بسم الله الرحمن الرحيم
МАЪНАВИЙ ЖИНОЯТЛАРНИНГ ХАТАРИ
Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло биз инсонларга бошқа махлуқотларда бўлмаган тил орқали сўзлаш, фикримизни баён эта олиш имкониятини ато этди. Бу энг улуғ неъматлардан саналади. Динимизда тилни фақат яхшилик йўлида ишлатишимиз, ёмон гапларни сўзлашдан сақланишимиз таълим берилади. Мусулмон киши тилига жуда эҳтиёт бўлиши, оғзидан чиқаётган ҳар бир сўзи ё унинг фойдасига ёки зарарига ҳужжат бўлиб қолиши мумкин эканлигини асло унутмаслиги лозим. Аллоҳ таоло бу ҳақда биз бандаларини огоҳлантирган.
مَا يَلْفِظُ مِنْ قَوْلٍ إِلاَّ لَدَيْهِ رَقِيبٌ عَتِيدٌ
(سورة ق/18).
яъни: Аллоҳ таоло айтади: “У бирор сўзни талаффуз қилса, албатта, унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (сўзни ёзиб олувчи фаришта) бордир” (Қоф сураси, 18-оят). Шунинг учун, Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қилдилар:
عن أَبي هريرة رضي الله عنه عن النَّبيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: "مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَاليَوْمِ الآخِرِ فَلْيَقُلْ خَيْراً أَوْ لِيَصْمُتْ"
(متفق عَلَيْهِ).
яъни: Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади, Пайғамбар (с.а.в.) дедилар: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса яхши гап гапирсин ёки жим турсин” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Ислом динимиз биз мўмин-мусулмонларни бир қанча гуноҳ саналган ишлардан қайтарганки, улар асосан тил орқали содир этилади ва уларни бир сўз билан маънавий жиноятлар деб атаймиз. Ана шундай маънавий жиноятлардан ғийбат, туҳмат, бўҳтон кабиларни санаб ўтишимиз мумкин. Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳадисларида ушбу гуноҳлардан қатъий қайтарилган.
...وَ لاَ يَغْتَبْ بَعضُكُمْ بَعْضاً أَيُحِبُّ أَحَدُكُمْ أنْ يَأْكُلَ لَحْمَ أَخِيهِ مَيْتاً فَكَرِهْتُمُوهُ وَاتَّقُوا اللهَ
إنَّ اللهَ تَوَّابٌ رَحِيمٌ
(سورة الحجرات/12).
яъни: Аллоҳ таоло айтади: “... ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли зотдир” (Ҳужурот сураси, 12-оят).
Ғийбат нима эканлиги ҳақида Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан қуйидаги ҳадис ривоят қилинган:
عن أَبي هريرة رضي الله عنه أنَّ رسُولَ الله صلى الله عليه وسلم قَالَ: "أَتَدْرُونَ مَا الْغِيبَةُ ؟" قالوا: "اللهُ وَرَسُولُهُ أعْلَمُ" قَالَ: "ذِكْرُكَ أخَاكَ بِما يَكْرَهُ" قِيلَ: "أفَرَأيْتَ إنْ كَانَ في أخِي مَا أقُولُ؟" قَالَ: "إنْ كَانَ فِيهِ مَا تَقُولُ فقد اغْتَبْتَهُ وإنْ لَمْ يَكُنْ فِيهِ مَا تَقُولُ فَقَدْ بَهَتَّهُ"
(رواه الإمام مسلم).
яъни: Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ғийбат нима эканлигини биласизларми?” – деб сўрадилар. Саҳобалар: Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчироқдир, дейишди. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Биродарингизни унга ёқмайдиган сифати билан эслашингиз”, дедилар. Улар: Агар биродаримизда биз айтган сифат бўлсачи? – деб сўрадилар. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Агар унда сиз айтган сифат бўлса, ғийбат қилган бўласиз. Агар сиз айтган сифат унда бўлмаса, у ҳолда бўҳтон қилган бўласиз”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Муҳтарам азизлар! Жамиятда ғийбат, бўҳтон, ёлғончилик каби маънавий жиноятларнинг авж олиши ва турли миш-мишларнинг тарқалиши охир оқибат шу жамиятдаги кишилар ўртасида бир-бирларига нисбатан ўзаро ишончсизлик, ҳатто адоват ва нафратни юзага келтиради.
Пайғамбар (с.а.в.) катта-ю кичик жиноятларнинг олдини олиш мақсадида шундай марҳамат қилганлар:
عن أَبي بَكْرة رضي الله عنه أنَّ رَسُولَ الله صلى الله عليه وسلم قَالَ في خُطْبَتِهِ يَوْمَ النَّحْرِ بِمِنَى في حَجَّةِ الوَدَاعِ: "إنَّ دِماءكُمْ وَأمْوَالَكُمْ وأعْرَاضَكُمْ حَرَامٌ عَلَيْكُمْ كَحُرْمَةِ يَوْمِكُمْ هَذَا في شَهْرِكُمْ هَذَا في بَلَدِكُمْ هَذَا ألا هَلْ بَلَّغْتُ"
(متفق عَلَيْهِ).
яъни: Абу Бакра (р.а.)дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (с.а.в.) Ҳажжатул вадоъда Ҳайит куни Минода туриб айтган хутбаларида жумладан шундай дедилар: “Албатта, қонларингиз, молларингиз ва обрўларингизни тўкиш бир-бирингизга ҳаромдир, ҳудди шу кунингиз, шу ойингиз ва шу ерингизнинг ҳурмати каби. Сизларга етказдимми?!” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Бошқа бир ҳадисда шундай дейилган:
عن أَبي موسى رضي الله عنه قَالَ، قُلْتُ: "يَا رسولَ اللهِ أَيُّ المُسْلمِينَ أفْضَلُ؟" قَالَ: "مَنْ سَلِمَ المُسْلِمُونَ مِنْ لِسَانِهِ وَيَدِهِ"
(متفق عَلَيْهِ).
яъни: Абу Мусо (р.а.) ривоят қилиб айтадилар: Ё Расулуллоҳ, мусулмонларнинг қайси бири афзал? Расулуллоҳ (с.а.в.) жавоб бердилар: “Мусулмонлар унинг тилидан ҳам, қўлидан ҳам саломат бўлгани” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Демак, ўзгаларга тили билан озор беришлик мусулмончиликдан эмас экан. Чунки, мусулмон сўзининг ўзи барчага тинчлик, яхшилик тиловчи деган маънони англатади. Бир инсонга салом бериб туриб, ортидан ғийбат ёки бўҳтон қилса, у ҳақида туҳмат гапларни тарқатса албатта, бу иши мусулмончиликка зид, балки мунофиқлик саналади.
Ўз навбатида бундай оғир гуноҳнинг жазоси ҳам ўзига муносиб бўлади. Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан шундай ҳадис ворид бўлган:
عن أنسٍ رضي الله عنه قَالَ، قَالَ رسول الله صلى الله عليه وسلم: "لَمَّا عُرِجَ بي مَرَرْتُ بِقَومٍ لَهُمْ أظْفَارٌ مِنْ نُحَاسٍ يَخْمِشُونَ وُجُوهَهُمْ وَصُدُورَهُمْ فَقُلْتُ: مَنْ هؤُلاءِ يَا جِبرِيلُ؟ قَالَ: "هؤُلاءِ الَّذِينَ يَأكُلُونَ لُحُومَ النَّاسِ وَيَقَعُونَ في أعْرَاضِهِمْ"
(رواه الإمام أَبُو داود) .
яъни: Анас (р.а.)дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: “Меърож кечаси мен бир қавмнинг ёнидан ўтдим. Уларнинг мисдан тирноқлари бўлиб, ўзларининг юзлари ва кўкракларини тирнар эдилар. Мен: Ё Жаброил, булар кимлар? – деб сўрадим. У: Булар одамларнинг гўштини еган (яъни ғийбат қилган), обрўларини тўккан кишилар, деб жавоб берди” (Имом Абу Довуд ривояти).
Шундай экан, дунё ва охиратда хасрату надомат келтирадиган бу каби гуноҳлардан сақланайлик. Аллоҳ таоло барчаларимизни тинчлик ва омонликда, ўзаро ҳурмат ва иззатда умргузаронлик қилмоғимизни насибу рўзи айласин! Омин!
ТЕЗИСГА ИЛОВА
Жиноятчиликка қарши курашда ҳеч ким лоқайд бўлиши мумкин эмас
Муҳтарам азизлар! Инсон учун ҳур ва озодликдан улуғроқ неъмат йўқ. Аллоҳ таоло инсонни азалда озод қилиб яратиб, унга бу ҳаётда берилган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда ўзи яшаб турган заминни обод этиш масъулиятини юклаган. Афсуски, баъзи инсонлар ўзига юклатилган бундай шарафли масъулиятни унутиб, ҳаёт неъматининг қадрига етмай, билиб-билмай турли хилдаги жиноятларга қўл уриб қўяди. Жиноятга эса, жазо муқаррарлиги сабабли озодлик деган азиз неъматдан маҳрум этилади. Сўнгги пушаймоннинг бефойдалиги эса, мусибат устига мусибат саналади.
Барчамизга маълумки, муҳтарам Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан афв этиш тўғрисида”ги Фармонига биноан 2700 нафар шахс маҳкумликдан озод этилди. Ҳозирги кунда улар ўз оилаларига қайтдилар. Дарҳақиқат, жазо беришга қодир бўла туриб афв этиб юбориш нақадар савобли иш. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
فَاعْفُ عَنْهُمْ وَاصْفَحْ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ
(سورة المائدة/13).
яъни: “Уларни афв этинг ва кечиринг! Албатта, Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севади” (Моида сураси, 13-оят).
Шундай экан, ўз навбатида афв этилиб озодликка чиқарилган шахсалар ҳам бунга жавобан ўтмишда қилган хатоларини такрорламасликка азму қарор қилиб, қолган ҳаётларини оиласига, маҳалла-кўй ва жамиятига манфаатли тарзда ўтказмоқлари лозим бўлади. Зеро, яхшиликка яхшилик билан жавоб бериш ҳам қарз, ҳам фарз. Қуръони каримда ҳам айтилган:
هَلْ جَزَاءُ الْإِحْسَانِ إِلَّا الْإِحْسَانُ
(سورة الرحمان/60).
яъни: “Эҳсон (эзгулик)нинг мукофоти фақат эҳсон (эзгулик)дир” (Ар-Раҳмон сураси, 60-оят).
Президентимиз ҳар бир маърузаларида инсон тақдирини, унинг манфаатини юқори қўйиб гапирмоқдалар. Ҳар бир қилаётган ишимиз, бугунги кескин ўзгаришларимиз фуқароларнинг тинчлиги, фаровонлиги учун эканлигини қайта-қайта таъкидламоқдалар.
Айтайлик, бир қушни қанотларини боғлаб уч-тўрт кун хонага қамаб қўйдингиз. Сўнг раҳмингиз келиб қўйиб юбордингиз. Эътибор берган бўлсангиз, у қуш бирданига кўкка парвоз қила олмайди. Уни авайлаб кафтингизда тутиб бир оздан сўнг салгина имо қилсангиз, у ҳавога қийналмай парвоз қилади. Айтмоқчимизки, маҳкумликдан озод қилинган шахс ҳам шу тутқинликдан чиқарилган қушга ўхшайди. Дарров ҳаётда ўз йўлини топа олмайди. Оиласига, маҳалласига мослашишга, ишга киришга қийналади.
Шундай вақтда қўни-қўшнилар, маҳалла фаоллари уларнинг ёнига кириб, маҳаллага сингиб кетишига, тўю тадбирларга тортинмай қатнашишига, энг зарури иш билан таъминланишига яқиндан кўмак беришлари жуда муҳимдир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам кўплаб ҳадисларида мўмин-мусулмонларни бир-бирига биродар эканлигини таъкидлаб ўтганлар. Жумладан:
عن النعمان بن بشير رضي الله عنهما قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: "مَثَلُ المُؤمِنِينَ فيِ تَوَادِّهِم وَ تَرَاحُمِهِم وَ تَعَاطُفِهِم مَثَلُ الجَسَدِ إِذَا اِشتَكَى مِنهُ عُضْوٌ تَدَاعَى لَهُ سَائِرُ الجَسَدِ باِلسَهَرِ وَ الحُمَّى"
(رواه الامام البخاري و الامام مسلم).
яъни: Нуъмон ибн Башир (р.а.)дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: “Мўминларнинг ўзаро бир-бирларига нисбатан меҳру муҳаббат ва ҳамжиҳатликларининг мисоли бир танага ўхшайдики, ундаги бир аъзо оғриса тананинг бошқа аъзолари бедорлик ва иситма билан унга ҳамдард бўладилар” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Бизлар юртимизда амалга оширилаётган бу каби хайрли ишларга ривож тилаб, Юртбошимизни дуо қилишимиз, қолаверса амалий ҳаракатларимиз билан юртимиз равнақи, халқимизнинг имонли, эътиқодли бўлишига муносиб ҳисса қўшишимиз лозим бўлади.
#Мустақилликнинг 35 йиллиги
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик тўйи яқинлашиб, жойларда байрам шукуҳи кеза бошлади. Бундан дилда шукроналик ҳисси ортмоқда.
Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб, бундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайди. Улар хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таъолонинг беҳисоб бўлган буюк илоҳий неъматларидан. Шундай экан, тинчликнинг қадрига етиб, унинг шукрини адо этиш инсоннинг бурчларидандир. Зеро, ҳаётнинг бир маромда давом этиши, Ҳақ таоло буюрган ишлар хотиржам адо этилиши учун ҳам осойишталик лозим бўлади. Аллоҳ таоло ҳам: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!” дея буюради (Бақара сураси, 208-оят). Тинчлик, салимлик мавзуси ўта муҳим бўлгани боис Қуръони карим оятларидан ўрин олган. Зотан, араб тилидаги “салм”, “силм”, “салом”, ва “ислом” сўзлари бир ўзакдан чиққан, турли маънодаги сўзлар бўлсада, айнан бир мақсадга йўналтирилгандир.
Бандага берилган неъматларнинг қадрига етишда ва уни асрашда, бизга пайғамларларнинг отаси бўлган, Иброҳим алайҳиссалом ўрнак бўлиб келган. У зот ўз даврида Маккага тинчлик, унинг аҳлига ризқ сўрагани сўзимизнинг ёрқин мисолидир: “Ибрoҳим: “Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли) мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин” деди” (Бақара сураси,126-оят).
Аллоҳ таоло бу орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўтган пайғамбарлар ҳаётидан хабардор қилиш баробарида, улар сўраган нарсаларни ҳам билдириб, шунга чақирган.
Бу неъатлар бардавом бўлиши учун ҳам инсондан шукр ва қадрлаш талаб этилади. Тинчлик ҳукм суриб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш эса, муқаддас динимиз буюрадиган ишлардан. Шундай экан, инсон ким бўлишидан қатъий назар, ўзи яшаб турган, Аллоҳ неъмат қилиб берган Ватани, унинг зилол сувлари, ҳавоси, нози неъматлари ва бошқа барча шароитларига шукр қилиб, уни зиёда бўлишини сўраб дуо қилиши лозим.
Бугун дунёда тинчлиги, хотиржамлигини йўқотганлар қанча. Буларни кўриб, эшитиб турганлар ибрат олиб, хулосалар чиқариб, ўзлари учун инъом қилинган тинчлик ва хотиржамликни қадрлаб, асраб авайлаши лозим.
Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, хотиржамликни сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж, ҳамлалардан, фитна ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, ғарзли ва манфур кимсаларнинг макрларига учмасдан, ёш авлодни ҳам улардан хабардор қилиб, ислом таълимотининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Бу хусусида Аллоҳ таоло бундай деган: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2-оят).
Хулоса қиладиган бўлсак, динимизнинг тинчлик ва хотиржамликка бўлган эътибори нечоғлик катта, ҳамда бағрикенглик унинг негизи экани яққол намоён бўлади. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса Аллоҳга янада кўпроқ шукр қилишга ундайди.
Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига ҳам боғлиқ. Ёши улуғ нуроний отахон ва онахонларимиз ушбу икки улуғ неъматнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари шундан. Аллоҳ таоло юртимиз тинчлиги ва хотиржамлигини барқарор, бардавом, халқимиз ҳаётини бундан-да фаровон қилсин.
Исомиддин АҲРОРОВ