Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Май, 2025   |   21 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:24
Қуёш
05:01
Пешин
12:25
Аср
17:27
Шом
19:42
Хуфтон
21:12
Bismillah
19 Май, 2025, 21 Зулқаъда, 1446

Садақанинг биз билган ва билмаган турлари

27.12.2017   6632   4 min.
Садақанинг биз билган ва билмаган турлари

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қуёш чиқадиган ҳар бир кунда инсонларнинг бўғимлари учун садақа бор. Икки киши ўртасида адолатли бўлмоғинг садақадир. Кишига улови борасида ёрдам бериш, минишига кўмаклашиш ёки юкини кўтариб олиб беришинг садақадир. Яхши сўз садақадир. Намоз сари босилган ҳар бир қадаминг садақадир. Йўлдан озор берадиган нарсани олиб ташлашинг садақадир” (Имом Бухорий ривояти).

Ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саломатлик ва аъзоларни бут экани буюк неъмат эканига ишора қилмоқдалар. Шунингдек, ҳар куни инсон аъзолари учун Аллоҳ таолога шукр айтмоғи лозимлиги тушунилади.

Шукрнинг баъзиси вожиб, бошқаси эса мустаҳаб бўлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) буни умумий тарзда садақа деб номладилар. Чунки шукрни садақа сифатида қабул қилиниши Аллоҳ таолонинг фазлидир.

Садақа қалбдаги имоннинг чин эканини тасдиқловчи эзгу амалдир. У ҳадисда зикр қилинганидек ижтимоий, маънавий ва маданий кўринишлардa ҳам намоён бўлади.

Хусуматлашганлар орасида одилона ҳукм чиқариш ва уларни ўзаро яраштириб қўйиш динимиз буюрган муҳим амал. Чунки Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Албатта, мўминлар (динда) ўзаро биродардирлар. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд, раҳм қилинсангиз” (Ҳужурот, 10).  Бу борада Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Сизларга (нафл) намоз, (нафл) рўза, ва (нафл) садақанинг даражасидан ҳам афзал амални айтайми?” дедилар. (Саҳобалар): “Ҳа”, дейишди. У зот: “Орани ислоҳ қилиш”, дедилар. Зеро, бу амал хусумат ортидан келиб чиқиши мумкин бўлган турли кўнгилсизликларнинг олдини олади.

Одамларга ёрдам бериш совобли иш. Ҳадисда уловга минишга ёки матосини ортишга кўмаклшиш зикр қилинди. Бундан бошқаларга берилган кичик ёрдам ҳам эътиборли экани тушунилади. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким мўминнинг дунё машаққатларидан бирини кетказса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унинг ташвишларидан бирини аритади. Ким қийналган кишининг ишини енгиллатса, Аллоҳ таоло унга дунё ва охиратда енгиллик беради. ...” дедилар (Имом муслим ривояти). 

Яхши сўзнинг қамрови кенг. Тавҳид калимасини айтиш, саломни ошкор этиш, алик олиш ва одамлар билан хушмуомалали бўлиш яхши сўздир. Шунингдек, Аллоҳ таолони ёдга олиш, дуо қилиш, яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтариш, маслаҳат сўраган кишига тўғри йўлни кўрсатиш эзгу сўздир. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: (Ҳар бир) ёқимли сўз Унинг ҳузури сари чиқур. Солиҳ амални эса, (Аллоҳ Ўз даргоҳига) кўтарур” (Фотир, 10).

Ҳадисда “Намоз сари босилган ҳар бир қадам”, деб таржима қилинган қисмидан мурод намозни жамоат билан адо этиш мақсадида масжидга боришдир. Масжид сари босилган қадам туфайли савоблар кўпаяди, хатолар ўчирилади, охиратда даража кўтарилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло хатоларни ўчириришига ва даражаларни кўтарилишига сабаб бўладиган амални айтайми?” дедилар. (Саҳобалар): “Ҳа”, дейишди. У зот: “Қийинчиликда ҳам таҳоратни мукаммал қилиш, масжид сари кўп юриш, намоздан сўнг намозни кутиш”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Бану Салама уруғи Мадина шаҳрининг чеккасида яшар эди. Улар масжид яқинига кўчмоқчи бўлишди. Шунда “Албатта, Биз ўликларни тирилтирурмиз ва уларнинг (ўлимидан олдин) юборган амалларини ҳамда (қолдирган) асоратларини (оммага фойдали ёки зарарли ишларини) ёзиб қўюрмиз” (Ёсин, 12) ояти нозил бўлди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Босган изларингиз ёзилади. Шунинг учун кўчманглар”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Йўлдаги тош, тикон, чиқинди каби инсонларга озор берувчи нарсаларни олиб ташлаш савобли иш. Ҳатто, бу амал имоннинг шохчаларидан бири экани ҳадисларда зикр қилинган. Ҳар биримиз ушбу суннатга амал қилсак, кўчаларимизни озода тутсак, юртимиз обод, йўлларимиз равон, кўнгилларимиз нурафшон бўлади.     

 

Манбалар асосида Учкўприк тумани

бош имом-хатиби

Аҳмадхон НИЗОМОВ тайёрлади

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутий

16.05.2025   4460   5 min.
Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутий

Муҳаммад Саид ибн Рамазон ибн Умар ибн Мурод ал-Бутий 1929 йилда Усмонийлар империяси таркибида бўлган, бугунги кунда Туркия Республикаси ҳудудига кирувчи Жизре (арабча: Жазират ибн ‘Умар, курдча: Cizîrê Botan) вилоятига қарашли Жалка қишлоғида таваллуд топган. Ушбу ҳудуд тарихан бой илмий ва маданий меросга эга бўлиб, кўплаб етук шахслар, айниқса ислом олимлари билан машҳур бўлган. Жизре ҳудуди ўзининг узоқ йиллик илм-фан ва маърифат анъаналари билан ажралиб туради. Тарихий манбаларда бу ерда яшаб ўтган кўплаб олимларнинг исмлари тилга олинади. Жумладан, буюк мусулмон тарихчиси ва "ал-Камил фīът-Тарих" асари муаллифи Ибнул-Асир (1160–1233), машҳур қироат олими Абул-Хойр Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Жазарий, механика ва техника соҳасида кашшоф сифатида танилган, "ал-Жамиʻ байнаал-ʻилм вал-ʻамал ан-нафиʻ фī ṣинаʻат ал-ḥиял" асари муаллифи Абул-‘Изз ибн Исма‘ил ар-Роззаз ал-Жазарий (вафоти 1206-йил) шулар жумласидандир.

Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутий ана шундай юксак мартабали олимлардан биридир. У Ислом оламида асосан фиқҳ, даъватчилик фаолияти, асарлари ва сиёсат билан алоқаси сабабли машҳур бўлган. Унинг илмий мероси, асарлари ва илгари сурган ғоялари кўпинча Ғазолий билан қиёсланади [1].

Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутий 1934-йилда оиласи билан Суриянинг Дамашқ шаҳрига ҳижрат қилган. Улар асосан курдлар истиқомат қиладиган Рукнуддин маҳалласига жойлашадилар. Бутий болалигидан Қуръон таълимини бошлайди ва атиги олти ой ичида Қуръонни тўлиқ хатм қилади. Кейинчалик отаси бош-қошлигида турли мадрасаларда диний илмлар билан шуғулланади. 1953-йилгача Шайх Ҳасан Ҳабанка ал-Майдоний бошчилигидаги "Ат-тавжиҳ ал-исломий" коллежида наҳв, мантиқ, балоғат, усул ва бошқа диний фанларни ўрганади.

1953-йилда Мисрнинг Азҳар университети Шариат факултетига ўқишга кириб, 1956-йилда тамомлайди. 1957-йилда Ҳумус шаҳрида диний маданият ўқитувчиси сифатида фаолият бошлайди. 1960-йилда Дамашқ университетининг Шариат факултетида ёрдамчи лавозимига тайинланади. 1965-йилда Азҳар университетида "Ислом ҳуқуқида "Маслаҳа" мавзусида докторлик диссертатсиясини "Мумтаз" (жуда а‘ло) баҳоси билан ҳимоя қилади. Шундан сўнг у Дамашқ университетида профессор унвонига эришиб, ислом ҳуқуқи, фиқҳ, ақида ва сийрат фанларидан сабоқ беради.

1970-йилда дотсент, 1975-йилда профессор, 1977-йилда эса Шариат факультети декани лавозимига тайинланиб, 1993-йилгача бу лавозимда ишлайди. У араб, курд, турк ва инглиз тилларини яхши билган. Академик фаолияти давомида у китоблари, телевидения, радио ва интернет орқали кенг оммага диний таълим етказган. Унинг Дамашқдаги йирик масжидлардаги ваъзлари кўп сонли кишиларни жамлаган.

Европалик тадқиқотчи Андреас Чристманн таъкидлаганидек, диний амалларга риоя қилмайдиган ҳатто мусулмон бўлмаган кишилар ҳам унинг маърузаларига қизиқиш билдирган [2]. 2005-йилда Дубай Қуръон Хизмат Кенгаши уни "Намунали Ислом Олими" деб эътироф этган. 2012-йилда эса Иордания Қироллик Академияси томонидан тузилган энг нуфузли 500 мусулмон рўйхатида 22-ўринни эгаллаган.

Бутий ақидада Ашъарий калом мактабига эргашган бўлиб, салафийлик оқимига танқидий ёндашуви билан машҳур эди. Фиқҳий йўналишда эса Шофиъий мазҳабига мансуб бўлган.

Бутийнинг илмий фаолиятида биринчи йирик ютуғи сифатида "ад-Давабитуъл-Маслаҳа фиъш-Шари‘атиъл-Исламийя" номли докторлик диссертатсияси бўлиб, бу асар Ислом ҳуқуқидаги "Маслаҳа" масаласини чуқур таҳлил қилгани сабабли тадқиқотчилар томонидан муҳим манба сифатида қадрланади.

Унинг асл шуҳрати эса "Фиқҳус-сийра" асари орқали кенг тарқалган. Ушбу китобда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари асосида шаръий ва фиқҳий хулосалар чиқарилиб, янгича илмий услубда тақдим этилган.

Tahrirchi Bot, [16.05.2025 12:30]
Бутий 70 га яқин китоб ва кўплаб мақолалар муаллифи бўлиб, Ислом уммати муаммоларига бағишланган "Абҳас фиъл-Кимме" номли ўнта рисоладан иборат тўплами ҳам эътибор қозонган. Бу рисолаларда у муаммоларга ечимларнинг ўзини эмас, балки уларнинг асл сабаблари, хусусан, Ғарб қаршисида мусулмонларнинг ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан орқада қолиш омилларини очиб беришга интилган.

У бутун умри давомида исломий фикр, ахлоқ ва маърифатни тарғиб этишда фидокорона хизмат қилган. Афсуски, бу юксак илм ва тақво соҳиби 2013 йил 21 март куни Дамашқдаги Имом масжидида дарс бераётган пайтида шаҳид бўлди. Унинг вафоти нафақат Сурияда, балки бутун Ислом оламида чуқур изтироб билан қабул қилинди. Шу тариқа Рамазон Бутий ўзининг бой илмий мероси ва мардонавор хизматлари билан мусулмон умматининг қалбида чуқур из қолдирди.

Муҳаммаддиёр МЎМИНОВ,
Тошкент Ислом институти 402-гуруҳ талабаси.
 

[1] Mahsum Aslan. Muhammed Said Ramazan el-Bûtî’nin hayatı, eserleri, ilmî kişiliği ve fıkıhçılığı "Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутийнинг Ҳаёти, Асарлари, Илмий Шахсияти ва Фиқҳчилиғи" номли магистрлик диссертациясидан. Дижла Университети, Социал фанлар институти, Диярбакир, қисқартирма, 2014.–  Ж.1. — Б.1.

[2] Andreas Christmann. Islamic scholar and religious leader: A portrait of Shaykh Muhammad Sa’id Ramadan al-Būti “Musulmon Olim va Diniy Yetakchi: Shayx Muhammad Said Ramazon al-Butiy”, tarj. Muammer İskenderoğlu, Усул исломий тадқиқотлар журнали, Сон: 2, Июль-Декабрь, 2004. – 129-154, - Б.130.