“Ғайб очқичлари Унинг ҳузуридадир. Ундан ўзга уларни билмайди. У қуруқлик ва денгиздаги барча нарсани билади. Бир япроқ (узилиб) тушса ҳам билади. Ер зулматлари (қаъри)даги ҳар бир уруғ, ҳўлу қуруқ очиқ-равшан Китобда (ёзилган)дир” (Анъом, 59).
Ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ғайб илмлари бештадир, уларни Аллоҳ таолодан ўзга билмайди: бачадонлар қачон ташлашини, эртага нима бўлишини, қачон ёмғир ёғишини, ҳар бир тирик жон қаерда ўлишини ва қиёмат қачон қоим бўлишини” (Имом Бухорий ривояти).
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо бундай деганлар: “Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эртага нима бўлишини айтадилар, деб ўйласа, Аллоҳ таолога катта бўҳтон қилади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: “Айтинг: “Осмонлар ва ердаги бирорта ғайбни билмайди. Фақат Аллоҳ билади” (Намл, 65, Имом Муслим ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Одамлар ичида яхшиликларга очқич, ёмонликларга ёпқич бўлганлари ва ёмонликларга очқич, яхшиликларга ёпқич бўлганлари бор. Аллоҳ таоло яхшиликка очқич қилган инсонларга саодат бўлсин. Аллоҳ таоло ёмонликка очқич қилган кимсаларга вой бўлсин” (Ибн Можа ривояти).
Ояти каримадаги “мафотиҳ” (очқичлар) калимаси кўчма маънода, ғайбларни билиш маъносидадир.
Ғайбни Аллоҳ таолодан ўзга билмайди. Аллоҳ таоло ғайб илмидан фақат пайғамбарларидан Ўзи истаганини огоҳ этади. “(У) ғайбни билувчидир. Ўз ғайбидан бирор кимсани хабардор қилмас. Фақат Ўзи рози бўлган (танлаган) пайғамбарнигина (Ўзининг баъзи ғайбидан огоҳ этар)” (Жин, 26-27).
Суддий ва Ҳасан Басрий “мафотиҳ”ни “ризқ хазиналари” деб тафсир қилган. Муқотил ва Заҳҳок эса уни “ерости хазиналари”, дея таъвил қилишган. “Мафотиҳ”ни ажал ва унинг етиши, кишилар умри қандай ниҳояланиши, амаллар хотимаси деб тафсир қилганлар ҳам бор.
Уламолар айтади: “Аллоҳ таоло бир қанча оятларида ғайб илмини фақат Ўзи билиши ва уни танланган пайғамбарларига билдиришини баён этган. Шунинг учун “эртага ёмғир ёғади”, дея қатъий айтмаслик керак. Тажрибадан келиб чиққан ҳолда, булутлар ва шамолнинг ҳаракати ёмғир ёғишидан дарак экани билинса ҳам, “ёмғир ёғиши кутилади”, дейиш тўғри бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло истасагина ўша ёмғир ёғади”.
Имом Муслимнинг “Саҳиҳ”ида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларидан биридан бу ривоят нақл қилинган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар: “Ким аррофнинг олдига бориб, ундан бирор нарса ҳақида савол сўраса, қирқ кун намози қабул бўлмайди”.
Ғайбни ва йўқолган нарса қаердалигини билишини даъво қилган кимсани “арроф” дейишади.
“У қуруқлик ва денгиздаги барча нарсани билади”. Аллоҳ таоло оятда махлуқотлари орасидан қуруқлик ва денгизни зикр қилди. Сабаби у иккиси ҳамиша инсонлар кўз ўнгида энг йирик махлуқотлардандир. Яъни, Аллоҳ таоло у иккисидаги ҳар бир нарсани билади.
“Бир япроқ узилиб тушса ҳам уни билади”. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ер юзидаги ҳар бир экинга, дарахтлардаги ҳар бир мевага, ернинг қаъридаги ҳар бир уруғга “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Бу фалончининг ризқидир”, деб ёзиб қўйилган”. Бу “Ер зулматлари (қаъри)даги ҳар бир уруғ, ҳўлу қуруқ, (ҳаммаси) аниқ Китоб (Лавҳул Маҳфуз)да (ёзилган)дир”, мазмунли ояти карима ифодасидир.
Баъзи муфассирлар бу муборак жумлаларнинг маъноси, ҳар дарахтнинг барги ҳавода қанча учиб юради, қаерга тушади; ер қаъридаги уруғ қачон униб чиқади, қанча ҳосил беради, уни ким ейди, буларни ҳаммасини Аллоҳ таоло билади, деб тафсир қилишган.
“...(ҳаммаси) очиқ-равшан Китобда (ёзилган)дир”. Яъни, фаришталар ибрат олишлари учун Лавҳул Маҳфузда ёзиб қўйилган. Аллоҳ таоло унутиш айбидан покдир.
Имом Қуртубий тафсири асосида
Нўъмон АБДУЛМАЖИД
тайёрлади
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ибн Муборак айтади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдларига келди ва: «Эй Расулуллоҳ, қиёмат кунида Аллоҳ таоло билан ҳамсуҳбат бўлувчилар ҳақида хабар беринг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Улар Аллоҳдан қўрқувчилар, Аллоҳга бўйсунувчилар, ўзларини камтар олувчилар, Аллоҳ таолони кўп зикр қилувчилар», дедилар. У киши: «Эй Расулуллоҳ, жаннатга биринчи кирувчилар ҳам ўшаларми?» деб сўради. У зот: «Йўқ», дедилар. У кейин: «Унда, жаннатга биринчи кирадиганлар кимлар?» дея сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Фақирлар жаннатга киришда бошқалардан ўзиб кетади. Шунда уларнинг олдидан фаришталар чиқиб: «Ҳисоб-китобга қайтинглар!» дейди. Фақирлар: «Нимамизга ҳисоб-китоб қилинамиз? Аллоҳга қасамки, бизларда мол-давлат бўлмаган бўлса, уни баъзилардан қизғаниб, баъзиларга исрофларча сарф қилмаган бўлсак. Шунингдек, бизлар амир ҳам эмасдик, баъзиларга адолат қилиб, баъзиларга зулм этган бўлсак. Бироқ бизларга Аллоҳнинг амри келди, биз Унга ибодат қилдик ва то ҳузурига келгунимизга қадар Унга тоатда бўлдик», дейди. Шунда уларга: «Жаннатга киринглар, амал қилувчиларнинг ажр-мукофоти нақадар яхши!» дейилади».
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Фақирлар ҳақида Аллоҳ таолодан қўрқинглар! Чунки Аллоҳ таоло қиёмат кунида: «Бандаларим ичидан танлаганларим қани?» дейди. Фаришталар: «Эй Парвардигор, улар кимлар?» деб сўрайди. Шунда Аллоҳ таоло айтади: «Улар қадаримга рози бўлган, сабр қилган фақирлардир, уларни жаннатга киргизинглар!» Бас, улар жаннатга киритилади. Фақирлар еб-ичиб турганида, бойлар ҳали ҳисоб қилинаётган бўлади».
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Мусулмонларнинг фақирлари жаннатга бойларидан ярим кун олдин киради», деганларини эшитдим. Шунда: «Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ярим кун қанча?» деб сўрашди. У зот: «Беш юз йил», дедилар. «Бир йили неча ой?» дейишди. «Беш юз ой», дедилар: «Бир ой неча кун?» дейишди сўнг: «Беш юз кун», дедилар. «Бир куни қанча?» деб сўрашган эди, «Сизлар санайдиган кундан беш юзтаси», дедилар Расулуллоҳ».
Абу Али Даққоқдан: «Қайси сифат афзал: бой-беҳожатликми ёки фақирлик?» деб сўрашди. У киши: «Бой-беҳожатлик, чунки у Аллоҳнинг сифати, фақирлик эса, банданинг. Аллоҳнинг сифати банданинг сифатидан афзал, Аллоҳ таоло: «Эй инсонлар, сизлар Аллоҳга муҳтождирсизлар. Аллоҳнинг Ўзи (барча оламлардан) беҳожат ва (барча) мақтовга лойиқ зотдир» (Фотир, 15), деган», деди.
Банданинг шарафи Аллоҳга муҳтожлиги, Уни улуғлаши, Унга бўйсуниши биландир. Агар бўйин Аллоҳга тавозеъ билан эгилса, шу эгилиш унинг азизлигидир.
Бойлик ҳам, фақирлик ҳам мол-давлатнинг кўп ёки камлигида эмас. Бу ерда энг олий учинчи даража ҳам бор. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўраган «каффоф», яъни, инсонларга муҳтож бўлмайдиган даражадаги ўртача ризкдир. У зот: «Эй Аллоҳим, Муҳаммад оиласининг ризқини етарли қил», деб сўраганлар. Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамиша ҳолатларнинг афзалини, даража ва амалларнинг олийини сўраганлар.
Шунингдек, ҳамма олимлар ўта фақирлик ҳам, туғёнга олиб борувчи бойликнинг ҳам ёмонлигига иттифоқ қилишган.
Етарли ризқ эса, ночорлик билан беҳожатликнинг ўртасидир.
Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ишларнинг яхшиси ўртачасидир», деганлар. Чунки ўртаҳоллик туғёнга олиб борувчи бойлик офатидан ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам паноҳ сўраган ўта ночорликдан ҳам саломат бўлишдир.
Соҳиби каффоф – ўртаҳол одам дунё неъматлари-ю шодликларида дабдаба қилмайди. Унинг ҳолати фақирникига яқин. Унга ҳам сабри учун фақирга бериладиган савоб берилади. Шунга кўра ўрта ҳол кишилар ҳам, иншааллоҳ, жаннатга фақирлар қаторида бойлардан беш юз йил олдин киради. Чунки улар ўртача ҳаёт кечирадилар, бой эмаслар. Ўртачалик эса, айни адолатдир. Аллоҳ таоло:
«Шунингдек, сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир миллат қилдик» (Бақара, 143), деган.
Имом Қуртубийнинг «Тазкира»сидан