Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Август, 2026   |   25 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:53
Қуёш
05:25
Пешин
12:34
Аср
17:27
Шом
19:37
Хуфтон
21:06
Bismillah
08 Август, 2026, 25 Сафар, 1448

Расулуллоҳ: у менинг «иккинчи онам»

06.01.2018   10491   5 min.
Расулуллоҳ: у менинг «иккинчи онам»

Умму Айман розияллоҳу анҳо асли ҳабашистонлик бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг отаси Абдуллоҳнинг хизматчиси эди. Асли исми Барака бинти Саълаба, олдин Ҳазраж қабиласидан Убайд ибн Зайд никоҳида бўлган. Айман исмли ўғли боис уни “Умму Айман” деб чақиришарди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёга келганларида, биринчи бўлиб қучоғига олган меҳрибон аёл Умму Айман розияллоҳу анҳо эди. У муборак чақалоқни ўзгача меҳр билан парвариш қилган. Ҳалима онамиз ёш Муҳаммадни оналарига қайтариб берганидан кейин Умму Айман у зотга ҳам хизматчилик, ҳам энагалик қилди.

Ўша йиллари ҳазрат Омина Ясрибга бориб, эри Абдуллоҳнинг қабрини ва у ердаги қариндош-уруғларини зиёрат қилмоқчи бўлади. Ўғли Муҳаммад билан хизматчиси Умму Айманни олиб йўлга чиқади ва бир ойча Ясрибда туриб қолади.

Умму Айман бундай ривоят қилади: «Бир куни яҳудий олимларидан икки киши ёнимга келиб: “Аҳмадни олдимизга олиб келгин, бир кўрайлик”, дейишди. Мен Аҳмадни чақирдим, унга диққат билан назар солиб, қараб чиқишгандан сўнг улардан бири: “Бу бола кутилаётган охирзамон пайғамбари бўлиши мумкин, у кейинчалик бу шаҳарга ҳижрат қилиб келади. Оламшумул ҳодисалар юз беради», деди. Шу воқеадин кейин Умму Айман бошига бир хафалик тушмасин, деган ташвишда бу севимли боланинг ёнидан ҳаргиз айрилмади.

Қайтиш вақти келганида учовлари Макка томон йўлга чиқишди. Абво қишлоғига етганларида ҳазрат Омина оғриб қолди. Шу ерда бир неча кун дам олиб, соғайганидан кейин йўлга чиқмоқчи бўлишди. Лекин ҳазрат Оминанинг касали кундан кун оғирлашди. Умму Айман бир тарафдан Оминага хизмат қилса, яна бир тарафдан ёш Муҳаммад алайҳиссаломга қарар, ундан кўзини узмас эди. Икки дунё­ қуёши – бўлажак Пайғамбаримиз онасининг қийналаётганини кўриб, унсиз йиғлардилар.

Омина ҳам дард оғриғини унутиб: “Болам етим қоладиган бўлди”, деб ёлғизгина ўғлини ўйлар эди. Дарди оғирлашиб, касали кучаяверди. Ниҳоят она: “Ўғлим! Ҳар бир жон ўлади, ҳар бир янги нарса эскиради, ҳар бир гул қуриб тўзийди, менинг ҳам умрим тугаб боряпти”, деди ва ўғлини энг олдин Аллоҳга, сўнг Умму Айманга омонат қилиб, фоний дунёдан кўз юмди.

Ҳазрат Омина дафн қилинганидан сўнг Умму Айман бўлажак пайғамбарни бир туяга ўтқизиб, ўзи бошқа туяга миниб, чўл-саҳролар, тоғ-тошлардан ўтиб, машаққат билан Маккага етиб келди, Қурайш улуғи Абдулмутталибнинг уйига тушди.

Умму Айман жонидан ҳам кўпроқ яхши кўрадиган Муҳаммад алайҳиссалом улғайиб, оилали бўлгунларича онасидек меҳрибонлик, фидокорлик кўрсатди. У зот ҳам энагасини ҳаргиз унутмай, ҳар доим йўқлаб, хабар олиб турдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уни «иккинчи онам» деб алоҳида ҳурмат қилар, жаннат аҳлидан эканининг хабарини берган эдилар.

Умму Айман розияллоҳу анҳонинг эри вафот этиб, тул қолди. Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни саҳобалар билан ўтирганларида: «Жаннат аҳлидан бўлган аёл билан оила қуришни хоҳлаган киши Умму Айманни никоҳига олсин», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу таклифини асраб олган ўғиллари Зайд ибн Ҳориса қабул қилди. Пайғамбар алайҳиссалом Умму Айманни саҳоба Зайдга никоҳлаб бердилар. Икковларидан Исломнинг энг ёш қўмондони, улуғ саҳобий Усома ибн Зайд­ розияллоҳу анҳу дунёга келди.

Умму Айман розияллоҳу анҳо Аллоҳ таолога таваккал қиладиган, сабрли аёл эди. Энг қийин вазиятда ҳам умидсизликка тушмас, Аллоҳ таолонинг раҳмати, мадади келишига ишонарди.

Бир куни Умму Айман сафарга чиқиб, Равҳа деган жой яқинида дам олгани тўхтади. Қаттиқ чанқаган, бир қултум ҳам суви қолмаган эди. Шундай ҳолсизланиб турганида, осмондан оқ арқонга боғланган бир челак осилиб тушганини кўрди. Челак тўла муздек тотли сув экан, қонгунича ичди. Чанқоғи босилиб, роҳатланди. Кейинчалик Умму Айман бу воқеани баён қиларкан: «Шу сувдан ичганимдан сўнг ҳаргиз чанқоқ нималигини ҳис қилмадим», дейди.

Саййида Умму Айман розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни катта қилгани учун ўз боласидек кўриб, ўрни келганида койиб ҳам қўярди. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг сўзини ҳаргиз оғир олмаганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан кейин ҳазрат Абу Бакр бир куни ҳазрат Умарга: “Умму Айманни зиёрат қилиб келайлик, Пайғамбар алайҳиссалом уни зиёрат қилиб турардилар”, деди. Умму Айман уларни кўриб, йиғлади. Абу Бакр ва Умар: “Нега йиғлайсиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг даргоҳида эканлари яхшироқ эмасми?” деб тасалли бермоқчи бўлишди. Умму Айман: “Мен Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг Аллоҳ таоло даргоҳида экани яхшилигини билмаганим учун эмас, ваҳий тушмай қолгани учун йиғлаяпман”, деди. Унинг бу сўзи Абу Бакр ва Умар розийаллоҳу анҳумларни ҳам қаттиқ ҳаяжонга солди, улар ҳам йиғлашди.

Аллоҳ таоло Умму Айман розияллоҳу анҳога узоқ умр ато қилди. У уч улуғ саҳобий бошқарган даврларни кўрди. Ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳу даври бошланган йили вафот этди.

“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ислом ўрта махсус билим юрти талабаси

 Мадина ҚОСИМОВА

тайёрлади.

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ҳиндистонлик генерал: «Усмон Мусҳафи мен учун энг таъсирли экспонат бўлди»

06.08.2026   8643   2 min.
Ҳиндистонлик генерал: «Усмон Мусҳафи мен учун энг таъсирли экспонат бўлди»

Ҳиндистон Республикаси Мудофаа вазирлиги котибияти бошлиғи, генерал Динеш Кумар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Марказ билан танишув давомида меҳмон, айниқса, Усмон Мусҳафини кўриб чуқур таассурот олганини таъкидлаб, уни бу ердаги энг ноёб ва унутилмас ёдгорликлардан бири, дея эътироф этди.


Ташриф чоғида генерал Динеш Кумар музейнинг бой экспозициялари билан батафсил танишди. У исломгача бўлган давр цивилизацияси, Ислом цивилизациясининг тараққиёт босқичлари, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларига бағишланган галереялар, буюк алломаларнинг ҳаёти ва илмий мероси, нодир қўлёзмалар ҳамда замонавий рақамли технологиялар асосида яратилган интерактив экспозицияларни катта қизиқиш билан кўздан кечирди.

Меҳмон экспозициялар тарихий меросни замонавий музейшунослик ечимлари орқали жонли ва таъсирчан тарзда намоён этаётганини юқори баҳолади. Унинг таъкидлашича, ҳар бир галерея ўзаро узвий боғланган бўлиб, ташриф буюрувчиларга Ўзбекистон ва бутун минтақа цивилизацияси тарихини яхлит ҳолда англаш имконини беради.
 

Генерал Динеш Кумар бундай деди:

➖ Бу ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли маскан. Делегациям билан биргаликда бу ерга келиб, катта таассуротлар олдик. Марказнинг меъморий қиёфаси, экспозицияларнинг юксак савияда ташкил этилгани ҳамда исломгача бўлган даврдан тортиб бугунги кунгача бўлган тарихнинг изчил ва таъсирчан тарзда ёритилгани мени чуқур ҳайратга солди. Айниқса, замонавий технологиялар ёрдамида тарихни жонлантириш усули таҳсинга сазовор. Бу ерда ҳар бир экспозиция ўтмишни нафақат кўриш, балки уни чуқур ҳис қилиш имконини ҳам беради.

Бизга намойиш этилган Усмон Мусҳафи сўз билан таърифлаб бўлмайдиган даражада ноёб мерос экан. Бу мен учун энг таъсирли экспонат бўлди ва уни умрим давомида эслаб юраман.

Ўзбекистонга келадиган ҳар бир сайёҳ ушбу масканни албатта кўриши керак. Биз Ҳиндистонга қайтгач, дўстларимиз ва ҳамкасбларимизга ҳам бу ерга ташриф буюришни тавсия қиламиз.

 

 

Ташриф якунида генерал Динеш Кумар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази мамлакатнинг кўп асрлик тарихий ва маънавий меросини замонавий технологиялар билан уйғун ҳолда намоён этаётган, халқаро аҳамиятга эга илмий-маърифий маскан эканини алоҳида таъкидлади. 

iccu.uz

Ҳиндистонлик генерал: «Усмон Мусҳафи мен учун энг таъсирли экспонат бўлди» Ҳиндистонлик генерал: «Усмон Мусҳафи мен учун энг таъсирли экспонат бўлди»
Ўзбекистон янгиликлари