна ўша вақтларда акам техникумда, укам “Нафис санъат” лицейида ўқийди. Ўзи етимликда ўсиб ўқий олмаганидан армонда қолган отам фарзандларининг олий даргоҳларда ўқишини астойдил орзу қилар эди. Аммо айни биз улғайган, ўқишимиз зарур бўлган чоқда касал бўлиб қолганидан жуда қаттиқ сиқилиб хижолат бўлар, бу сиқилиш эса унинг соғлигини баттар ёмонлаштирар эди.
Хуллас, отам қайдандир озгина пул топиб акамга қўшиб мени ҳам пойтахтга имтиҳон топширишга юборди. Тошкент педагогика институтига (ҳозир университет) ҳужжат топширдим. Ўша вақтларда тест тартиби жорий этилган эди. менга берилган тестларни бир зумда ечиб бўлиб, нима қилишни билмай атрофга аланглаб ўтирган эдим ёнимдаги қиз ёрдам сўради. Унга ёрдамлашиб унинг ҳам ҳамма саволларини ечдик-да биргалашиб тест саволларини топшириб чиқиб кетдик.
Институт биносидан гўёки учиб чиқдим. Ўқишга 100 фоиз қабул қилинганимга ишончим комил эди. Имтиҳондан чиқишимни кутиб ўтирган акамдан суюнчи олмоқчи бўлиб олдига югуриб бориб ҳаммасини тўлиб-тошиб айтиб берганимда акамнинг севинчдан юзи ёришиб, “Вариантни белгиладингми?” деб сўради. Шу гапни эшитиб ҳушимдан кетиб қолаёздим. Негаки, вариантни белгилаш кераклиги акам сўрагандан кейингина эсимга келган эди...
Ҳосили калом, отам бечоранинг дарди кундан кунга ортиб бораверди. Шу сабабдан яна ўқишга келишимга имкон бўлмади. Кейин турмушга чиқдим, тўртта фарзандли бўлдим. Бу орада отам ҳам қазо қилиб кетди. Аммо ҳар доим илм олишга интилиб яшадим. Янги чиққан қўлланма-китоблардан ўқиб, ундан-бундан сўраб-суриштириб, бир нималарни ўрганиб, Қуръони каримга тушиб олдим. Муқаддас Китобимизни бир неча бор хатм ҳам қилдим.
Тақдирнинг тақозоси ила уч-тўрт йил бурун турмуш ўртоғим иккимиз Истанбулга келиб қолдик. Мавлид ойи эди ўшанда. У ерда аёллар ҳам мавлид ўқигани масжидга борар экан. Ўша аёлларга қўшилиб мен ҳам бордим. Вақтлироқ бориб қолган эканмиз, токчада турган Қуръони каримни олиб ўқиб ўтирган эдим. Аёллардан бири қизиқиш билан ёнимга келиб, паст овозда ўқиётган бўлсам-да бир оз қулоқ солиб ўтирди. Сўнг “Қуръон ўқишни биласанми?” деб сўради. “Ҳа”, дедим. “Яхши”, деб қўйди.
Бир пасдан кейин мавлид бошланди. Мавлид сўнгида тиловат қилиниб дуога қўл очилди. Дуо қилиб бўлган эдик ҳамки, ҳалиги аёл минбарга чиқиб: “Азизлар, ҳозир сизга Ўзбекистондан келган меҳмонимиз Қуръони каримдан тиловат қилиб беради”, деб эълон қилди-да мени ёнига чақирди. У кўрсатган жойга ўтириб тиловат қилдим. Тиловатни якунлаганимдан сўнг масжиддаги аёлларнинг ҳаммаси келиб мен билан қучоқ очиб кўришди. Улар ҳайратланиб: “Жуда гўзал ўқидинг, раҳмат”, деб ташаккур айтишар, “Шундай ўқишни ўрганиш бизга ҳам насиб этсин”, деб дуо қилишар, “Қуръон ўқишни қаердан ўргангансан?” “Сизнинг мамлакатингизда Қуръонни ўрганиш мумкинми?” деб сўрашар эди. Ўшанда минбардан тушаётиб кошкийди ўзимнинг она Ватанимда ҳам шундай табаррук жойларда Қуръон ўқиш насиб айласа эди деб йиғладим.
Аллоҳнинг марҳаматини қарангки, Қуръон мусобақасини ўтказиш ҳақида Давлатимиз раҳбарининг ўзи ташаббус кўрсатди, Бу ишларга муфтий ҳазратлари бош бўлди. Аммо ўша, Истанбулга борган вақтимда 40 ёш остонасида эдим. Ҳозир 43 га кириб қўйдим. Ушбу танловда, афсуски, ёшим баландлиги боис қатнаша олмас эканман. Йўқса, 2000 нафардан ошган Қуръонга муҳаббатли бандалардан бири бўлиб турар эдим.
Аммо мен қатнаша олмасам ҳам дуогўйман. Бизни шундай саодатли кунларга етказган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар айтаман, диний маърифатга катта эътибор қаратаётган юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг умрига, ризқига, имонига барака тилайман, динимиз раҳнамоси муфтий ҳазратларининг илми, обрўси, эътибори бундан-да зиёда бўлишини тилаб кеча-кундуз дуолар қиламан.
Президентимиз раҳнамолигида ўтган бир йилни хаёлим тасмасида жонлантириб кўриб шунга амин бўлдимки, халқимизнинг табиатида яхши тарафга ўзгариш юз берибди. Элимизнинг Раббимизга муҳаббати янада зиёда бўлибди. Аллоҳ таоло ваъдасига мувофиқ элнинг табиатига мос йўлбошчи юборди. Иншоаллоҳ, яқин келажакда фарзандларимиз орасидан дунё илмини тебратган аждодларимиздек буюк алломалар етишиб чиқажак.
Қизманой ҲАЙИТОВА
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида "Ислом маърифати, ҳадис илми ва Имом Бухорий мероси" ўқув курси ўтказилди. Мутахассислар томонидан ёдгорлик мажмуаси гид-экскурсоводлари учун ўтказилган машғулотлар доирасида экскурсия фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий, назарий ва амалий масалалар кўриб чиқилди, хабар бермоқда “Самаркандский вестник” нашри.
- Бу ерга ташриф буюрган ҳар бир зиёратчи фақат ибодат қилиш учун эмас, балки маънавий "озиқ" олиш учун ҳам бориши керак, - дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов. - Бу ерда фаолият юритаётган гидларнинг малакасини ошириш тизимини йўлга қўяр эканмиз, уларга Имом Бухорийнинг бизга қолдирган меросини, бу мероснинг тарихий манбаларини чуқур ўргатишимиз шарт.
Курс доирасида мажмуага биринчи марта ташриф буюрган меҳмонлар билан мулоқотнинг ўзига хос хусусиятлари муҳокама қилинди. Хорижлик зиёратчиларга нафақат Имом ал-Бухорий ҳаётидаги фактлар ва диний қадриятларимизни етказиш, балки бой маданий меросимизни асраб-авайлаш ва етказиш каби долзарб масалалар кўтарилди.
Гид-экскурсоводлар ҳам ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, келгусидаги ишларни ташкил этиш бўйича таклифлар бердилар. Бу бевосита экскурсияларни ўтказиш пайтида юзага келадиган масалаларни муҳокама қилиш имконини берди.
Курс Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Диний таълим соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, вилоят ҳокимлиги ҳамда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини сақлаш ва унинг атрофини ободонлаштириш департаменти томонидан ташкил этилди.
Тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар туризм салоҳиятининг муҳим қисми бўлган Самарқанд вилояти учун малакали мутахассисларни тайёрлаш алоҳида аҳамиятга эга. Меҳмонга ташриф буюриладиган жойнинг тарихи қанчалик тўлиқ ва тушунарли очиб берилиши гиднинг профессионаллигига боғлиқ. Шунинг учун ҳам гид-экскурсоводларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш, уларнинг касбий билим ва кўникмаларини такомиллаштириш ҳамда замонавий хизмат кўрсатиш стандартларини жорий этиш Самарқандда туризм хизматлари сифатини оширишда устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати