Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Июн, 2025   |   29 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:06
Қуёш
04:51
Пешин
12:31
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
25 Июн, 2025, 29 Зулҳижжа, 1446

Ривоят асосида ёзилган тафсир (1-мақола)

29.12.2017   8890   5 min.
Ривоят асосида ёзилган тафсир (1-мақола)

“Тафсиру маъсур” деганда, бирор оятнинг маъносини бошқа оят ёки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари билан, саҳобий ёки тобеиндан нақл қилинган сўз билан баён этиш тушунилади. Бу ерда тобеин сўзини – агар уламолар ўртасида тобеиннинг фикри раъй дейилиши ёки маъсур дейилиши ихтилофли бўлса ҳам қўшиб қўйилди. Чунки  Ибн Жарир сингари баъзи муфассирлар тафсири маъсурда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ва саҳобалардан қилинган ривоятлар билан кифояланмасдан, балки тобеинлардан қилинган ривоятларни ҳам келтирганлар.

Тафсири маъсурнинг вужудга келиш даври икки босқичдан иборат: биринчиси, ривоят даври бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларига Қуръони каримнинг баъзи оятлари маъносидаги махфийликни очиб берганлар. Уни саҳобаи киромлар зеҳнларида сақлаб, оғизма-оғиз бир-бирларига, кейинчалик тобеинларга етказганлар. 

Ўз навбатида, Қуръони каримнинг баъзи оятлари маъносини саҳобалар ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганларига қўшимча эҳтиёжга мувофиқ ижтиҳод қилиб тафсир қилганлар. 

Тобеинлар ҳам ўз даврида оятлардаги баъзи махфийликни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ва саҳобалардан қилинган ривоятлар устига ўзлари ҳам ижтиҳод ва раъй билан халққа тушунтирганлар.

Тафсирдаги шундай ўзгариш ва кенгайиш табааъ тобеинларнинг (тобеинлардан кейинги авлод) даврида ҳам давом этди.

 Иккинчиси тадвин давридир. Бу даврда биринчи бўлиб тафсири маъсур (ривоятлар асосида тафсир) ёзилди. Лекин бу даврда ёзилган тафсир алоҳида китоб бўлмасдан, балки ривоят қилинган ҳадислар китобининг бир боби сифатида ёзилган эди. Қуръон тафсирини бир боб сифатида бўлса ҳам биринчи ёзган киши Мадина имоми Ал-имом Молик ибн Анас Ал-Асбаҳий эди.

Кейинчалик ҳадисдан тафсир ажратилди ва алоҳида китоб сифатида ёзилди. Қуръони карим тафсирини алоҳида китоб шаклида биринчи бўлиб ёзган киши Али ибн Абу Талҳа бўлиб, уни Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилинган ривоят асосида ёзди.

Кейин Қуръоннинг бир жузъига тафсир ёзилди, унинг муаллифи Абу Равқ, ундан кейин эса уч жузъига Ибн Журайждан қилинган ривоят асосида Муҳаммад ибн Савр тафсир ёзди.

Ибн Жарирнинг ёзган тафсири эса тафсири маъсурнинг энг мукаммали бўлди. Вақт ўтиши билан тафсири маъсурда ҳам иснодсиз ривоятлар қилиш бошланиб кетди ва саҳиҳ ривоят билан носаҳиҳни ажратиб бўлмай қолди, ҳатто бу нарса ёлғон ривоятларнинг кўпайишига ҳам сабаб бўлди.

 Юқорида айтилганлардан маълумки, тафсири маъсур Қуръони карим оятини Қуръон ояти, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати, саҳоба ёки тобеинларнинг ривояти билан тафсир қилишдан иборатдир. Шундай экан, Қуръонни Қуръон билан ёки ҳадис билан қилинган тафсир шубҳасиз қабул қилинади.

Агар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилган ривоятларнинг исноди ёки матни заиф бўлса, уни қабул қилинмайди, яъни мардуддир. 

Аммо саҳобалар ва тобеинлардан ривоят қилинган ҳадислар билан тафсир қилинга бўлса, уларга халал аралашган бўлади ва заиф саналади. Чунки тафсир китобларида саҳобийлар номидан ривоят қилинган кўплаб ҳадислар борки, улар саҳиҳ эмасдир. Айниқса Ибн Аббос розияллоҳу ва ҳазрат Али розияллоҳу анҳу номларидан жуда кўп ёлғон ҳадислар ривоят қилинган. Шунинг учун Имом Шофеий роҳимаҳуллоҳ: “Ибн Аббосдан тафсир ҳақида юзтача ҳадис ривоят қилинган, холос” деганлар. Демак, Ибн Аббос розияллоҳу номларига нисбат берилиб, жуда кўп ҳадислар тўқилган. Тафсири маъсурнинг заиф саналишига учта сабаб бор:

  1. a) Тафсирда мавзуъ (ривоятга асосланилмаган, тўқилган) гапларнинг пайдо бўлиши;

Тафсирда мавзуъ гапларнинг пайдо бўлиши, уларнинг ҳадисда пайдо бўлиши билан бир вақтда бошланди. Чунки тафсир билан ҳадис бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлиб, улар бир-биридан мустақил бўлиши мумкин эмас. Шунингдек, ҳадисда саҳиҳ, ҳасан, заиф, ровийлари орасида ишончли, шубҳали, ёлғончилари бўлганидек, тафсирда ҳам ва муфассирлар орасида ҳам шундайлари бор.

Мавзуъ ҳадис ва тафсирларнинг пайдо бўлиши ҳижратнинг қирқ биринчи йилидан бошланди. Бу даврга келиб  мусулмонлар сиёсий жиҳатдан бир неча фирқага бўлиниб кетган эдилар. Бунинг устига қалби куфр билан тўла, аммо зоҳирда ўзини мусулмон ва динпарвар қилиб кўрсатувчи кимсалар пайдо бўлиб, бундай тафриқа замони уларнинг ғаразли мақсадларини амалга оширишга, динда бузғунчиликни кўпайтиришга, дин аҳлларини йўлдан оздиришга қулай имконият яратиб берди. Натижада кўплаб ботил ривоятлар тўқилди, бу ривоятларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳоба розияллоҳу анҳумларга нисбат берилди. Масалан: шиалар ўз мазҳабларининг афзал эканини тушунтириш ва ҳазрат Алига нисбатан кишилар қалбида муҳаббат пайдо қилиш, хаворижлар эса “аҳли сунна вал-жамоа”ни айблаш мақсадида Қуръондан бирор оятни далил келтиришга зўр бериб уринар, бунинг учун эса ривоятлар тўқиб, бу ривоятларнинг нисбатини ишончли бўлсин учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ёки бирор саҳобийга боғлаб айтар, мақсади эса бидъат ва хурофот тарқатишдан бошқа нарса эмас эди. Айниқса, мавзуъ ривоятларнинг жуда кўпи ҳазрат Али розияллоҳу анҳуга ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга нисбат берилган эди. Бу икки улуғ саҳоба Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтларидан бўлгани учун мусулмонлар ҳеч шубҳа қилмасдан ишонардилар. Аммо эътибор бериб қаралса, Али розиҳяллоҳу анҳуга фақат шиалар, Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга фақат аббосийлар шундай нисбат берганлар. 

 

Азизхўжа ИНОЯТОВ,

Бухоро туманидаги “Чаҳор Бакр” жоме масжиди имом-хатиби

Қуръони карим
Бошқа мақолалар

Офтобда ўтирманг!

23.06.2025   7072   4 min.
Офтобда ўтирманг!

Ер юзига энг яқин бўлган юлдуз — Қуёш барча мавжудотлар, жумладан, инсонлар учун ҳаётий муҳим сайёрадир. Қуёш барча органик молекулалар ҳосил бўлишида иштирок этиб, инсонлар ҳам қуёш нурисиз яшай олмайди.

Қуёш нури триптофан аминокислотасининг серотонин гормонига айланишида ёрдам беради. У бизга қувонч ва ўзимизга ишонч туйғусини беради, кайфиятимизни кўтаради. Серотонин кучли антидепрессант бўлиб, мия, мушаклар ва ички органлар фаолиятини яхшилайди.

Қуёш нури орқали турли касалликларга даво топиш мумкин, жумладан, иммунитети пасайган, уйқусизлик, гормонал касалликлар ва мавсумий аффектив касалликларга чалинган одамлар учун қуёшда тобланиш фойдали бўлади.

Бундан ташқари, қуёш ултрабинафша нурларининг яна бир муҳим хусусияти мавжуд: у тери ҳужайраларида D витамини ишлаб чиқаришда фаол иштирок этади.

D витамини организмга калцийнинг сўрилиши учун зарур элемент ҳисобланади. У остеопороз ривожланишининг олдини олади, суяк тўқималарининг тикланишига ёрдам беради ва болаларда суяклар деформацияси ва ўсиш билан муаммоларнинг олдини олади.

Қуёш нури депрессиядан қутқаради, ундан ҳосил бўладиган D витамини нафас олиш ва гормонал касалликларнинг олдини олади ва кексайганда деменция ва атеросклероз ривожланишидан ҳимоя қилади.


Аммо узоқ муддатга қуёш нурлари остида қолиш танага зарар етказади.

Қуёш нурлари биринчи навбатда тери ва кўзларга таъсир қилади. Хусусан, ёз фаслидаги ўта иссиқ ҳаво шароитида терининг қуёш нурига сезгирлиги ошади ва фотодерматит касаллиги юзага келади.

Ортиқча қуёш нури иммунитетни заифлаштиради ва тери ҳужайраларида мутацияга сабаб бўлади. Бу эса ўз навбатида тери саратони — меланома, ретинобластомага олиб келади.

Қуёш остида узоқ қолиш ҳомиладор аёллар учун хавфлидир. Чунки ортиқча нурланиш ҳомила ривожланиши учун муҳим бўлган B9 витамини, яъни фолий кислотаси миқдорини камайтиради.

Офтоб нурларининг салбий таъсирларидан яна бири, томирларни кенгайтириши ва оёқларда варикоз, юзда эса ингичка томирларнинг ёрилишидан келиб чиқувчи қизил доғлар пайдо бўлишига сабаб бўлишидир.


Қуёш нурлари кейинчалик терининг барвақт қаришини келтириб чикаради. Чунки бу нурлар теридаги тўқималарни бўшаштиради ва у тезда қуришиб-буриша бошлайди.

Ҳар йили қуёшнинг ультрабинафша нурлари таъсиридан тери саратони касалига учраб минглаб инсонлар ҳаётдан кўз юммоқда.

Ёш болалар учун қуёшда юриш янада хавфлидир. Болалик ва ёшлик чоғида кўп қуёшда қорайганларда ёши ўтгандан кейин тери саратони касалига учраш эҳтимоли ортади.

Айниқса, қорайишни “соғлик аломати” деб билувчилар, болалик чоғидаёқ кейинги йилларда тери саратони бўлишига кифоя қиладиган миқдорда қуёшнинг салбий таъсирини олишга улгурган бўладилар. Ёз мавсуми тугаши билан тана ранги очилишига қарамай, ультрабинафша нурлари таъсири кетмайди.


Қуёшнинг зарарлари ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини 14 аср аввал бундай огоҳлантирганлар: “Офтобда ўтирманг. Офтобда ўтириш киши танасини бузиб, куритади. Яъни, намлигини тортиб олади, терисини бузади. Териси қуриб, кийими ҳам эскиради. У инсон баданидаги яширинган касалликларни юзага чиқаради”.


Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “...Албатта, ҳароратнинг шиддати жаҳаннамнинг қайнаб чиққан иссиғидандир”, деганлар.

Шунинг учун, жазирама иссиқ кунларда офтоб остида кўп қолишдан сақланинг ҳамда кўпроқ “Аллоҳумма, ажирний минан-наар” (Аллоҳим, мени дўзахдан сақлагин) деб дуо қилишни унутманг!

 

Даврон НУРМУҲАММАД