Баъзан аёлларга хос муҳим масалаларда саволлар тушади. Жумладан, идда ва унинг моҳияти ҳақида билишни истаганлар кўп.
«Идда» сўзи луғатда «санаш», «ҳисоблаш» маъноларини билдиради. Шариатда эса, эри вафот этган ёки эридан ажрашган аёл турмуш қурмай туриши лозим муддат “идда” дейилади.
Идданинг ҳикмати: биринчидан, эридан ажраган аёл ҳомиладорми-йўқми аниқланади, бу билан насл аралашиб кетиши олди олинади. Иккинчидан, ўлган эрнинг ҳурмати бажо келтирилади. Учинчидан, эр билан бирга ўтказилган оила ҳаётининг ҳурматидан ҳам идда ўтирилади.
Англиялик олимлар бир эркак билан яшаб туриб, орада танаффус қилмай иккинчи эр билан яшай бошлаган аёлларнинг бачадонларида оғир касаллик пайдо бўлишини илмий жиҳатдан исбот қилишди.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
«Талоқ қилинган аёллар, ўзларича уч қуруъ кутадилар. Уларга Аллоҳ уларнинг бачадонларида яратган нарсани яширишлари ҳалол эмас. Агар Аллоҳга ва охират кунига имонлари бўлса» (Бақара, 228).
Ушбу оятда талоқ қилинган ҳайз кўрадиган аёлнинг идда муддати баён қилинган. Ояти каримадаги «қуруъ» сўзи поклик ва ҳайз маъноларини англатади. Ҳанафий мазҳабимизда унинг ҳайз маъноси олинган. Эридан ажралган хотин иддаси талоқдан сўнг уч ҳайз кўриб, учинчи ҳайзидан пок бўлиши билан тугайди.
Аллоҳ таоло аёлларнинг бачадонларида яратган нарса ҳомиладир. Ажралишган мўмина-муслима аёл ҳомиладор бўлса, ҳомилам йўқ, уч марта ҳайз кўрдим, деб бошқа эрга тегиб кетмаслиги лозим.
Талоқ сурасининг олтинчи оятида бундай дейилган:
«Аёлларингиздан ҳайздан умидсиз бўлганларининг иддалари, агар шубҳа қилсангиз, уч ойдир. Ҳайз кўрмаганларининг ҳам. Ҳомиладорларнинг белгиланган муддати ҳомилаларини қўйишларидир».
Ёши ўтгани туфайли ҳайз кўришдан қолган аёлларнинг талоқдан кейинги иддаси уч ой. Турли сабабларга кўра ҳайз кўрмайдиган аёл эри билан ажралишса, уч ой идда ўтиради. Ҳомиладор аёл талоқ қилинса, кўз ёриши билан иддаси чиқади.
Имом Термизий келтирган ривоятда:
«Субайъа розияллоҳу анҳо эрининг ўлимидан йигирма уч ёки йигирма беш кун ўтиб туғди. Сўнгра никоҳланмоқчи бўлди. Бу нарса унга инкор қилинди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга маълум қилинганида: “Агар эрга тегмоқчи бўлса, муддати келди”, дедилар», дейилган.
Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:
«Қачон мўминаларни никоҳлаб олсангиз, сўнг уларга (қўл) тегизмай туриб талоқ қилсангиз, сиз учун улар идда сақлаш мажбуриятида эмаслар» (Азҳоб, 49).
Никоҳ ақдидан сўнг бирга яшамай ажралишган аёл идда ўтирмайди.
Бақара сурасининг икки юз ўттиз тўртинчи оятида бундай дейилган:
“Сизлардан вафот этиб жуфтларини қолдирганларнинг аёллари ўзларича тўрт ой ўн кун кутарлар”.
Эри ўлган ҳар бир аёл умр йўлдоши ҳурмати учун тўрт ой ўн кун идда ўтириши вожиб бўлади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Осмонлару ерни яратган Зотнинг қаршисига маъсиятлар ила чиқа кўрманг, ғазабига тоқатингиз, иқобига сабрингиз ва азобига қудратингиз етмайди.
Доктор Абдул Муҳсин Аҳмад ўзининг бир қариндоши билан бўлган воқеани айтиб берди. Воқеага кўра бир йигит укасига доим “Аллоҳга ҳамд айтгин” деса, укаси: “Нима учун Аллоҳга ҳамд айтишим керак?” – дер, Яратганга бўйин эггиси келмасди.
Ахир унинг бу гапини оламлар Рабби бўлган Зот эшитиб турибди! Аллоҳ уни икки оёғи билан юрғизиб қўйибди, қанча одамлар юра олишмайди. Неча-неча инсонлар кўриш неъматидан мосуво бўлганида, унинг кўзлари кўриб турибди.
Вақт ўтиб йигит автоҳалокатга учрайди. Унинг аъзолари қаттиқ шикастланади. Операциядан сўнг доктор Абдул Муҳсин Аҳмад уни бир умр ногирон бўлиб қолганлигини, танасининг ярми ишламаслигини, аниқроғи, бир ўлимдан қолганлигини айтади.
Аллоҳ буюк! Унинг неъматлари чексиз. Биз бандалар доим шукрда бўлмоғимиз лозим. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: «...Албатта, Унинг ушлаши аламли ва шиддатлидир»[1].
Тасаввур қилинг, борди-ю, сиз дўзахийлардан бўлсангиз, у ердаги азобга чидай оласизми?! Албатта, йўқ.
Шундай экан Аллоҳга тавба қилинг! У Зотга хуш келмайдиган ишлардан қайтинг. Солиҳ амаллар ила Раббингизга яқинлашинг.
Аллоҳ берган неъматларга шукр қилинг. Гуноҳ ва маъсиятнинг кичиклигига қараманг. Аллоҳнинг буюклигини назарингиздан қочирманг.
Аллоҳ буюк! У Зот сизни кутилмаганда ушламасидан аввал қалбингизни қўрқув ила тўлдиринг. Қазоингиз яқинлашмасидан аввал покланинг. Ўлим келгандаги пушаймондан наф йўқ ва бунинг учун имкон берилмас...
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Ҳуд сураси, 102-оят.