Табобатда ошқовоқ “митти дорихона” дейилса, уруғи шу дорихонанинг юраги ҳисобланади. Унда инсон организми учун зарур деярли барча моддалар мавжуд. Айниқса, бошқа мева ва сабзавотларда кам учрайдиган рух моддаси ошқовоқ уруғи таркибида кўп. Бу модда танада етишмаса, янги ҳужайралар, жумладан, қувват ҳужайралари шаклланмайди, шикастланганлари қайта тикланмайди, одам тез қарийди. Айниқса, болалар ва ўсмирларда ақлий ва жисмоний ривожланиш сустлашади, бепуштлик юз бериши мумкин. Мутахассислар фикрича, танасида рух миқдори етарли кишилар ичкиликка берилишдан анча ҳимояланган бўларкан.
Қовоқ уруғи ёш болалар ичагида урчийдиган тасмасимон ва думалоқ гижжалар, аскарида ва остритсаларга қарши энг фойдали восита ҳисобланади. Олдинлари уруғ чақилиб, шундоқ ейилган. Кейинчалик уруғ кукун, қайнатма ва ёғ ҳолида ҳам истеъмол қилинадиган бўлди.
Тозаланган ва қуритилган, лекин қовурилмаган 150–300 грамм қовоқ уруғининг мағзи ҳовончада туйилади. Бунда мағизни қоплаб турган кулранг-кўкимтир парда сақланиши керак. Чунки гижжаларни йўқотувчи кукурбитин ва танага қувват бўлувчи руҳ асосан шу парда таркибида бўлади. Сув қўшиб, бўтқа қилинади. Унга озроқ асал ёки қиём ҳам қўшиш мумкин. Эрталаб оч қоринга бир чойқошиқдан ичилади. Уч соат ўтгач, ич сурувчи дори берилади. Кейин ҳуқна қилинади.
Уруғдан қайнатма тайёрлашда 120-150 грамм мағзи янчилиб, устига икки баробар миқдорда сув қуйилади. Қайнар ҳолатга етказмасдан, икки соат тутиб турилади. Тўппаси сиқиб олинган сувли малҳам бир чойқошиқдан ичилади. Қовоқ ёғи юқумли касалликларга чидамлиликни оширади, ўпка ва нафас йўли яллиғланишининг олдини олади, ички аъзоларни тозалайди, буйрак, қувуқ ва жигар ишини яхшилайди. Сариқ, жигар қуруши, ошқозон-ичак, тери касалликлари ва чиллаярани (экзема) даволашда ишлатилади. Тери қуришининг олдини олади, кўз касалликлари, масалан, узоқни кўра олмаслик нуқсонида тавсия этилади. Эркакларда учрайдиган простатитни ва простата бези аденомасини даволашда муҳим восита ҳисобланади.
Касалликларни даволашда қовоқ ёғини овқатланишдан ярим соат олдин ёки икки соат кейин бир чойқошиқдан уч маҳал ичиш керак. Ўттиз-қирқ беш кун ичилгач, икки ой танаффус қилинади. Сўнг шу йўсинда яна қайта ичиш тавсия этилади. Қовоқнинг қуритилган ва янчиб майдаланган банди қайнатмаси икки чойқошиқдан кунига уч мартадан ичилса, сийдик ҳайдаб, бадан шишини кеткизади.
Қовоқ гули қайнатмаси эса қанд касалида бўғимларда ҳосил бўладиган ҳамда асаб билан боғлиқ (трофик) яраларни битирувчи хусусиятга эга. Бунда қайнатма латта ёки пахтага шимдирилиб, яра устига қўйилади. Сояда қуритилган гул кукуни жароҳатга сепилса, фойда қилади. Малҳамни тез тайёрлаш мақсадида қовоқ гулини сўлитиб, духовкада қуритиб олиш ҳам мумкин.
ЎМИ Матбуот хизмати
Савол: Ҳозирги кунда айрим одамлар қабристонлардан ўзлари, оиласи учун ер сотиб олиб, сағана қилдириб қўйишмоқда. Бу ишлари тўғрими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Қабристонлар омма фойдаланиши учун ҳукумат тарафидан берилган умумий жой ҳисобланади, ҳеч кимнинг шахсий мулки эмас.
Шунга кўра унга кимдир эгалик қилиши, у жойдан ер сотиши ёки сотиб олиши мумкин эмас. Биздан аввалги авлодлар, ота-боболаримиз қабристондан бирор нарсани олишга, ҳатто қуриган гиёҳ олишдан ҳам чўчиганлар.
Ҳозирда ҳам айрим одамлар қабристондаги мева ва ўт-ўланлардан фойдаланиш ҳақида кўп савол беришлари бежизга эмас, ана шу ҳадикдан пайдо бўлган. Аммо минг афсуски, айрим одамлар томонидан кимлар биландир тил бириктириб, ер сотиб олиш ҳолати оз бўлса-да, пайдо бўлмоқда. Бундан эҳтиёт бўлиш лозим. Чунки бу ноҳақдан ер олиш ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ огоҳлантириб, бундай деганлар: “Ким бир қарич ерни ноҳақдан олса, қиёмат куни уни етти қават ер ютади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир қарич ерни зулм ила олса, қиёмат куни унинг бўйнига етти қават ер осиб қўйилади”, деганлар (Муттафақун алайҳ).
Бу ишнинг қанчалик оғир эканини тушунмаган одамлар турли воситалар билан бир қарич бўлса ҳам бировнинг ерини ўзига қўшиб олишга ҳаракат қиладилар. Исломда бу иш зулм ҳисобланади ва катта гуноҳ сифатида қораланади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.