Тоғрайҳон тоғ ёнбағирлари, ўтлоқлар ва ўрмонларда ўсади. Бир юз элликка яқин тури бор. Уни тоғ қора райҳони, ўрмон ялпизи, себинак ҳам дейишади. Хушбўй, манзарали гул сифатида ҳам экилади. Табобатда унинг шохчалари, япроғи, уруғи ишлатилади. Таркибида эфир мойи, геранил ацетат, аскорбин кислота, тимол, карвакрал, ошловчи моддалар, уруғида ўттиз фоизгача мой бор. Тоғрайҳоннинг барги, гули, шохчалари пазандаликда, жумладан, бодринг, қўзиқорин, помидор тузлаб ёпишда қўлланилади. Қуритиб майдаланган тоғрайҳон ўсимлиги қуруқ меваларга, гуручга, кийимларга сепиб қўйилса, зараркунандалар келмайди.
Тоғрайҳон дамламаси иштаҳани очади, овқат ҳазмини яхшилайди. Юқори нафас йўллари шамоллаганида, асаб касалликларида яхши даводир. Ўсимликнинг дамлама ва қайнатмаси турли яраларни тузатишда ишлатилади. Рахит касалига учраган болаларни чўмилтиришда, ўткир ва сурункали меъдаичак касаллигида, ярали қуланж, ўткир ва сурункали йўтал, ўт пуфаги тош хасталигида, сафро ҳайдовчи сифатида, қорин дам бўлганида фойда беради. Томоқ оғриғида дамламаси ажойиб доридир.
Тоғрайҳондан қон босими ошганида пайсатирувчи, паришонхотирлик, буйрак ва жигар, нафас йўли, ўпка касаликларини даволаш воситалари тайёрланади. Тоғрайҳон дамламаси жиғилдон қайнаши, ҳиқичоқ, кўнгил айнашини тўхтатади.
Ўттиз грамм тоғрайҳонни бир литр қайнаган сувга солиб, икки соат дамлаб қўйинг. Сўнг эллик грам асал қўшиб, яхшилаб аралаштиринг. Ҳар куни овқатдан кейин чорак, ярим стакондан ичиб турсангиз, бу моддалар алманишувини яхшилайди, қон ҳосил бўлишига ижобий таъсир қилади.
Дамлама тайёрлашнинг яна бир усули: икки ош қошиқ майдаланган тоғрайҳонни икки пиёла қайноқ сувга солиб, оғзи берк идишда ярим соат дамланади. Сўнг докадан ўтказилади. Икки-уч ош қошиқда кунига уч-тўрт марта овқатдан ўн беш дақиқа олдин ичилади.
Чўмилтиришда: уч юз грамм тоғрайҳон уч литр сувга солинади. Паст оловда ярим соатча қайнатилади. Докадан ўтказилиб, катта идишдаги сувга солинади.
Ҳомиладор аёлларга, меъдаси ё ўн икки бармоқ ичагида яраси бор ҳамда қон босими паст кишиларга тоғрайҳон муолажалари тавсия қилинмайди.
Мирзамир МИРЗАШАРИПОВ
тайёрлади
Ҳар бир тарихий обида – халқимиз тарихи ва маданиятининг гувоҳи. Мирзачўл ҳудудида жойлашган “Ёғочли сардоба” ҳам ана шундай ноёб ёдгорликлардан бўлиб, унинг меъморий тузилиши ва муҳандислик ечими ўз даврининг илғор билимларига таянилганини кўрсатади.
– Сардобанинг гумбазсимон тузилиши, 15 метрлик ички диаметри ва 12 метр баландлиги уни нафақат амалиётда самарали, балки архитектура жиҳатдан ҳам ўзига хос намуна сифатида намоён этади. Ердан икки метр баландликдаги туйнуклар, салқинликни сақловчи вентиляция тизими, симметрияли қурилиши ва девор қалинлигининг юқорига кўтарилган сари юпқалашиб бориши – буларнинг барчаси сардобанинг бетакрорлигигидан далолат беради,– дейди тарихчи-археолог Солижон Қудратов.
Сардобага арксимон кириш қисми орқали ғиштли зинапоялардан фойдаланиб тушилади. Кириш қисмидаги йўлакча устидан эса хизматчилар учун махсус хоналарга чиқиш мумкин бўлган айланма зинапоя қурилган.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётган бир пайтда “Ёғочли сардоба” ҳам қайта тиклаш ишлари доирасида ўрганилмоқда. Баъзи реконструкция ишлари бошланган бўлса-да, маълум техник ва молиявий сабабларга кўра, қурилиш вақтинча тўхтаб қолган.
– Энди бу масканни тўлиқ таъмирлаб, туристик маршрутларга қўшиш, атрофида дам олиш масканлари, сув йўллари, маҳаллий ҳунармандчилик объектларини ривожлантириш режалаштирилган. Бунда давлат-хусусий шериклик асосида ёш тадбиркорларни ҳам жалб этиш кўзда тутилмоқда, – дейди Сирдарё вилоят ҳокимининг ўринбосари Шоҳруҳ Исоқулов.
“Тошкент – Самарқанд – Бухоро” магистраль йўли бўйлаб жойлашган “Ёғочли сардоба” ҳозирнинг ўзидаёқ саёҳатчилар диққатини ўзига тортмоқда. Шу боис, яқин истиқболда бу иншоот нафақат тарихий ёдгорлик, балки маданий-маърифий тадбирлар ўтказиладиган, маҳаллий ва халқаро туризмни қўллаб-қувватлайдиган муҳим марказга айланиши, шубҳасиз.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири