Муҳаммад исми Австрия пойтахти Венада янги туғилган чақалоқларга энг кўп қўйилаётган исмлар ичида 3-рақамлиси бўлди. Бу ҳақда Kronen Zeitung нашрига таяниб kun.uz ёзмоқда.
“Бу расман тасдиқланган: 2017 йилда ўғил болаларга энг кўп қўйилган исмлар – Александр ва Максимилиан бўлди, мусулмонча Муҳаммад исми эса 3-ўринни эгаллади”, дейилган газетадаги хабарда.
Таъкидланишича, бунда Муҳаммад исмининг Муҳамад, Муҳаммет, Моҳамад, Муҳаммад ва Муҳаммед каби турлича ёзилишлари ҳисобга олинган.
Wiener Zeitung нашри чақалоқларга қўйилган исмлар бўйича аниқ маълумотларни келтириб ўтди. 2017 йилда Венада 175 нафар Александр, 161 нафар Максимилиан ва 159 нафар Муҳаммад исмли болалар дунёга келган. Шунингдек, ўғил болаларга энг кўп қўйилган исмлар бешталигидан Давид (151) ва Филип (137) исмлари ҳам ўрин олган.
Қиз чақалоқларга берилган исмлар орасида София (183 чақалоқ), Сара (173) ва Анна (142) исмлари етакчилик қилмоқда.
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Шайх имом Абулқосим Қушайрий раҳимаҳуллоҳдан нақл қилинади. У зотнинг фарзанди қаттиқ касал бўлгани ҳақида шундай ҳикоя қилади: “Ҳатто умидсизланиб қолдим, бу иш (ўғлимга етган хасталик) менга жуда азоб берди. Шунда тушимда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. У зотга ўғлимнинг хасталигидан шикоят қилдим. Шунда у зот: “Қуръонда шифо оятлари бор-ку, эътибор қилмадингми?” дедилар. Уйғониб кетдим, улар ҳақида тафаккур қилдим. Ушбу мазмундаги оятлар Аллоҳнинг Китобида олтита ўринда келар экан:
1. "(Аллоҳ) мўминлар жамоасининг кўнгилларига шифо (ҳузур-ҳаловат) бергай" (Тавба сураси, 14-оят).
2. "Эй инсонлар! Роббингиздан сизларга бир насиҳат, диллардаги нарсаларга (ёмон туйғулар, шаҳват, ботил ақийда, дард ва қийноқларга) шифо ҳамда мўминларга (тўғри йўлни кўрсатувчи) ҳидоят ва раҳмат (бўлган Қуръон) келди" (Юнус сураси, 57-оят).
3. "Уларнинг (асалариларнинг) қоринларидан ранго-ранг бир ичимлик (асал шарбати) чиқадики, у инсонлар учун шифо (манбайи)дир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавм учун ибрат (ва Аллоҳнинг қудратига ишора) бордир" (Наҳл сураси, 69-оят).
4. "Биз Қуръондан мўминлар учун (руҳий ва баданий касалликларига) шифо ва раҳмат бўладиган нарсаларни нозил қилурмиз" (Исро сураси, 82-оят).
5. “Бемор бўлган вақтимда менга шифо бергувчи У (Аллоҳ)дир” (Шуъаро сураси, 80-оят).
6. "У иймон келтирганлар учун ҳидоят ва шифодир" (Фуссилат сураси, 44-оят).
У киши сўзларида давом этиб айтадилар: “Оятларни бир қоғозга ёзиб чиқдим ва уни сувда эритиб, аралаштирдим. Сўнгра уни ўғлимга ичирдим. Шундан сўнг у боғичи ечилгандек бўлиб, фаол ва соғлом бўлиб кетди”.
Шайх Набиҳаний раҳимаҳуллоҳнинг
“Саъадату дарайн” китобидан.