Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Август, 2026   |   11 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:16
Қуёш
05:41
Пешин
12:25
Аср
17:11
Шом
19:13
Хуфтон
20:34
Bismillah
24 Август, 2026, 11 Рабиъул аввал, 1448

Саҳобалар ҳаёти рукнидан: Муаллима онамиз

12.01.2018   16501   5 min.
Саҳобалар ҳаёти рукнидан: Муаллима  онамиз

Улуғ саҳобалар қаторида, шубҳасиз, Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг номи ҳурмат ила тилга олинади. Муаллима онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суюкли рафиқаси эдилар. У киши ҳақида ояти карималар тушган. Оиша розияллоҳу анҳо Абу Ҳурайра, Абдуллоҳ ибн Умар, Анас ибн Молик ва Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумдан кейин энг кўп ҳадис ривоят қилган. Онамиз ҳадисларни Расулуллоҳ алайҳиссаломдан бевосита эшитиб, ривоят этганлар. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Эй Оиша, Жаброил сенга салом келтирди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Отаси Абу Бакр Сиддиқ, онаси Умму Руммон бўлиб, ҳар иккаласи ҳам мусулмон бўлган вақтда Оиша розияллоҳу анҳо дунёга келди. У зот ёшлигидан ўта зийрак, фаҳми тез, зеҳни ўткир қиз эди. Оиша розияллоҳу анҳо мусулмон оилада имон-ихлосли, тақволи бўлиб улғайди.

Қурайшнинг фозила аёлларидан бири Ҳавла бинти Ҳакам Пайғамбаримиз алайҳиссаломга Оиша бинти Абу Бакр ёки Савда бинти Замъага уйланишларини таклиф қилди. Чунки у зот Хадича онамиз вафотидан сўнг ёлғизланиб қолган эдилар. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Уч кеча сени тушимда кўрдим. Фаришта сени яшил ҳарир матога ўраб олиб келар ва: “Мана шу сенинг аёлинг”, дер эди. Юзингни очсам, сен бўлар эдинг. Ўзимча, агар бу Аллоҳдан бўлса, тушимни ўнгидан келтирар, дер эдим», дедилар(Имом Бухорий ривояти).

Шу тариқа Оиша розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга унаштирилди. Оиша онамиз тўй зиёфатини бундай эслайди: “Аллоҳга қасам, тўйим куни бирор жонлиқ сўйилмади. Саъд ибн Убода Расулуллоҳ алайҳиссаломга ҳадя қилган бир товоқ бўлиб, хотинлар ундан галма-гал фойдаланишар эди. Набий алайҳиссалом меҳмонларга шу товоқда овқат ва сут келтирдилар”. Асмо бинти Язид розияллоҳу анҳо ҳикоя қилади: «Тўй куни Оишани ясантирдик. Набий алайҳиссалом бизга сут тортиқ қилдилар. Биз: “Ичгимиз келмаяпти”, дедик. Набий алайҳиссалом: “Очлик ва ёлғонни бирлаштирманглар”, дедилар». Оишага беш юз дирҳам маҳр берилди.

Муборак хонадонда Оиша розияллоҳу анҳонинг ақли, илми ва фикри зиёда бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир сўзларини ёдлаб, амалларини ўрганиш ҳаракатида бўлдилар.

Имом Заҳабий “Сияр аълом ан-Нубало” асарида бундай ёзади: «Бир куни Абу Бакр розияллоҳу анҳу Оиша онамизнинг Пайғамбаримиз алайҳиссаломга бир оз қўрслик қилаётганини кўриб, ғазабланди ва: “Сен Расулулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга овозингни баланд қиляпсанми?” деди. Пайғамбаримиз шунда ота ва қизини муросага чақирдилар ва онамизнинг кўнглига ёқадиган гаплар айтдилар. Бошқа пайтлари Абу Бакр розияллоҳу анҳу куёви билан қизининг кулишиб туришганини кўрса: “Айтишиб қолганларингдаги каби қувончли пайтларда ҳам мени шерик қилинглар, дер эди» (Нўъмон ибн Башир ривояти).

Оиша розияллоҳу анҳо қўли очиқ, сахий  аёл эдилар. Ҳадя моллари қанча бўлишидан қатъи назар, ушлаб турмай, барини муҳтожларга, ҳақдорларга берардилар.

Оиша онамиз Расули акромдан: “Мени қанчалик яхши кўрасиз?” деб сўрар, у зот: “Арқон тугунидек” деганида, “Сиз айтган тугун қанақа бўлади?” деб яна савол берарди. “Тугундек тугун-да”, дердилар Пайғамбар алайҳиссалом табассум билан.

Оиша розияллоҳу анҳо илк марта болалик чоғларида Қуръони каримни оталаридан эшитди. Кейинчалик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бевосита эшитиб, ёд олдилар. Кўп ҳолда оятлар тушишига ҳам гувоҳ эдилар. Саодатли дамларини эслаб: “Ўз уйимдан нубувват хонадонига кўчганимдан кейин Бақара ва Нисо суралари нозил бўлди. Шу туфайли ҳужрам “ваҳий тушган жой” номини олди. Мен ваҳий пайти ҳам у зотнинг ҳузурларида эдим. Салқин ҳавода ҳам пешоналари терлаб кетарди”, дейди. Одатда ваҳий келган пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳллари бир оз четланиб турган. Аммо Оиша розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ёнларида турганида ҳам у зотга ваҳий тушган.

Оиша онамиз қисқа муддат бўлса-да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бахтли, осуда ҳаёт кечирди. Набий алайҳиссалом Оиша онамиз билан масжидга ёнма-ён қурилган хонада яшадилар.

Ҳижратнинг олтинчи йилидаги “Ифк (бўҳтон, туҳмат) воқеаси”дан кўп ўтмай, Аллоҳ таоло Оиша онамизнинг поклиги ҳақида оятларни нозил қилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин ҳам Оиша онамиз илмлари ва ахлоқий фазилатлари билан бошқаларга ўрнак, уламоларнинг муаллимаси ва мураббияси бўлдилар. Катта-катта тобеин олимларга устозлик қилдилар. Қийин масалаларда саҳобалар ҳар доим Оиша онамиз розияллоҳу анҳога мурожаат қилар ва ундан аниқ ечимини эшитарди. Онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг ҳам юксак ҳурмат кўрдилар.

Оиша розияллоҳу анҳо ҳижрий 58 йили 66 ёшида рамазон ойининг ўн еттинчи куни вафот этди. Мадинадаги Бақий қабристонига дафн этилди.

 

Замира ҚОСИМОВА

тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

ЮНЕСКО билан Ўзбекистон маҳалла тизими тажрибасини халқаро даражада тарғиб қилиш масаласи муҳокама қилинди

14.08.2026   54979   1 min.
ЮНЕСКО билан Ўзбекистон маҳалла тизими тажрибасини халқаро даражада тарғиб қилиш масаласи муҳокама қилинди

Ўзбекистон ва ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияси котибияти вакиллари ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Мамлакатимизнинг ЮНЕСКО ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси кўмагида ташкил этилган мулоқотда маҳалла билан боғлиқ маданий анъана ва урф-одатлар, уларни халқаро даражада тарғиб қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.

ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияси котиби Фумико Охината ва Осиё-Тинч океани минтақаси учун масъул дастур мутахассиси Николас Тан мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди.

Ўзбекистон томонидан Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда ЮНЕСКО ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси вакиллари маҳалланинг кўп асрлик тарихи, унинг жамият ҳаётидаги алоҳида ўрни ва миллий анъаналарни сақлашдаги аҳамияти ҳақида сўз юритди.

Учрашувда маҳалла Ўзбекистон халқи турмуш тарзининг ажралмас қисми экани таъкидланди. У инсонларни яхши қўшничилик, ўзаро ёрдам, ҳамжиҳатлик ва катта авлод вакилларига ҳурмат тамойиллари асосида бирлаштиради.

ЮНЕСКО Котибияти вакиллари тақдим этилган материалларга катта қизиқиш билдирди. Улар Ўзбекистонда маҳалла билан боғлиқ шаклланган жамоат ҳаёти тартибининг ўзига хос хусусиятларини эътироф этди.

Суҳбат давомида Ўзбекистоннинг номоддий маданий меросни тарғиб қилишдаги роли алоҳида қайд этилди. Шу нуқтаи назардан, ўзбек маҳалла тизими тажрибаси ЮНЕСКО Котибияти мутахассисларида катта қизиқиш уйғотди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари