Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Июл, 2025   |   10 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:12
Қуёш
04:56
Пешин
12:33
Аср
17:42
Шом
20:03
Хуфтон
21:39
Bismillah
05 Июл, 2025, 10 Муҳаррам, 1447

Бир оят тафсири: ғайб ишлари Аллоҳга хос

12.01.2018   8735   4 min.
Бир оят тафсири: ғайб ишлари Аллоҳга хос

“Ғайб очқичлари Унинг ҳузуридадир. Ундан ўзга уларни билмайди. У қуруқлик ва денгиздаги барча нарсани билади. Бир япроқ (узилиб) тушса ҳам билади. Ер зулматлари (қаъри)даги ҳар бир уруғ, ҳўлу қуруқ очиқ-равшан Китобда (ёзилган)дир” (Анъом, 59).

Ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ғайб илмлари бештадир, уларни Аллоҳ таолодан ўзга билмайди: бачадонлар қачон ташлашини, эртага нима бўлишини, қачон ёмғир ёғишини, ҳар бир тирик жон қаерда ўлишини ва қиёмат қачон қоим бўлишини(Имом Бухорий ривояти).

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо бундай деганлар: “Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эртага нима бўлишини айтадилар, деб ўйласа, Аллоҳ таолога катта бўҳтон қилади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: “Айтинг: “Осмонлар ва ердаги бирорта ғайбни билмайди. Фақат Аллоҳ билади” (Намл, 65, Имом Муслим ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Одамлар ичида яхшиликларга очқич, ёмонликларга ёпқич бўлганлари ва ёмонликларга очқич, яхшиликларга ёпқич бўлганлари бор. Аллоҳ таоло яхшиликка очқич қилган инсонларга саодат бўлсин. Аллоҳ таоло ёмонликка очқич қилган кимсаларга вой бўлсин” (Ибн Можа ривояти).

Ояти каримадаги “мафотиҳ” (очқичлар) калимаси кўчма маънода, ғайбларни билиш маъносидадир.

Ғайбни Аллоҳ таолодан ўзга билмайди. Аллоҳ таоло ғайб илмидан фақат пайғамбарларидан Ўзи истаганини огоҳ этади. (У) ғайбни билувчидир. Ўз ғайбидан бирор кимсани хабардор қилмас. Фақат Ўзи рози бўлган (танлаган) пайғамбарнигина (Ўзининг баъзи ғайбидан огоҳ этар) (Жин, 26-27).

Суддий ва Ҳасан Басрий “мафотиҳ”ни “ризқ хазиналари” деб тафсир қилган. Муқотил ва Заҳҳок эса уни “ерости хазиналари”, дея таъвил қилишган. “Мафотиҳ”ни ажал ва унинг етиши, кишилар умри қандай ниҳояланиши, амаллар хотимаси деб тафсир қилганлар ҳам бор.

Уламолар айтади: “Аллоҳ таоло бир қанча оятларида ғайб илмини фақат Ўзи билиши ва уни танланган пайғамбарларига билдиришини баён этган. Шунинг учун “эртага ёмғир ёғади”, дея қатъий айтмаслик керак. Тажрибадан келиб чиққан ҳолда, булутлар ва шамолнинг ҳаракати ёмғир ёғишидан дарак экани билинса ҳам, “ёмғир ёғиши кутилади”, дейиш тўғри бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло истасагина ўша ёмғир ёғади”.

Имом Муслимнинг “Саҳиҳ”ида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларидан биридан бу ривоят нақл қилинган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар: “Ким аррофнинг олдига бориб, ундан бирор нарса ҳақида савол сўраса, қирқ кун намози қабул бўлмайди”.

Ғайбни ва йўқолган нарса қаердалигини билишини даъво қилган кимсани “арроф” дейишади.

“У қуруқлик ва денгиздаги барча нарсани билади”. Аллоҳ таоло оятда махлуқотлари орасидан қуруқлик ва денгизни зикр қилди. Сабаби у иккиси ҳамиша инсонлар кўз ўнгида энг йирик махлуқотлардандир. Яъни, Аллоҳ таоло у иккисидаги ҳар бир нарсани билади.

Бир япроқ узилиб тушса ҳам уни билади”. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ер юзидаги ҳар бир экинга, дарахтлардаги ҳар бир мевага, ернинг қаъридаги ҳар бир уруғга “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Бу фалончининг ризқидир”, деб ёзиб қўйилган”. Бу “Ер зулматлари (қаъри)даги ҳар бир уруғ, ҳўлу қуруқ, (ҳаммаси) аниқ Китоб (Лавҳул Маҳфуз)да (ёзилган)дир”, мазмунли ояти карима ифодасидир.

Баъзи муфассирлар бу муборак жумлаларнинг маъноси, ҳар дарахтнинг барги ҳавода қанча учиб юради, қаерга тушади; ер қаъридаги уруғ қачон униб чиқади, қанча ҳосил беради, уни ким ейди, буларни ҳаммасини Аллоҳ таоло билади, деб тафсир қилишган.

“...(ҳаммаси) очиқ-равшан Китобда (ёзилган)дир”. Яъни, фаришталар ибрат олишлари учун Лавҳул Маҳфузда ёзиб қўйилган. Аллоҳ таоло унутиш айбидан покдир.

Имом Қуртубий тафсири асосида

Нўъмон АБДУЛМАЖИД

тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

Қуръони карим
Бошқа мақолалар

Бахтли инсоннинг 4 белгиси

02.07.2025   4607   3 min.
Бахтли инсоннинг 4 белгиси

Бир куни Фатҳ ибн Хоқон халифа Мутаваккилнинг ҳузурига кирди. Халифа жим ўтарар ва бир нарса ҳақида чуқур ўйларди. Фатҳ бу жимликни бузиб: “Нималар ҳақида ўйлаяпсиз, эй мўминлар амири?” – дея сўради. Халифа: “Мен ер юзида турмуши энг фаровон киши ким экан?” деб ўйлаётган эдим”, деди. Фатҳ бўлса: “Дунёда энг фаравон ҳаёт кечираётган киши сиз-да! Аллоҳга қасамки, у – сизсиз!” – деди. Халифа: “Йўқ! Мен эмас. Кенг ҳовлиси, солиҳа аёли, қобил фарзандлари ва етарли ризқи бўлган киши – ҳаёти энг фаравон одамдир”, деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам: “Тўрт нарса бахтнинг белгисидир: солиҳа аёл, кенг турар-жой, солиҳ қўшни, яхши улов. Тўрт нарса эса бадбахтлик белгисидир – ёмон хотин, ёмон қўшни, чатоқ улов, тор хонадон”, деганлар.

Баъзилар бахтни машҳурликда, молу давлатга эга бўлишда деб биладилар. Бу дунёда Аллоҳнинг мухлис бандаларигина ҳис қиладиган саодат таъмини тотиш бахтига мушарраф бўлмаган ҳолда яшаб ўтадилар.

Орифлардан бири: “Подшоҳлар бизда қандайин бахт борлигини билганларида эди, унга етишиш учун бизга қарши қилич кўтариб жанг қилишарди”, дейди.

Ғалаба билан саодат орасида катта фарқ бор. Ғалаба бу – ўзингиз истаб турганнинг устидан зафар қозониш бўлса, ненинг устидан ғолиб бўлсангиз, у сизнинг хоҳишингизга мансуб бўлмоғи чин саодатдир.

Оскар Уайльд[1]нинг шундай гапи бор: “Бахт фақатгина унга бир нечта кишилар билан бирга етишсанг ҳақиқий бўлади. Оғриқ, азоб ҳам фақатгина бир ўзингнинг бошинг­га тушса аламли бўлади. Саодат – бошқа кишиларни бахтли қилишдир”. 

 Олмон физиги Макс Планк: “Саодатни муҳофаза қилиш учун уни бошқалар билан бўлишишинг керак”, деган.

 Ғарб мутафаккирларидан яна бири: “Тажрибамдан ўтган нарса шуки, энг буюк бахт – яхшиликни яширинча қилганимдан кейин кутилмаганда бу яхшилигим одамлар қулоғига етиб боришини кўришим”, деган эди.

 Инглиз ёзувчиси Уильям Сомерсет Моэм[2]: “Биз улға­йиб борарканмиз саодат – олишда деб ўйлардик, кейинчалик билдикки, бахт – беришда экан”, дейди.

 Бахт – бошқаларга тортиқ қилиш ва яхши ишларни амалга оширишда мужассам. Бахт бировдан нарса олиш ва ўзганинг қўлига қарашда эмас.


Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Тўлиқ исми: Оскар Фингал О’Флаэрти Уиллс Уайльд. 1854 йилда Дублин шаҳрида туғилган. Шоир, драматург, сценарист. 1900 йил 30 ноябрда 46 ёшида  Парижда вафот этган.
[2]  1874 йил 25 январда Францияда туғилган. 1965 йил16 декабрда  Ницца шаҳрида вафот этган. 1897 йилда чоп этилган  “Ламбетлик  Лиза” романи билан машҳур бўлган.