Ҳазрат Жунайд Бағдодий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: Аллоҳнинг йўлида юриш учун шу нарса зарурки, бир қўлда Аллоҳнинг китоби бўлсин ва иккинчи қўлда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари бўлсин. Шу иккиси қўлида бўлган банда, албатта, Аллоҳ таолога етишади.
Боязид Бистомий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Аллоҳга етишишнинг йўллари халойиқнинг нафаслари ададичадир“. Бироқ, Аллоҳга етишишнинг барча эшиклари ёпилгандир. Фақат бир эшик очиқ ва у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш эшигидир. Яъни, кимки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашса, айнан ўша Аллоҳга етишади.
Ҳазрат Мавлоно Шоҳ Фазлурроҳман раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Келинг, биз сизга бир ноёб усулни айтиб берайлик. У шуки, биз нима иш қилсак ҳам, унда суннатга диққат қилайлик. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари деб билиб, қачонки, таом есак, у ҳолда чўккалаб ўтириб ёки бир оёқни кўтариб (тиззани букиб) ейлик. Худди шундоқ ухлаш учун ётсак, ўнг ёнгбош тарафга қараб ётайлик, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир. Айни шундай ҳар ишни қалбда бу Аллоҳнинг Ҳабибининг суннати деб ҳозир қилиб қилайлик. Бир неча кун шундай қилиб олсин, шунда у комил валий бўлиб кетишига, мен масъулман. “Бас, менга эргашинг”нинг маъноси айнан шудир.
Манбалар асосида
“Ҳазрати Али” жоме масжиди имом ноиби
Абдулқаййум КОМИЛ
тайёрлади.
Савол: Мен қорин тарафдан операция бўлдим ва қорнимнинг 25 см жойи тикилди ва бинт қўйилган. Докторлар сув текса йиринглайди умуман сув тегмасин дейишди. Эҳтилом бўлиб қолсам ё аёлим билан қўшилсам, қандай ғусл қиламан? Ҳамма еримга сув теккизиб, бинт турган жойига масҳ тортсам ғуслим ўтадими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳа, сиз айтган кўринишда ғуслингиз дуруст бўлади. Ислом динининг асосий тамойилларидан бири зарарни даф қилишдир. Шунинг учун ибодатларда бу нарсага алоҳида эътибор берилган. Жумладан, таҳорат ва ғусл қилувчига сув ҳолатни оғирлаштирадиган ўринларда таяммум қилишга рухсат берилган. Бунда қоида шуки, баданининг аксар қисмига сув теккизиш беморликка сабаб бўлса ёки касалликни тузалишини ортга суриб юборадиган бўлса, шунда ғусл қилмасдан таяммум қилинади. Шунинг учун баданнинг ярмидан кўпроқ қисмига сув ишлатиш имкони бўлса, ўша жойлар тўлиқ ювилади, қолган қисмига масҳ тортилади. Валлоҳу аълам!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.